Кўплаб юртдошларимиз ҳал  этилмаган айрим масалалари, муаммолари, ариза ва шикоятлари, таклифлари ҳамда фикр-мулоҳазалари билан тўғридан-тўғри Ўзбекистон Республикасининг Косонсой туманидаги  Халқ қабулхонасига мурожаат қилмоқдалар.

Энг қувонарлиси шундаки, мурожаатлар кечиктирилмай ўз вақтида ечимини топмоқда.

-Мурожаатларда ҳаёт акс этади,-дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг туманимиздаги Халқ қабулхонаси мудири Тоҳирахон Муйдинова.-Биргина апрель ойининг ўтган даврида Халқ қабулхонасига 110та мурожаат бўлди.

Мурожаатларнинг кўплиги айрим мансабдор шахсларнинг эътиборсизлиги сабаб жойларда ҳал этилмаётган муаммолар йиғилиб қолганлигидан далолат беради. Биргина, март ойи ва апрелнинг дастлабки ўн кунлигида қилинган мурожаатларнинг аксарияти тиббий хизмат билан боғлиқдир.

Жумладан, «Ҳуррият» маҳалласида яшовчи М. Парпиева 1999 йилда туғилган қизининг оғир дардга чалинганлиги, унга малакали шифокорлар маслаҳати ва кўриги зарурлиги, Тошкентга бориш учун  маблағи  йўқлиги ҳақида мурожаат қилди. Масала зудлик билан ўрганиб чиқилди. Республика онкология илмий маркази профессорлари кўриги ташкил этилди ва уларнинг маслаҳати асосида бемор 3 апрель куни марказнинг вилоят филиалига ётқизилди.

«Баҳористон» маҳалласида яшовчи З. Шарипов турмуш ўртоғи 2-гуруҳ ногирони эканлиги, унда жарроҳлик амалиёти ўтказиш учун эҳтиёж борлиги, бунинг учун тегишли тавсия ва маслаҳат сўраб Халқ қабулхонасига мурожаат этди. Бемор вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан имтиёзли ордер билан таъминланди ва бепул жарроҳлик амалиёти ўтказилди.

Худди шундай, «Боғишамол-1» маҳалласида яшовчи Л. Холиқова отаси оғир хасталикка чалинганлиги, уни ногиронликка чиқариш масаласида 10 апрель куни Халқ қабулхонасига ёрдам сўраб, мурожаат қилди. ВТЭК ходимларини жалб этган ҳолда мурожаат ўрганиб чиқилди ва ўтказилган тиббий кўрик натижаларига кўра 13 апрель куни Л.Холиқованинг отасига 1-гуруҳ ногиронлиги белгиланди.

Мамлакатимизда олиб борилаётган барча ислоҳотлардан мақсад - одамларни ҳаётдан рози қилишдир.

Агар ҳар бир шифокор, айниқса, маҳаллаларга биркитилган врач ва ҳамширалар тез-тез хонадонларда бўлиб, ётиб қолган беморлар, ногиронлар ҳол-аҳволидан хабар олиб турганларида эди, юқоридаги сингари ҳолатлар содир бўлмаган бўларди.

-Хусусий боғим бор,-дейди Қўқимбой қишлоғидаги «Навбаҳор» маҳалласида яшовчи З. Ортиқов. -Шу боғим ўртасидан ўтган юқори кучланишли электр тармоғини бошқа жойга кўчириш ҳақида бир неча марта мутасадди ташкилотларга ариза билан мурожаат қилдим. Аммо ҳанузгача аризам ижобий ҳал этилмаётганди. Шу йилнинг 17 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг туманимиздаги Халқ қабулхонасига ариза билан мурожаат қилгандим, орадан ўн кун ўтиб-ўтмай мен кўтарган муаммо ижобий ечим топди.

Бу мамлакатимизда демократик тамойиллар изчил қарор топаётганидан далолатдир. Оддий фуқаронинг шахсан давлатимиз раҳбарига, унинг жойлардаги ваколатли вакиллари орқали бевосита мурожаат қилиши ва унга тезкор жавоб олиши юртимизда инсон манфаатига эътиборнинг ёрқин намунасидир.

Бир сўз билан айтганда, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ғояси билан асос солинган Халқ қабулхонаси инсонлар билан фаол ва очиқ мулоқот олиб бориб, одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашлари учун хизмат қилмоқда.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.