Юрагим осмонда, бошим осмонда,

Бағрингда шунчалик бахтларга тўлдим.

Инсон ардоқланган гўзал заминда,

Мен сенинг энг эрка фарзандинг бўлдим.

 

Агарда забоним қилса ожизлик,

Ватаним, севгимни қилмоққа изҳор.

Чиройинг сўзлашга қилса ёлғизлик,

Юрагим тил бўлиб куйлашга тайёр.

Сенга садоқатим дилда бепоён,

Истагим ярасам сенинг корингга.

Мадҳингни борлиққа айласам баён,

Дунёлар лол қолса сенинг борингга.

 

Боғини мақтаган митти қуш каби,

Сайрасам, овозим борича жўшиб.

Ғамлар унутилса эски туш каби,

Яйрасам, кўнгилга орзулар қўшиб.

 

Қалбимда сен учун туғилган севги,

Энг гўзал ҳисларга ётар қалашиб.

Бахтлиман, ягона тилагим энди

Яшасам, дунёга бахтим улашиб!

Меҳринисса Ашурова.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.