Туманимиздаги махсус кутубхонада, Устоз ва мураббийлар кунига бағишлаб, Параолимпиада йўналиши бўйича эркаклар ва хотин-қизлар ўртасида шахмат-шашка бўйича туман биринчилиги ўтказилди.

Тадбирнинг очилиш муросимида туман ҳокимлиги маданият бўлими мудири      Ҳ. Қудратова, спорт соҳаси вакиллари, маҳалла фаоллари сўзга чиқиб, мусобақа  иштирокчиларига омад тилашди.

Шахмат-шашка кўзи ожизлар учун энг қулай ва муносиб спорт тури ҳисобланади.

Икки кун давом этган оқ-қора катаклардаги "жанглар" мусобақа низомига асосан, айланма тизимида ўтказилиб, кескин курашлардан сўнг ғолиблар аниқланди.

Шахмат бўйича совринли ўринларни 45-сонли имконияти чекланган болалар учун ихтисослашган Давлат таълим муассасаси ўқитувчилари ўзаро бўлишиб олишди.

Фахрли биринчи ўрин Баҳрилла Исмоиловга насиб этди. Маматкарим Исмоналиев, Обиджон Тошқораевлар иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллашди.

Шашкачилар баҳсида барча ўйинларни ғалаба билан якунлаган Сатторхон Пўлатов ғолиб деб топилди.

Тошкент шаҳрида ўтказилган "Санъат" йўналиши бўйича Республика кўрик-танловининг якунловчи босқичида 3-болалар мусиқа ва санъат мактабининг "Афсона" болалар қўғирчоқ театри муносиб, иштирок этиб, иккинчи даражали диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Зилола Салоҳиддинова ва Машҳура Юсуповалар раҳбарлигида Фотима Абдуҳакимова, Ҳусанбой Абдуҳакимов, Ҳабиба Абдураҳмонова, Руҳшона Турсунматова каби ёш актёрлар танловга "Олтин жўжа" ва "Дўстлик боғи" деб номланган саҳна асарларини тақдим этдилар.

Ўзбекистонлик ФИФА ҳаками Равшан Эрматов Россияда ўтказилаётган 2018 йилги жаҳон чемпионатининг 2-туридан ўрин олган Аргентина-Хорватия ўйинига бош ҳакам сифатида тайинланди.

Қанотларда унга ҳамюртларимиз Абдуҳамидулло Расулов ва Жаҳонгир Саидов ёрдам беришади. Захира ҳаками таитилик Норберт Хауата. 

Ўйин 21 июнь куни Нижний Новгородда Тошкент вақти билан соат 23:00 да бошланади.

Шу тариқа, Эрматов Жаҳон чемпионатларидаги бошқарган ўйинлари сони бўйича ўзи ўрнатган рекордни янгилайди. Бугунга қадар Эрматов ЖЧ финал босқичларида 9та ўйинда бош ҳакам бўлганди.

Одамнинг қадам ташлаши фақат ёшига эмас, балки жисмоний ҳолатига, характер хусусиятларига ҳам боғлиқдир.

Сокин ва ишончсиз қадам ташлайдиганлар - ўзига эътибор қаратишни хоҳламайдиган, фикру хаёллари билан банд бўлган одамлардир.

Товонини ичкарига қараб қадам ташлайдиганлар -  жуда қувноқ, ҳамма нарсадан хабардор бўлиб туришни хоҳлайдиган, киришимли кишилардир.

Пошнасини қарсиллатиб уриб, шовқинли юрадиганлар - ўзини тута олмайдиган, баъзан беандишалик қиладиган кишилардир. Бу юриш ўз-ўзига ишончсизликдан далолат беради.

Пойтахтимиздаги Олимпия захиралари коллежи спорт саройи-да енгил атлетика бўйича мамлакат чемпионати бўлиб ўтди.

Унда вилоятимиз терма жамоаси сафида туманимиз енгил атлетикачилари ҳам муносиб қатнашдилар.

Айниқса, "Баҳористон" маҳалласида яшовчи, НамДУ 1-босқич талабаси Милана Низамиева чемпионатни кўтаринки руҳда ўтказиб, қўш соврин соҳибига айланди. Тажрибали мураббий Пўлатжон Устабоевнинг шогирди Милана  4х400 метрга эстафеда югуриш баҳсида кумуш медални қўлга киритган бўлса, 4х200 метрга шу усулда югуришда "олтин" соҳибига айланиб, мамлакат чемпиони деган шарафли номга сазовор  бўлди.

Яна бир ҳамюртимиз, Жомий МФЙ кексалар ва нуронийлар масалалари бўйича раис ўринбосари Махсуджон Устабоев фахрийлар ўртасида бешинчи марта Ўзбекистон чемпиони унвонини муносиб ҳимоя қилди. У ядро улоқтиришда 10 метр 84 см. натижа қайд этиб, олтин медаль соҳибига айланди.

Наврўз халқимизнинг асрий байрамидир. У шарқона Янги йилнинг бошланиши, энг қадимий, энг ардоқли ва асл миллий айёмдир.

Мамлакатимиз Президентининг жорий йил 23 февралдаги "2018 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги Қарорига асосан бу байрам умумхалқ сайиллари шаклида, юқори даражада ўтказилишига эътиборни кучайтирилиши Наврўз билан боғлиқ урф-одатлар, қадрият ва анъаналарнинг янада сай-қал топиб, янгича маъно-мазмунга эга бўлишига, том маънода умумхалқ байрамига айланишига замин яратмоқда.

