Ўзбекистон Миллий Паралимпия Ассоциацияси (МПА) вилоят бўлими ташаббуси билан Тўрақўрғон тумани марказий ўйингоҳида мустақиллигимизнинг 26 йиллигига бағишлаб, «Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз, кам ҳам бўлмаймиз!» шиори остида мусобақа бўлиб ўтди.

Имконияти чекланган спортчилар шахмат-шашка, стол-тенниси, югуриш, ногиронлик арафачасида пойга ва оғир атлетика турлари бўйича ўзаро баҳслашдилар.

Мусобақанинг очилиш маросими тантанали руҳда ўтди. Ўзбекистон Ногиронлар жамияти раиси Ҳ. Абдуллаев, вилоят ногиронлар жамияти раиси Д. Азимов ва бошқалар сўзга чиқиб, мусобақа иштирокчиларига омад тиладилар. Шунингдек, тантанада таниқли санъаткорлар куй-қўшиқлари ижро этиб, тадбирга байрамона руҳ бахш этишди.

Шундан сўнг мусобақалар бошланиб, биринчи бўлиб «Аравачада пойга»га старт берилди. Шуниси қувонарлики, ҳамшаҳримиз Ғиёсбек Жўрабоев финишга биринчи бўлиб етиб келди.

Иккинчи ўринни ҳам яна бир спортчимиз Ботир Каримов эгаллади. 100 метрга югуриш мусобақасида спортчимиз Ғофуржон Жўраевга тенг келадигани топилмади.

Шашкачилар баҳсида Солмонхон Аҳмедов чемпион бўлган бўлса, хотин-қизлар ўртасида Моҳиражон Камолова шоҳсупанинг юқори поғонасидан жой олди.

Мусобақаларда ёшлар билан тепа – тенг баҳслашган фахрийларимиздан Каримжон Қўзибоев, Ёқубжон Ҳусеиновлар стол тенниси мусобақаларида савриндор бўлган бўлсалар, оғир атлетика баҳсида меҳнат фахрийси Махсуджон Устабоев совриндорлар сафидан жой олди.

Мусобақа якунига кўра, Косонсой тумани паралимпиячилари умумжамоа ҳисобида фахрли биринчи ўринни қўлга киритдилар.

Мусобақа ғолибларига ҳомий ташкилотларнинг қимматбаҳо совғалари ва дипломлари топширилди.

Ё. Ҳусеинов, Ўзбекистон НЖ туман бўлими раиси.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.