Мамлакатимиз Президентининг 2015 йил 28 сентябрдаги «Тадбиркорлик субъектларига «ягона дарча» тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига асосан туман ҳокимлиги ҳузурида «ягона дарча» маркази фаолият кўрсатиб келмоқда. Йилнинг ўтган даврида тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш, рухсат бериш, лицензиялашда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик ўрнатиш, аризачиларга ахборот ёрдами кўрсатиш, бепул маслаҳатлар бериш каби хизматларни бажаришга эътибор кучайтирилди. Жумладан, ўтган тўрт ойда марказга тадбиркорлик субъектларидан 66 тадан ортиқ ариза келиб тушди. Улар орасида тадбиркорлик субъектларини муҳандислик-коммуникация тизимига тайёр ҳолда улаш, алкоголи маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномаси олиш, объектни қайта ихтисослаштириш ва реконстирукция қилишга рухсат бериш каби хизматлар бор.

Туман ҳокими А. Абдукаримовнинг фармойишига асосан май ойи туманда «Соғлом авлод – миллат келажаги» шиори остида хайрия ойлиги, деб эълон қилинди.

Фармойишда ойлик давомида хайрия ишлари кўламини кенгайтириш, кам таъминланган оилалар, ногиронларни ижтимоий муҳофаза қилиш, оналар ва болалар соғлигини мустаҳкамлаш каби тадбирлар самарадорлигини янада ошириш, «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фондини моддий қўллаб-қувватлаш сингари вазифалар ўз аксини топган.

 

 

 

Жорий йил 3 май куни бўлиб ўтган «Маҳалладошлар кенгаши»да маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, коммунал тўловлардан қарздорликка барҳам бериш, аҳолининг томорқаларидан унумли фойдаланиши каби долзарб вазифалар муҳокама қилиниб, келгуси ойда амалга оширилиши зарур бўлган ишлар режаси белгилаб олинди.

 Узунқишлоқ МФЙда бўлиб ўтган йиғилишни кенгаш раиси А. Маматқулов очди ва олиб борди. Кун тартибидаги масалалар юзасидан туман Кенгаши депутати В. Тожибоева, маҳалла фаоллари З. Отабоева, А. Содиқов ва бошқалар сўзга чиқиб, аҳил оилалар, томорқадан унумли фойдаланаётганлар, коммунал тўловларни ўз вақтида тўлаб келаётганлар ҳақида самимий фикрлар билдириб, аксинча нотинч, оилавий келишмовчиликка йўл қўяётган оилалардаги ҳолатларни атрофлича таҳлил этишди. Коммунал тўловлардан қарздорликка йўл қўйган кишилар номлари ўқиб, эшиттирилди.

Йиғилиш аҳли ёши улуғлар учун «Кексалар ҳордиқ маскани», «Аёллар гурунг маскани» ташкиллаш юзасидан режа тузиб олди. Шунингдек, «Гулзор хонадон» танлови эълон қи-линди.

 

«Адлу эҳсон билан жаҳон гулшани обод бўлади» деган эди буюк соҳибқирон Амир Темур.

Бу эзгу амаллар ижобати самараси ўлароқ, юртимиз кундан кунга гуллаб-яшнаб, обод ва озод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этилмоқда.

Жонажон юртимизда кексалар, ногиронларга ҳар томонлама ғамхўрлик ва эътибор кучайтирилмоқда. Айниқса, «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастурига асосан катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Ногиронлар жамияти туман бўлими ҳам жисмоний имконияти чекланган кишиларга янада яхшироқ шароитлар яратиш, уларни оғирини енгил қилиш, дам олиш ва даволанишини намунали йўлга қўйиш, муносиб иш билан таъминлаш каби вазифаларни бажаришга масъулият билан ёндашиб келмоқда.

Президентимизнинг жорий йил 14 апрель куни эълон қилинган «Кексаларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш бўйича кўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига асосан 100 ёшга тўлган ва ундан ошган шахсларга муносиб эътибор қаратиш, шунингдек пенсионерлар, 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий қўллаб-қувватлашга эътибор янада кучайтирилмоқда. Бу ҳақда Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси туман бўлими бошлиғи ўринбосари Қ.Аҳмедов шундай дейди:

-Фармонга асосан 2015 йилнинг 1 майидан бошлаб 100 ёшга тўлган ва ундан ошган фуқаролар пенсиясига ҳар ойда энг кам ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида устама тўлаш белгиланади.

 Ўтган йилнинг декабрь ойида муҳтарам Юртбошимиз 2015 йилни «Кексаларни эъзозлаш йили» деб эълон қилар эканлар: «Бугун ҳаётимизга файз бағишлаб келаётган уруш қатнашчилари, фронт орти иштирокчилари, фахрийларимизни доимо эъзозлайлик» дедилар. Бу самимий айтилган сўз қалбимни тоғдек  кўтарди. Мана шундай, доруломон кунларни кўриш насиб этганлигига шукроналар келтирдим.

