Наврўз халқимизнинг асрий байрамидир. У шарқона Янги йилнинг бошланиши, энг қадимий, энг ардоқли ва асл миллий айёмдир.

Мамлакатимиз Президентининг жорий йил 23 февралдаги "2018 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги Қарорига асосан бу байрам умумхалқ сайиллари шаклида, юқори даражада ўтказилишига эътиборни кучайтирилиши Наврўз билан боғлиқ урф-одатлар, қадрият ва анъаналарнинг янада сай-қал топиб, янгича маъно-мазмунга эга бўлишига, том маънода умумхалқ байрамига айланишига замин яратмоқда.

Эзгулик ва гўзаллик айёмини муносиб нишонлаш учун туманимизда ҳам қизғин тайёргарлик кўрилди. Яшнатиш, яратиш, бунёдкорлик тўйғулари билан яшаётган ҳамюртларимиз Наврўз муносабати билан ўтказилаётган ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ойлигида, унинг доирасида уюштирилган умумхалқ хайрия ҳашарида кенг кўламли тозалик, ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ишларида фаоллик кўрсатмоқда.

Мана шундай фараҳбахш кунларда халқимизга хос бебаҳо қадриятлар-бир-бирига меҳр-оқибат кўрсатиш, беморлар, қариялар, якка - ёлғиз яшовчиларга беминнат ёрдам кўрсатиш каби эзгу фазилатлар ҳам янада яққол намоён бўлмоқда.

Қишлоқ ва маҳаллалар, корхона ва ташкилотлар, муассасаларда ўтказилган маданий-маърифий тадбирларда боқий Нав-рўзнинг тарихи, уни нишонлаш билан боғлиқ урф-одатлар, анъана ва қадриятлар тараннум этилди.

"Азиз ватандошлар, ҳар кунингиз Наврўз бўлсин!" деган ғояни ўзида мужассам этган са-йилларда бугунги тинч ҳаётни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшашга даъват этувчи маънавий-маърифий тадбирларга кенг ўрин берилди.

Бу йил ҳам Қорасув қишлоғидаги кенг яйлов, адирликлар ёнбағри туман аҳлининг катта байрам сайлгоҳига айланди.

Тоғ ва адирликларга баҳор ярашади... Эрта тонгдан қуёшнинг заррин нурлари ер узра тўшалган шудрингни ўзгача жило билан кўз-кўз этади. Узоқдаги оппоқ қорга бурканган пурвиқор тоғдан эсаётган шаббода этни жунжиктирсада, қуёшнинг илиқ тафти, байрам шукуҳи қалбларга қувонч бағишлайди.

Ҳар бир маҳалла, ҳар бир корхона, ташкилот ва ўқув муассасаси жамоалари ўзлари учун ажратилган жойда байрамни хушнудлик билан нишонлаш тараддудида. Баҳорнинг энг тансиқ таомлари-сумалак, ҳалим, кўксомсаю, кўкчучвара тортилган файзли дастурхонлар атрофида, са-йил ва томошалардаги суҳбатларда бу кунларга шукроналик келтирилиб, буларнинг барчаси мамлакатимизда ҳукм сураётган осойишталик билан боғлиқ экани эътироф этилиб, тинч ва фаровон ҳаётимиз бардавом бўлиши, бошланаётган Янги йил янада қут-баракали келишини сўраб дуолар қилинади.

-Юртимизда ҳар бир байрам ўзгача шукуҳ ва кайфият билан қарши олинади,-дейди туман халқ таълими бўлими мудири М. Тешабоев. - Ана шундай байрамларимиз орасида биз учун Наврўзи оламнинг ўрни бўлакча. Чунки Наврўз табиатнинг қудрати ва чексиз саховатининг, асрий миллий қиёфамиз, олижаноб эзгу-фазилатларимизнинг бетакрор ифодаси бўлиб келмоқда ва шунинг учун ҳам Наврўзни миллий қадриятимиз сифатида эъзозлаймиз.