Эзгулик ва гўзаллик айёмини муносиб нишонлаш учун туманимизда ҳам қизғин тайёргарлик кўрилди. Яшнатиш, яратиш, бунёдкорлик тўйғулари билан яшаётган ҳамюртларимиз Наврўз муносабати билан ўтказилаётган ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ойлигида, унинг доирасида уюштирилган умумхалқ хайрия ҳашарида кенг кўламли тозалик, ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ишларида фаоллик кўрсатмоқда.

Мамлакатимиз Президентининг "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонига мувофиқ бу йилдан эътиборан Зулфия номидаги Давлат мукофотини ўн тўрт ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган иқтидорли қизларга бериш бўйича янги тартиб жорий қилинди.

Бу йил 28 нафар истеъдодли қиз ана шу мукофотга сазовор бўлди. Уларга мукофотларни Халқаро хотин-қизлар байрамига бағишланган учрашувда давлатимиз раҳбари тантанали равишда топширди. Бундай шарафга муяссар бўлганлар сафида Наманган санъат коллежининг 3-босқич ўқувчиси, ҳамюртимиз Шаҳноза Ёқубжонова ҳам бор эди.

Шаҳнозанинг Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори бўлгани ҳақидаги хушхабар, ота-онаси, айниқса, бобоси Ёқубжон акани беҳад қувонтириб юборди. Бувиси Жамила ая ҳаёт бўлганида набирасининг ютуғидан икки  чандон қувонган бўларди.

-Ҳар бир ота-она учун фарзандларининг ютуқларини кўришдан ортиқ бахт бўлмаса керак,-дейди Ёқубжон ака Эшматов. - Унинг зукко, оқила, қатъиятли бўлиб улғайишида бувисиниг ҳиссаси катта бўлган.

Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Ўзбекистон баҳодирлар ўйинлари ва тош кўтариш федерацияси томонидан Конституциямизнинг 25 йиллигига бағишлаб ўтказилган Ўзбекистон кубоги ва Республика очиқ чемпионатида ҳамшаҳримиз, Жомий МФЙ да яшовчи меҳнат фахрийси Махсуджон ака Устабоев муносиб қатнашиб, шоҳсупанинг юқори поғонасидан жой олди ва тўртинчи бор Ўзбекистон чемпиони унвонини ва кубогини қўлга киритди.

Келгуси йили Бухорода бўлиб ўтадиган баҳодирлар  ўйинлари ва тош кўтариш бўйича жаҳон чемпионати олдидан саралаш вазифасини ўтаган ушбу очиқ чемпионатда мамлакатимиз вилоятлари, Россия, Қирғизистон давлатларининг моҳир спортчилари ўз маҳоратларини намойиш этдилар. Фахрий спортчимиз Махсуджон ака Устабоев ғолибликни қўлга киритган бўлса, унинг ўғли, 22-ДИМИ ўқитувчиси Пўлатжон «бронза» соҳиби бўлди. Яна бир спортчимиз 44-давлат таълим муассасаси тарбиячиси Муқимжон Абдураҳмонов 75 кг. вазн тоифасида «кумуш», хусусий тадбиркор Муҳаммадхон Мақсудов эса 80 кг.вазн тоифасида бронза медали соҳибига айланишди.

Ўзбекистон Миллий Паралимпия Ассоциацияси (МПА) вилоят бўлими ташаббуси билан Тўрақўрғон тумани марказий ўйингоҳида мустақиллигимизнинг 26 йиллигига бағишлаб, «Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз, кам ҳам бўлмаймиз!» шиори остида мусобақа бўлиб ўтди.

Имконияти чекланган спортчилар шахмат-шашка, стол-тенниси, югуриш, ногиронлик арафачасида пойга ва оғир атлетика турлари бўйича ўзаро баҳслашдилар.

Мусобақанинг очилиш маросими тантанали руҳда ўтди. Ўзбекистон Ногиронлар жамияти раиси Ҳ. Абдуллаев, вилоят ногиронлар жамияти раиси Д. Азимов ва бошқалар сўзга чиқиб, мусобақа иштирокчиларига омад тиладилар. Шунингдек, тантанада таниқли санъаткорлар куй-қўшиқлари ижро этиб, тадбирга байрамона руҳ бахш этишди.

Шундан сўнг мусобақалар бошланиб, биринчи бўлиб «Аравачада пойга»га старт берилди. Шуниси қувонарлики, ҳамшаҳримиз Ғиёсбек Жўрабоев финишга биринчи бўлиб етиб келди.

«Косонсой соҳили» дам олиш масканида Республика кўзи ожизлар жамиятининг 85, «Бир сафда» журналининг 60 йиллигига бағишлаб «Олтин водий» кубоги учун спортнинг шахмат, шашка ва домино тури бўйича мусобақа бўлиб ўтди.

Унда водий вилоятларининг турли ёшдаги спорт усталари ғолиблик учун кураш олиб бордилар.

Муросасиз курашлар остида кечган шахмат баҳсида фахрли биринчи ўринни Андижон вилояти вакиллари қўлга киритдилар. Шашка ва  доминочилар беллашувида эса вилоятимиз вакилларининг қўллари баланд келди.

Бу ютуқда туманимиз спортчиларининг ҳиссалари катта бўлди. Жумладан, Салмонхон Аҳмедов,  Моҳира Камолова, Муҳаммадкарим Усмоналиев каби спортчиларимиз шахсий ҳисобда фахрли ўринларни эгаллашди.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.