Истиқлол туфайли жонажон юртимизда авлодларга ибрат ва намуна бўладиган буюк ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, кексаларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик кўп асрлик қадрият ва анъаналаримиз бардавомлигидан далолатдир.

Биз, кекса авлод вакиллари бугунги ёш авлодга панд - насиҳатимизни аямаслигимиз керак. Чунки қарияларимизнинг ҳаёт йўли, тажрибаси барчага ибрат ва шубҳасиз ёшлар камолотига хизмат қилади.

29 март куни юртимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови миллий қонунчилик ва умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартларига мувофиқ ҳолда юксак уюшқоқлик билан ўтказилди.

Шу куни эрта тонгданоқ туманимиздаги барча сайлов участкалари сайловчилар билан гавжумлашиб, ҳар бир сайловчи Ватан тақдири ва келажагига дахлдорлик туйғуларини намоён этиб, озод ва ҳур диёримизни янада гуллаб яшнашига хизмат қиладиган энг муносиб номзод учун овоз беришди.

Абил ДУШАЕВ, «Ободон» МФЙда яшовчи уруш ва меҳнат фахрийси, 91 ёш:

-Халқимизнинг тинч-тотув, баҳамжиҳат ва аҳил яшаб меҳнат қилаётгани бизнинг энг катта бойлигимиз. Юртимизда ёшларга ҳамма жойда йўллар очиқ, кексалар ҳамма жойда эъзозда. Сайлов куни ҳам ёшим улуғлиги, саломатлигим юришимга монелик қилишини ҳисобга олиб, уйимга кўчма сайлов қутисини олиб келишди. Шу куни хонадонимизда байрам бўлди, десам муболаға қилмаган бўламан. Ўзгача ҳаяжон билан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига муносиб деб билган номзод учун овоз бердим.

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Акмал Саидовнинг ишончли вакили О.Маматкаримов 12 март куни Косонсой тумани сайловчилари билан учрашди.

О.Маматкаримов ўз сўзида, мустақиллик йилларида мамлакатимизнинг тараққиёт асослари ва кафолатларини мустаҳкамлаш, халқимиз манфаатларини ҳимоялаш, турмуш фаровонлигини юксалтиришда тарихий ютуқларга эришилаётганига алоҳида эътибор қаратди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг сайловолди дастури ҳақида тўхталар экан, дастур бир қатор жиҳатлари билан муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб ўтди. Жумладан, унинг мазмуни ва асосий йўналишлари мустақил Ўзбекистонимизда амалга оширилиши лозим бўлган бугунги ва яқин келажакдаги вазифаларга тўла мос келади. Хусусан, номзоднинг сайловолди дастурида миллати, дини, ижтимоий ҳолати ва келиб чиқишидан қатъий назар, Ўзбекистон халқи, барча фуқароларнинг бирдамлиги ва ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг маҳаллий аҳамиятга эга бўлган масалаларни ҳал этишда маҳалланинг ролини янада кучайтириш кенг ўрин олган.

 

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ислом Каримов 11 март куни Наманган вилояти сайловчилари билан учрашди.

Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 6-Наманган округ сайлов комиссияси раиси Ғ.Ортиқов очди.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ислом   Каримов ўзининг сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.
Дастурда мамлакатимизни модернизация қилиш ва демократлаштириш, иқтисодий-ижтимоий соҳани либераллаштириш жараёнларини изчил давом эттиришнинг асосий йўналишлари белгилаб берилган. Жумладан, иқтисодиётни ислоҳ қилиш ва рақобатбардошлигини ошириш, хусусий мулк ва тадбиркорлик учун янада кенг йўл очиб бериш, давлатнинг иқтисодиётдаги улушини қайта кўриб чиқиш, экин майдонларининг ҳосилдорлигини ошириш, қишлоқ хўжалигига янги агротехнологияларни жорий этиш, фермерлик ҳаракатини, кичик бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳасини қўллаб-қувватлаш, маҳаллийлаштириш дастурларини кенгайтириш, инвестиция муҳитини янада яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, хорижий давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби муҳим йўналишлар қамраб олинган.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ҳотамжон Кетмоновнинг ишончли вакили А. Қирғизбоев 3 март куни Косонсой тумани сайловчилари билан учрашди.

 Учрашувни Ўз ХДП вилоят кенгаши раиси, вилоят Кенгаши депутати Д. Абдураҳимова очди ва олиб борди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили А. Қирғизбоев номзоднинг таржимаи ҳоли, сайловолди дастуридаги устувор йўналишлари ҳақида сайловчиларга маълумот берди.

А. Қирғизбоев ўз сўзида, номзоднинг сайлов-олди дастурида қабул қилинаётган қонунлар, қонуности ҳужжатларини муҳокама этишда Фуқаролик жамияти институтлари иштироки, амалиётини, ижтимоий шериклик институтини янада ривожлантириш, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг суд механизмлари оммабоплигини кенгайтириш ва бунда суд назоратини кучайтириш, суд қарори ижроси  сифатини ошириш каби муҳим вазифалар белгиланганлиги эътироф этилди.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.