Буюк давлат арбоби, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг порлоқ хотирасига бағишлаб, «Истиқлол» мажмуида хайру эҳсон тадбири ўтказилди. Унда иштирок этган нуроний қариялар, маҳаллалар фаоллари, корхона , ташкилот, муассаслар вакиллари буюк давлат арбоби, доно сиёсатчи Ислом Каримовнинг хотирасини ёдга олдилар.

Унинг руҳи-покига бағишлаб қуръон тиловат қилинди ва дуода бўлишди.

-Ислом Каримов бутун борлиғини халқимиз бахт-саодати, Ватанимиз равнақига бағишлади. Унинг оқилона ва одилона сиёсати натижасида юртимизда тинчлик ва осойишталик ҳукм сурмоқда, -дейди меҳнат фахрийси М. Мустафаев. - Бутун дунё ҳамжамияти ҳақли равишда Ўзбекистоннинг тинчлик элчиси бўлган давлатга айланганини алоҳида эътироф этмоқда.

Томирида Темур қони оққанима,

           Дунё унга ҳавас билан боққанима,

           Биздан озод, обод Ватан қолсин дея,

           Юртим дея жисму жонин ёққанима.

 

           Қучолмади зафар қучган ўғил - қизи,

           Эл-юрт учун хизмат қилди - ёруғ юзи,

           Минг бир бора ҳалол бўлди нону тузи,

           Эл дардини тумор қилиб таққанима.

 

           Мамлакатни олам ичра достон қилди,

           Дашту чўлни гулзор боғу бўстон қилди,

           Элини халқ, халқ кўксини осмон қилди.

           Қилган иши ғанимга ҳам ёққанима.

 

           Кузатмоқда азим Тошкент қаддин букиб,

           Йиғламоқда фавворалар ёшин тўкиб,

           Йиғламоқда Ўзбекистон кўнгли чўкиб,

           Осмонларда қуёш бўлиб балққанима.

 

           Самарқанддан от ўйнатиб кетган болам,

           Зор қақшатиб чўбин отда қайтган болам,

           Охиратинг обод бўлсин ўктам болам,

           Кўз ёшлари дарё бўлиб оққанима.

 

           Бугун тунда нур сочмади ойлари ҳам.

           Тўхтаб қолди оқиб турган сойлари ҳам,

           Кишнамади миниб юрган тойлари ҳам,

           Халқ юкини елкасига ортганима.

 

           Дуо қилинг охирати обод бўлсин,

           Қабрлари махшаргача нурга тўлсин,

           Эзгу ишлар мукофоти жаннат бўлсин,

           Қабрида ҳам элим дея ётганима.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов вафоти муносабати билан туманимизда ҳам мотам тадбирлари ўтказилмоқда.

Ёшлар хиёбони шу кунларда юртдошларимиз билан гавжум. Улар бу ерда ташкил этилган хотира бурчаги ва Президентимиз портрети пойига ўзларининг Юртбошимизга бўлган чексиз меҳр-муҳаббати ва садоқатининг рамзи сифатида гуллар қўйиб ҳурмат бажо келтирмоқда.

- Озодлик, мустақиллик, бугунги тинч ва осуда ҳаёт ўз-ўзидан келмаган, -дейди «Нуроний» жамғармаси туман бўлими раиси Ёқубжон Эшматов. - Уларнинг барчаси тинимсиз курашлар, яратиш ва изланишлар маҳсули эканини қалбимиздан, юрагимиздан ўтказамиз. Ислом Каримов мана шундай бетакрор ва озод диёр, мустақил давлатни ўз меҳнати, ўз ақл-заковати, салоҳияти ва иродаси билан барпо этди. Унинг хотираси тоабад қалбимизда, юрагимизда мангу яшайди.

Мустақиллик йилларида фуқароларнинг виждон ва эътиқод эркинликлари соҳасидаги ислоҳотлар самараси ўлароқ, диннинг жамиятдаги ўрни тикланди, фуқароларнинг эмин-эркин ибодат қилишлари, Ҳаж амалларини бажаришларига кенг имконият яратилди. Куни кеча бундай имкониятга эга бўлган қирқ нафардан зиёд ватандошимиз муқаддас Ҳаж  зиёратига йўл олишди.

-Мустақил юртимизда динга ҳурмат ва эътиқод муқаддас қадриятга айланди,-дейди гуруҳ раҳбари Азизбек Султонов.- Исломнинг сўнгги фарзи ҳисобланмиш муқаддас Ҳаж зиёратини адо этишга жўнаб кетаётган фуқароларимизнинг қалблари яратиб берилаётган шарт-шароитлар, имкониятлардан баҳраманд бўлаётганларидан ҳамиша шукронада.

Мустақиллик йилларида ўқитувчи – илм ва маърифат, таълим ва тарбия фидойиси сифатида улуғланиб келинмоқда. Бу эса бизларни ўз вазифамизга янада масъулият билан ёндашишга ундамоқда.

