-Мана, қўлимда Аълохон Бобохоновнинг «Жон Намангоним» номли янги шеърлар гулдастаси,-деб ёзади филология фанлари доктори, профессор Ҳамиджон Ҳомидий.-Унда шоирнинг Ватан, муҳаббат, истиқлол нашидаси, миллий ғурур, юрт тинчлиги, ифтихори, ахлоқ-одобга доир турли жанр-қолибдаги шеърлари жамланган. Ихчам мисраларда шоир ногаҳоний кечинмаларини янги сарбаст бадиий-тасвирий воситалар, тоза-тиниқ ташбеҳлар, майин-ҳалим сўз ва бирикмаларда қабариқ тарзда ифодалаши билан ўқувчига ўзгача абадий эстетик завқ инъом эта олади.

Юрагим осмонда, бошим осмонда,

Бағрингда шунчалик бахтларга тўлдим.

Инсон ардоқланган гўзал заминда,

Мен сенинг энг эрка фарзандинг бўлдим.

 

Агарда забоним қилса ожизлик,

Ватаним, севгимни қилмоққа изҳор.

Чиройинг сўзлашга қилса ёлғизлик,

Юрагим тил бўлиб куйлашга тайёр.

Сенга садоқатим дилда бепоён,

Истагим ярасам сенинг корингга.

Мадҳингни борлиққа айласам баён,

Дунёлар лол қолса сенинг борингга.

Косонсой – Кошонам эй кўҳна диёр,

Тарих шодасининг бир донасисан.

Номинг улуғлаган фарзандларинг бор,

Водий гавҳарининг дурдонасисан.

Нуктадон эмасман таъриф этишга,

Намруд жаннат тархин сендан олгандур.

Шоҳлар жон беришган унга етишга,

Сойингдаги ҳар бир тошинг «Кўҳинур».

Сенинг «Муғ» қалъангни кўриш ишқида,

Папанинг юртидан келди бир сайёҳ.

Муҳаммад Юсуфнинг бир шеърин ўқиб,

Озурда сўз қотди сўнг бўлдим огоҳ.

«-Римга алишмасмиш бедапоясин,

Бу қандай бедодлик қандай ўхшатиш.

Бағрингда туғилиб бағрингда униб,

Сенинг қадамингга гуллар тўшайман.

Агарда дунёда сен саҳро бўлсанг,

Саҳрода янтоқдек кулиб яшайман.

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.