Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида 2017 йил 9 февраль куни ўтказилган селектр йиғилишида белгилаб берилган топшириқ ва вазифалар ҳамда вилоят ҳокимининг 2017 йил 13 февралдаги 62-сонли қарори талаблари ижросини таъминлаш мақсадида туманда «Жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни» тадбирлари кенг қамровда ўтказилмоқда.

Жумладан, 11 май куни ўтказилган тадбирга ИИБ, прокуратура  ходимлари, ҳокимият вакиллари, хотин-қизлар қўмитаси, соғлиқни сақлаш, «Камолот» ЁИҲ фаоллари, имом-хатиблар, маҳалла фуқаролар йиғини раислари, диний-маърифий ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар ва маҳалла посбонлари, мактаб, коллеж ва лицей ўқитувчилари, корхона ва ташкилот, коммунал  хизмат ходимларидан иборат        жами 610 нафар киши жалб этилди.

Туман ҳокимлиги мажлислар залида туман ҳокимлиги, ҳуқуқ-тартибот, солиқ идоралари ва барча мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирокида семинар ва сайёр қабул ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоят Халқ қабулхонаси мудири С. Турғунов сўз олиб, Халқ қабулхоналарининг мақсад ва вазифалари, фуқароларнинг мурожаатларини сайёр қабулда кўриб чиқиш тартиби ҳақида кенг тушунча берди.

Семинарда жисмоний ва юридик шахсларнинг фуқаролар мурожаатлари билан ишлашни ташкил этишдаги муаммолари атрофлича таҳлил қилинди ва бу борада мутасадди ташкилотлар раҳбарларининг масъулиятини ошириш зарурлиги таъкидланди. Семинар кун тартибидаги масала юзасидан туман ҳокими Б. Юсупов, вилоят прокурори ўринбосари Б. Худойбердиев, вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари Д.Худжақулов ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.

-Жорий йилнинг шу кунигача жисмоний ва юридик шахслардан 584 та мурожаат келиб тушди,- дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг туманимиздаги Халқ қабулхонаси мудири Т. Муйдинова.-Мурожаатларнинг 229 таси ёзма, 355 таси оғзаки бўлиб, уларга ўз вақтида жавоб берилди. Ёзма мурожаатларнинг 43 таси асосли, деб топилган бўлса, 15 таси асосланмаганлиги сабаб, рад этилган, 84 нафар мурожаатга тегишли тушунтириш берилди.

Савол: - Жиноят ишларида адвокат иштироки таъминланиши шартми?             И.Ҳомидов, Косонсой шаҳри.

Саволга Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг туман бўлими суриштирувчиси О.Садритдинов жавоб беради:

- «Қўзғатилган жиноят ишлари бўйича тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишларда адвокатларнинг мажбурий иштирокини таъминлаш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 1 ва 2-бандларига биноан ҳамда «Тадбиркорлик фаолияти кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 39-моддасига мувофиқ, қўзғатилган жиноят ишлари бўйича текширишлар, уларни ўтказишнинг барча босқичларида тадбиркорлик субъектларининг ваколатли вакиллари томонидан жалб этилган адвокатлар, албатта, иштирок этган ҳолда (тадбиркорлик субъектлари томонидан ушбу ҳуқуқнинг рад этилиши ҳоллари бундан мустасно) амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонасига йўлланган мурожаатлар сайёр қабулда кўриб чиқилди.

Азал-азалдан халқимиз одамларга манфаат келтириш, дардига малҳам бўлишни чин инсоний фазилат сифатида қадрлаб келади. Жорий йилнинг Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб номланишида ҳам ана шундай мақсадлар мужассам. Ечимини кутаётган муаммоларни жойида ҳал этиш, талаб ва истакларини қондириш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар  одамларнинг давлат ҳокимиятига бўлган ишончини оширмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоят ва туман Халқ қабулхоналари томонидан сайёр қабуллар ташкил этилиб, аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотга киришилаётгани, улар томонидан кўтарилган муаммолар жойида ечим топилаётгани, юртимизда инсон манфаатларига эътибор ва ғамхўрликнинг амалдаги ифодаси бўлмоқда.

Ҳаракатлар стратегиясининг тўртинчи йўналишида ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ўз ифодасини топган.

Бунда аҳоли бандлиги ва уларнинг кундалик турмуш тарзидаги реал даромадларини изчил оширишни тақозо этади. Жумладан, меҳнатга лаёқатли аҳоли қатламига янги иш ўринларини очиш, меҳнат фаолиятининг янги шакл ва турларини жорий этиш назарда тутилмоқда.

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш орқали жамиятда соғлом турмуш тарзини янада чуқурлаштириш масалалари илгари сурилади. Шунингдек, аҳолини арзон уй-жойлар билан таъминлаш, ҳаёт шароитларини яхшилаш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани модернизация қилиш орқали узоқ истиқболни мўлжаллаган ва саодатли турмуш тарзини таъминлайдиган юксак  маданиятли яшаш шароитига эришиш чора-тадбирларини кўриш талаб этилади.