Бугун мактабларимизда ўқувчиларнинг замонавий билимларни пухта эгаллашларига етарли шарт-шароитлар яратилган. Биз, педагоглар ахборот коммуникация технологиялари, компьютер тўпламлари билан жиҳозланган синфхоналарда ўқувчиларга сабоқ бериб  келаяпмиз. Билимга чанқоқ, қизиқувчан болаларга билим беришнинг ўзгача завқи бор. Мактабда ўқувчиларнинг дунёқарашини шакллантириш, ёт ғоялар таъсиридан асраш учун турли – туман тадбирлар изчил ўтказиб келинмоқда.

Болани тарбиялаш олмосни сайқаллаш каби нозик ишдир. Унинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллашига амалий ёрдам бериш устоз-мураббийларнинг асосий вазифасидир.

Мактабимизнинг меҳнат таълими фани ўқитувчиси Адибахон Ғофурова ана шу эзгу мақсад йўлида алоҳида жонбозлик кўрсатмоқда.

Ўз ишининг устаси, тажрибали педагог А. Ғофурова фаолияти давомида кўплаб ютуқларга эришди. Унинг шогирдлари бўлган ўқувчилар наинки дарс машғулотлари, балки дарсдан ташқа-ри пайтларда у раҳбарлигидаги тўгаракда фаол қатнашиб, турли-туман ҳунарларнинг сир-асрорларини пухта эгаллашмоқда. Айниқса, нозик мунчоқлардан фойдаланиб, яратилган ишланмаларни санъат асарига қиёсласа бўлади.

Собиқ тузум даврида қарийб ўн йил умумтаълим мактабида ўқувчиларга сабоқ бериб келдим. У пайтларда аксарият мактаблар мослаштирилган биноларда жойлашганди. Одамларнинг ҳаёт даражаси пастлиги, мактаб, мактабгача таълим муассасалари етишмаслиги, моддий-техника базасига эга эмаслиги каби муаммолар бизни қийнарди. Лекин шундай оғир шароитда ҳам ёшлар билим олишни жон-дилидан истарди. Бу эса ўқитувчиларни ўз вазифаларига масъулият билан ёндашишга ундарди. Лекин орзу-умидларимиз армонга айланишидан чўчирдик. Истиқлол шарофати билан бу ҳадиклар ортда қолди. Мустақилликнинг илк йилларидан мактабга, келажак авлод таълим-тарбиясига эътиборни оширилиши биз, ўқитувчиларда эртанги кунга умид пайдо қилди. Бугун мактабларимизда яратилган шарт-шароитларни, нигоҳида қатъият, шижоат, мардонаворлик акс этиб турган ёшларнинг билимга чанқоқлигини кўриб, қалбим фахр ва ифтихор туйғуларига тўлади, тинмай изланиб, ғайрат билан ишлашга чорлайди.

Юртимизда ҳукм сураётган миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик тараққиётнинг муҳим омили бўлмоқда.

Маҳалламизда ўндан зиёд миллат вакиллари аҳил-иноқ яшаб, оилада соғлом турмуш тарзини шакллантириш, ёшларни миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш, ёт ғоялар таъсиридан асраш, обод ва фаровон турмушни таъминлаш, оилавий бизнесни ривожлантириш каби ишларда намуна бўлишяпти. Бу мустақиллигимизнинг 25 йиллиги муносабати билан амалга оширилаётган тадбирларда ёрқин намоён бўлаяпти.

Олимахон Қорабоева тўқувчи сифатида ном қозонган бўлса, Каромат Холдорова каштачи, Муслима Усуфжонова, Зарифа Тўрахўжаева дўппидўз сифатида ҳурмат-эҳтиромга лойиқ. Масъуда Машарипова, Наргиза Абдуллаева, Нилуфар Норбоева сингари тадбиркорларимиз фаолияти ҳам ибратлидир.

Барча жойда бўлгани каби туманимизда ҳам мустақиллигимизнинг 25 йиллигини муносиб кутиб олишга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Бу шаҳар ва қишлоқларимизни тобора чирой очиб, гўзал бўлиб бораётгани, ободончилик ишларини авж олдираётганида, шу заминда яшаётган инсонларнинг кайфияти, бугунги ҳаётдан розилиги ва эртанги кунга ишончида намоён бўлмоқда.

Шаҳримиздаги «Гулобод» маҳалласида ҳам энг улуғ, энг азиз байрамимизни муносиб кутиб олиш мақсадида ободончилик ишлари авж олдириляпти.

Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги ҳамда «Соғлом она ва бола йили»га бағишлаб, туманимиз маҳаллаларида «Аёл-оила кўрки, жамият таянчи» мавзусида маданий – маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Ширин ҚФЙ маҳаллаларида бўлиб ўтган тадбирларда ёшлар тарбиясида анъана ва қадриятларимизнинг ўрни ва аҳамияти, «Ўзбекистон-умумий уйимиз» каби мавзуларда давра суҳбатлари, учрашувлар ташкил этилди. Тадбирда «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, «Соғлом авлод учун» хайрия жамғармаси вилоят ва туман бўлими вакиллари қатнашдилар.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.