Бугунги байрам шодиёнасида туманимиздаги барча, 51 та мактаб жамоаси жамулжам бўлган. Эрта тонгданоқ  варрак учириш, миллий спорт ўйинлари мусобақалари старт олди. Фольклор дасталари, деворий газеталар танловлари уюшқоқлик билан ташкил қилинмоқда. Дошқозонларда сумалак, ҳалим пиширилиб, дастурхонларга тортилди. Байрам кам таъминланган оилаларнинг фарзандларининг хатна тўйига уланиб кетди. Жамоамиз билан маҳаллаларимизда яшовчи ана шундай бешта оиланинг хатна тўйини ўтказиб бераяпмиз. Тўйболалар  номига Халқ банкида омонат очдик.

-Жамоамиз байрамни ўзгача кайфият билан нишонламоқда,-дейди тиббиёт коллежи директори Қ. Иномов.- Ўтган йил якунига кўра, жамоамиз вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи ва компьютер жамланмаси билан тақдирланди. Бу камтарона меҳнатларимизга юксак баҳо бўлиб, бизларни жорий йилда ҳам янги-янги ютуқларга эришишга чорлайди.

Коллеж жамоасининг Мувороуннаҳр маҳалласида яшовчи Х. Ёқубжоновлар оиласининг кичкинтойи, 5 ёшли тўй бола Муҳаммадюсуфга велоспед совға қилган лаҳзалар наинки болакайни, балки барча-барчани қувончига сабаб бўлди.

Косонсой педагогика коллежи жамоасининг байрам тадбирида адабий-бадиий мушоира, шеърхонлик иштирокчисига айландик.

Коллежнинг ижодкор ўқувчилари Гулёра Мукаррамова, Зарифа Турдиалиевалар Наврўзи олам, баҳор, она юртни мадҳ этувчи шеърлар айтиб, қалбларга хушнудлик улашади.

-Бу икки ҳаваскор шоира қизимизнинг китоблари чоп этилмоқда,-дейди коллеж хотин-қизлар бошланғич ташкилоти етакчиси Ш. Шодмонова.- Бундан ташқари, "Косонсой гулдастаси" деб номланган тўплам чиқариш тадоригини кўраяпмиз. Унда 15 дан ортиқ ижодкор ўқувчиларимизнинг сара асарлари жой  олади.

Туман ободонлаштириш бош-қармасининг икки юз нафардан ортиқ ишчи-хизматчилари дошқозонда сумалак қайнатишди, дастурхонга миллий таомлар тортишиб, байрамни ўзгача кайфиятда нишонламоқда.

-Наврўзда меҳр-оқибат, ёр-дамга муҳтож инсонларга саховат кўрсатиш, кексалар ҳолидан хабар олиш каби кўплаб инсоний фазилатлар бўй чўзади,- дейди бошқарма бошлиғи К. Мираҳмедов. - Қўй сўйиб, Боғ маҳалласида яшовчи кам таъминланган оила фарзандининг хатна тўйини байрамга улаб юбордик.

Катта майдонни эгаллаган маҳаллаларнинг байрам сайилгоҳида Наврўзни шарафловчи, бугунги тинч, эркин ва фаровон ҳаётни қадрлаб, уни ҳимоя қилиб, яшашга чорлайдиган маънавий - маърифий тадбирларга кенг ўрин берилди.

Ҳар бир маҳалла ўз ҳудудида яшовчи кам таъминланган икки - учта оиланинг фарзандларига Халқ банкида омонат очиб, шу куни уларнинг миллий удумларимизга хос хатна тўйлари ўтказишди.

Бир кун олдин ўнлаб дошқозонларга солиб, пиширилган сумалак, ҳалим эрта тонгда барча-барчага улашилди, қирқта дошқозонда ош дамланди.

-Наврўз бирлик, қардошлик аҳил - иноқлик каби қадриятларни тараннум этувчи гўзал байрам,-дейди Хонқўрғон маҳалласида яшовчи Маҳфурат Қодирова. - Қирғизистоннинг Олабуқа туманидан Косонсойга келин бўлиб тушганимга 45 йил бўлди. Бетакрор, жаннатмонанд Ўзбекистондай юртнинг фуқароси эканлигимдан фахрланаман. Ўзбек, тожик, қирғиз халқи азалий дўст-биродар, қондош ва жондош бўлишган. Қишлоғимизда турли миллат вакиллари бир оила фарзандидай аҳил, иноқ яшаб келмоқда. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан қўшни давлатлар билан алоқаларнинг янада мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилаётган улуғвор ишлардан қалбларимиз қувончга тўлмоқда. Қирғизистонга эмин-эркин бориб, қариндошларимизни кўриб келиш имкониятига эга бўлаётганимиздан барчамиз беҳад хурсанд бўлаяпмиз. Президентимиздан чексиз миннатдормиз.