Кўплаб юртдошларимиз ҳал  этилмаган айрим масалалари, муаммолари, ариза ва шикоятлари, таклифлари ҳамда фикр-мулоҳазалари билан тўғридан-тўғри Ўзбекистон Республикасининг Косонсой туманидаги  Халқ қабулхонасига мурожаат қилмоқдалар.

Энг қувонарлиси шундаки, мурожаатлар кечиктирилмай ўз вақтида ечимини топмоқда.

-Мурожаатларда ҳаёт акс этади,-дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг туманимиздаги Халқ қабулхонаси мудири Тоҳирахон Муйдинова.-Биргина апрель ойининг ўтган даврида Халқ қабулхонасига 110та мурожаат бўлди.

Мурожаатларнинг кўплиги айрим мансабдор шахсларнинг эътиборсизлиги сабаб жойларда ҳал этилмаётган муаммолар йиғилиб қолганлигидан далолат беради. Биргина, март ойи ва апрелнинг дастлабки ўн кунлигида қилинган мурожаатларнинг аксарияти тиббий хизмат билан боғлиқдир.

Ҳафтанинг ҳар пайшанбаси «Жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни». Шу муносабат билан маҳалламизда ўтказилаётган тадбирларда туман ҳокимлиги, ҳуқуқ-тартибот идоралари, жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этиб, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, жиноятчиликнинг олдини олиш, оилавий ажримларга барҳам бериш каби масалаларда кенг кўламли тушунтириш ишларини олиб боришмоқда ва бу қисқа вақт ичида ўз натижасини бермоқда.

Хусусан, «давомот» тадбирлари ўз самарасини бериб, ҳудуддаги 25-мактабда ўқувчиларини юз фоиз дарсларга қатнашиши таъминланди. Маҳаллада жиноятчилик, ҳуқуқбузарликлар барҳам топди.

Жиноятчиликка қарши кураш ва профилактика куни муносабати билан Булоқбоши маҳалласида кенг кўламли тадбирлар амалга оширилди. Ишчи гуруҳ томонидан ҳудуддаги 26-мактаб ва Косонсой қурилиш, уй-жой коммунал хўжалиги касб-ҳунар коллежида давомот тадбири ўтказилди.

Шу куни коллежда дарсларга қатнашмаган 1-босқич ўқувчиси А. Раҳмоновнинг онаси Р. Қодирова билан мулоқотдан сўнг Асадбек бундан кейин дарсларни қолдирмасликка сўз берди.

Маҳалла аҳолиси билан мулоқотларда оилаларда ажралишларнинг олдини олиш, тўй ва бошқа маросимларни камхарж ўтказиш, аҳолини, айниқса, ёшларни тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш, уларни имтиёзли кредитлар билан таъминлаш каби масалалар атрофлича муҳокама этилди. Шунингдек, ишчи гуруҳ томонидан аҳолининг турмуш тарзи, томорқалардан унумли фойдаланиши, жиноят содир этишга мойил шахслар, нотинч оилалар ўрганиб чиқилиб, умумпрофилактик огоҳлантирув ишлари олиб борилди.

 

 

 

Гиёҳвандлик - умр заволи. Буни ҳамма билади. Аммо билиб-билмай гиёҳвандлик домига тушиб қолаётган, осон йўл билан пул топиш мақсадида наркотик моддаларнинг олди - соттисига аралашиб қолаётганлар, афсуски, учраб турибди.

Ҳуқуқий-тартибот идоралари ҳамкорлигида Чуст шаҳрида ўтказилган тадбирлардан бирида шу шаҳарда яшовчи, 1962 йилда туғилган М. Рустам 500 АҚШ доллари эвазига кўп миқдордаги 2 бўлак 15.67 грамм «гашиш» гиёҳвандлик моддасини сотаётган вақтида ушланди.

Унинг ҳамшаҳри Қ. Ислом «Назорат-харид» тадбири давомида 5 бўлак 4.09 грамм гиёҳвандлик моддасини сотаётган пайтида қўлга олинди.

Cавол: Ҳозирги кунда 14 ёшгача бўлган 2 нафар фарзандимга нафақа оламан, 2017 йил март ойида тайинланган нафақа муддати тугайди. Нафақа олишни давом эттирмоқчиман. Тушунтириш берсангиз?

А. Абдуназарова, Тергачи қишлоғи.

Саволга туман ҳокимлиги молия бўлими шўъба мудири Толибжон Рашидов жавоб беради:

-Низомнинг 11-бандига асосан, болали оилаларга нафақа ва моддий ёрдам тўлашнинг белгиланган муддати тугагандан сўнг фуқаро нафақа ва моддий ёрдам тўлашни янги муддатга давом эттирилишини сўраб, ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Болали оилаларга нафақа ва моддий ёрдам олиш учун ариза олдинги даврда тайинланган нафақа ва моддий ёрдам тўлаш муддати тугаган ойдан кейинги ойга берилади. Такрорий мурожаатларни кўриб чиқиш умумий белгиланган тартибда амалга оширилади.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.