Болани тарбиялаш олмосни сайқаллаш каби нозик ишдир. Унинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллашига амалий ёрдам бериш устоз-мураббийларнинг асосий вазифасидир.
Мактабимизнинг меҳнат таълими фани ўқитувчиси Адибахон Ғофурова ана шу эзгу мақсад йўлида алоҳида жонбозлик кўрсатмоқда.
Ўз ишининг устаси, тажрибали педагог А. Ғофурова фаолияти давомида кўплаб ютуқларга эришди. Унинг шогирдлари бўлган ўқувчилар наинки дарс машғулотлари, балки дарсдан ташқа-ри пайтларда у раҳбарлигидаги тўгаракда фаол қатнашиб, турли-туман ҳунарларнинг сир-асрорларини пухта эгаллашмоқда. Айниқса, нозик мунчоқлардан фойдаланиб, яратилган ишланмаларни санъат асарига қиёсласа бўлади.
Устознинг шогирдлари ҳар йили вилоят, республика миқёсидаги танловларда қатнашиб келишади. Жумладан, 2015 – 2016 ўқув йилида А. Ғофурованинг шогирдлари «Ораста қизлар» кўрик-танловининг вилоят босқичида фахрли иккинчи ўринни эгаллашди, «Иқтидорли болалар» кўрик-танловида эса республика босқичи йўлланмасини қўлга киритишди. Устознинг ўзи ҳам «Йилнинг энг яхши дарс ишланмаси» кўрик-танловида фаол қатнашиб, ўз сайтини очди ва унга дарс ишланмаларини жойлаштирди.
Устоз Адибахон Ғофурова янги ўқув йилида ҳам янги-янги ютуқларни эгаллашни мақсад қилган. Оқила, ораста ва билимли фарзандлар тарбиялаш унинг эзгу ниятига айланган.
Б. Эргашев, 42-мактаб директори.