Сайилгоҳ марказига ўрнатилган катта саҳна узра чорлов мусиқаси янграб, байрамга бағишлаб бадиий мусиқали дастур бошланганидан дарак беради. Туман ҳокими Ж. Юлдашев барча - барчани Наврўзи олам билан муборакбод этди.

Туман  маданият бўлими, қишлоқ маданият ва аҳоли дам олиш марказлари, бадиий ҳаваскорлар жамоаларининг театр-лаштирилган байрам дастурларига кенг ўрин берилади.

Улар ижросида фольклор санъатининг энг яхши намуналари, қадимий урф-одатлар, эзгу инсоний туйғуларни тараннум этувчи куй-қўшиқлар, ўлан ва лапарлар ижро этилади. Исломжон Қайимов раҳбарлигидаги дорбоз ва полвонлар гуруҳининг ҳар бир чиқиши олқишлар билан кутиб олинди.

Арғимчоқ тортиш ва бошқа  спорт мусобақалари ёшлар вакиллари гавжумлигида, қизғин баҳсларга бой ўтиб, томошабинларга завқ - шавқ улашади.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Муҳаррам Абдухалилова, "Ниҳол" мукофоти совриндори Индира Ибрагимова, хушовоз хонанда Хуршид Расулов ижросидаги дилрабо куй - қўшиқлар байрам шодиёнасига янада файз киритди.

-Наврўз инсоннинг инсон сифатида шаклланганини англатувчи, умумбашарий қадриятларни тараннум этувчи аёмдир,-дейди туманимиз аҳли байрам тадбирининг азиз меҳмони бўлган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият арбоби, "Ватан" киностудияси директори Ҳилол Насимов. - Тинч юртдагина Наврўзи олам мана шундай нишонланади. Ватанидаги нотинч-лик сабаб бундай имкониятдан мусово бўлаётган халқлар бор. Шунинг учун ҳам биз осуда ҳаёт қадрига етмоғимиз, шу азиз Ватанимиз янада гуллаб - яшнашига ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз даркор.

Косонсой тумани аҳлининг Наврўзи олам байрам сайилларида қатнашиб, олам-олам таассурот олаяпмиз. Одамларнинг кайфиятида, ҳар бир сўзида бугунги доруломон кунлардан шукроналик ҳисси барқ этиб турибди.

-Жаннатмакон юртимизга монанд Косонсойда, унинг аҳли билан Наврўзи оламни қарши олаётганимиздан қалбимиз қувончга тўлмоқда,-дейди таниқли режиссёр ва актёр, "Ўзбекфильм" киностудияси директорининг ўринбосари Баҳодир Муродов. - Ташрифимиздан мақсад ҳам шу эди.

Байрам дастуридан ўрин олган ҳар бир тадбирни кино қилса арзийди. Бугун бу ерда юзга яқин кичкинтойларнинг хатна тўйига гувоҳ бўлдик. Бу болаларнинг номига банкда ҳисоб рақами очилганлиги, уларга турли совға - саломлар бериб, қувонч улашиш ҳам халқимизга хос бағрикенгликнинг ифодасидир умуман, туман аҳлининг Наврўз умумхалқ байрами сайиллари юксак савияда ўтаётганига гувоҳ бўляпмиз.

Махдуми Аъзам номидаги маданият ва истироҳат боғида, барча қишлоқ ва маҳаллаларда Наврўз умумхалқ байрами ўзгача кайфиятда давом этмоқда.

... "Ҳар тунинг қадр ўлубон, ҳар кунинг бўлсин Наврўз". Буюк бобокалонимиз Алишер Навоийнинг бу боқий сатрлари ҳар биримизнинг ҳаётимизда ўз ифодасини топмоқда. 

Анорбой Олимов,

Муҳаммадхон Акрамов.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.