Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонасига йўлланган мурожаатлар сайёр қабулда кўриб чиқилди.

Азал-азалдан халқимиз одамларга манфаат келтириш, дардига малҳам бўлишни чин инсоний фазилат сифатида қадрлаб келади. Жорий йилнинг Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб номланишида ҳам ана шундай мақсадлар мужассам. Ечимини кутаётган муаммоларни жойида ҳал этиш, талаб ва истакларини қондириш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар  одамларнинг давлат ҳокимиятига бўлган ишончини оширмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоят ва туман Халқ қабулхоналари томонидан сайёр қабуллар ташкил этилиб, аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотга киришилаётгани, улар томонидан кўтарилган муаммолар жойида ечим топилаётгани, юртимизда инсон манфаатларига эътибор ва ғамхўрликнинг амалдаги ифодаси бўлмоқда.

Ровот маҳалласида яшовчи Маъруфжон Маҳкамов туман ММТПда ишлаган пайтида жароҳат олиб, 3-гуруҳ ногирони бўлиб қолган. У кейинги 10 йилда давлат томонидан белгиланган нафақа пулини вақтида олиб келган. Аммо корхона томонидан берилиши зарур бўлган нафақа пулини ўз вақтида ололмаётгани ҳақида Халқ қабулхонасига мурожаат этган.

Мулоқот чоғида корхона мутасаддилари ўз камчиликларига иқрор бўлди ҳамда фуқаронинг тўпланиб қолган 2 млн. сўм нафақа пули тўланди.

Туманнинг “Ширинбулоқ” маҳалласида яшовчи Мухлиса Жўрабоеанинг Косонсой қурилиш ва уй-жой, коммунал хўжалик касб-ҳунар коллежига ишга тиклаш тўғрисидаги мурожаати ҳам шу куннинг ўзида ҳал бўлиб, Мухлиса ишга қайта қабул қилинди.

Тадбиркорлик йўналиши бўйича ажратилган ер майдонига қурилиш бошлолмай юрган фуқаро Толибжон Турғуновнинг масаласи ҳам ижобий ечим топди.

Сайёр қабулда иштирок этган бир гуруҳ фуқароларнинг талаб ва истаклари, муаммоларини белгиланган муддатларда кўриб чиқиб, қонун доирасида ҳал этиш бўйича ҳокимият вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, мутасадди корхона ва ташкилотлар раҳбарларига тегишли вазифалар юклатилди.

Туманимизда ўтказилган сайёр қабулда Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоят ва туман Халқ қабулхоналари мудирлари С. Турғунов, Т. Муйдинова, туман ҳокими Б. Юсупов иштирок этди.

Фуқароларнинг йўллаган мурожаатлари ечими давомида шунга амин бўлдикки, бизнингча, аҳоли орасида ўтказилаётган профилактик чора-тадбирларнинг янада кучайтиришимизни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.