Туман ҳокимлиги мажлислар залида туман ҳокимлиги, ҳуқуқ-тартибот, солиқ идоралари ва барча мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирокида семинар ва сайёр қабул ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоят Халқ қабулхонаси мудири С. Турғунов сўз олиб, Халқ қабулхоналарининг мақсад ва вазифалари, фуқароларнинг мурожаатларини сайёр қабулда кўриб чиқиш тартиби ҳақида кенг тушунча берди.

Семинарда жисмоний ва юридик шахсларнинг фуқаролар мурожаатлари билан ишлашни ташкил этишдаги муаммолари атрофлича таҳлил қилинди ва бу борада мутасадди ташкилотлар раҳбарларининг масъулиятини ошириш зарурлиги таъкидланди. Семинар кун тартибидаги масала юзасидан туман ҳокими Б. Юсупов, вилоят прокурори ўринбосари Б. Худойбердиев, вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари Д.Худжақулов ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.

-Жорий йилнинг шу кунигача жисмоний ва юридик шахслардан 584 та мурожаат келиб тушди,- дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг туманимиздаги Халқ қабулхонаси мудири Т. Муйдинова.-Мурожаатларнинг 229 таси ёзма, 355 таси оғзаки бўлиб, уларга ўз вақтида жавоб берилди. Ёзма мурожаатларнинг 43 таси асосли, деб топилган бўлса, 15 таси асосланмаганлиги сабаб, рад этилган, 84 нафар мурожаатга тегишли тушунтириш берилди.

Айрим маҳаллаларда ҳуқуқий тарғибот ишлари, биринчи навбатда, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга талаб даражасида эътибор берилмаётганлиги сабабли асоссиз мурожаатлар ҳам учрамоқда.

Баъзи бир мурожаатларни маҳаллаларнинг ўзида ҳал қилиш имкони бўлсада, айрим МФЙ раислари эътиборсизлиги ва лоқайдлиги сабаб, фуқаро Халқ қабулхонасига мурожаат этмоқда. Масалан, моддий ёрдам сўраб мурожаат қилганлар сони 30 тадан ошган.

 Бугунги сайёр қабулда «Баҳористон» МФЙда яшовчи Н. Насриддинов, Чорбоғ МФЙда яшовчи М. Исомиддинова ҳам худди шундай мазмунда мурожаат қилишди ва уларнинг мурожаатлари мутасадди ташкилотлар иштирокида ўрганиб чиқилиб, ижобий ҳал этилди.

Бундан ташқари, уй-жой, иш билан таъминлаш, алимент ундириш масалалари кўтарилган мурожаатлар сони ҳам камаймаётир.

Бу далиллар айрим мутасадди идоралар раҳбарларининг ўз фаолиятларини давр талаблари асосида ташкил этишга эътиборни кучайтиришларини тақозо этади.

Мурожаатчилар билан мулоқотдан сўнг улар кўтарган муаммо, таклиф ва талабларни ўрганиб чиқиб, зудлик билан ҳал этиш учун тегишли идоралар раҳбарларига муддатлар белгиланди.

***

Қўқимбой қишлоқ маданият ва аҳоли дам олиш марказида "Навбаҳор", "Бешкетмон", "Бўстон" маҳаллалари аҳолисининг сайёр қабули ўтказилди. Унда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Президентининг тумандаги Халқ қабулхонаси мудири Т. Муйдинова, туман ҳокими Б. Юсупов Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида туманимизда аҳоли манфаатлари ҳимояси, уларнинг ташвиш ва муаммоларини ўрганиб, жойида ҳал қилишга алоҳида эътибор  берилаётгани, бу борада Халқ қабулхонасининг мақсад ва вазифалари ҳақида кенг тушунча беришди.

Шундан сўнг бу ерга таклиф қилинган фуқароларнинг муаммоларини тинглаб, қабулда ҳозир бўлган ҳокимият, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар раҳбарлари иштирокида муҳокама қилинди ва ечимини топишга киришилди.

"Бўстон" маҳалласида яшовчи А. Бобоев мурожаатида кўпчиликнинг манфаати ўз ифодасини топган. Унинг таъкидлашича, қишлоқ врачлик пунктини мақбуллаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар аҳолини қизиқтирмоқда экан. Туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарияти вакилининг маълум қилишича, қишлоқда дастурга асосан оилавий поликлиника ташкил этилади. Поликлиника учун бино танланган, айни пайтда капитал таъмирлаш ишлари бошланган. Бу мақсадлар учун 250 млн. сўм маблағ сарфлаш кўзда тутилган. Бундан ташқари, аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш учун 2 та автомашина ажратилган.

"Навбаҳор" МФЙда яшовчи У. Долимов, Қўқимбой МФЙ фуқароси Ҳ. Нажмиддинов газ, электр, ичимлик сув таъминотида қишлоқда мавжуд айрим муаммолар билан мурожаат этишди. Улар кўтарган масалалар ечимини ҳал қилиш тегишли ташкилотлар раҳбариятига топширилди ҳамда аниқ муддат белгиланди.

Сайёр қабулда таклиф қилинган фуқаролар талаб ва истакларини билдирибгина қолмай, қишлоқдошларини фуқаролик бурчларини бажаришга даъват этишди.

Хусусан, маҳаллаларда электр, газдан қарзи ортиб бораётган фуқароларга нисбатан жамоатчилик таъсирини кучайтириш борасида таклифлар билдиришди.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.