Гиёҳвандлик - умр заволи. Буни ҳамма билади. Аммо билиб-билмай гиёҳвандлик домига тушиб қолаётган, осон йўл билан пул топиш мақсадида наркотик моддаларнинг олди - соттисига аралашиб қолаётганлар, афсуски, учраб турибди.

Ҳуқуқий-тартибот идоралари ҳамкорлигида Чуст шаҳрида ўтказилган тадбирлардан бирида шу шаҳарда яшовчи, 1962 йилда туғилган М. Рустам 500 АҚШ доллари эвазига кўп миқдордаги 2 бўлак 15.67 грамм «гашиш» гиёҳвандлик моддасини сотаётган вақтида ушланди.

Унинг ҳамшаҳри Қ. Ислом «Назорат-харид» тадбири давомида 5 бўлак 4.09 грамм гиёҳвандлик моддасини сотаётган пайтида қўлга олинди.

Бу иккиси муқаддам гиёҳванд-лик моддасини сотганлиги учун судланиб, қамалган. Аммо қилган хатоларидан ўзларига тегишли хулоса чиқармай қайта жиноятга қўл урганликлари кишини ташвишлантирса, уч нафар фарзанднинг отаси бўлган, Чуст шаҳрининг «Гулистон» маҳалласида яшовчи М .Мунавварнинг уларга ҳамтовоқ бўлганлиги ачинарлидир. «Қозонга яқин юрсанг, қораси юқар», деб шунга айтсалар керак-да!

Чуст туман ИИБ ва бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда М. Мунаввар 2 бўлак 26.47 грамм гиёҳвандлик моддасини сотаётган пайтида ушланди.

Суд ҳукми билан М. Рустамга 10 йилу 1 ой, Қ. Исломга 10 йил М. Мунавварга 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда гиёҳвандликка қарши кураш, бу заҳри қотилнинг ғайриқонуний йўллар билан юртимизга кириб келишининг олдини олиш, фуқароларимизнинг, айниқса, ёшларни бу балодан асраш бўйича кенг кўламли ишлар амалга ошириляпти. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, гиёҳвандликка қарши курашишда нафақат ҳуқуқ- тартибот идоралари ходимлари, балки кенг жамоатчилик вакиллари ҳам фаол иштирок этишлари бугуннинг талабига айланди.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.