Келгуси — 2016/2017 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон олий таълим муассаса (ОTM)лари талабалари учун давлат гранти асосида (бепул) ўқиш шартлари ўзгартирилади, дея хабар бермоқда «Газета.uz».

UzReport’нинг маълум қилишича, ушбу ўзгаришлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 11 ноябрь куни тасдиқланган Ўзбекистоннинг 2016 йилги давлат бюджети параметрларида назарда тутилган.

Ўзгаришларга кўра, ўқув йилини умумий қониқарли (55—70 фоиз оралиғидаги) рейтинг баҳолари билан якунлаган давлат гранти асосида таълим олаётган талабалар келаси ўқув йилидан тўлов-контракт асосида ўқишга ўтказилади.

Давлат гранти асосида таълим олган ва академик қарздорлиги ёки ички интизом ва таълим муассасаси қоидаларини бузгани учун ўқишдан четлатилган талабалар уларнинг таълими учун сарфланган маблағларни қоплаб бериши шарт бўлади.

Қайд этишларича, мазкур ўзгаришлар юқори малакали кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш ва олий маълумотли мутахассисларни тайёрлаш учун ажратилган бюджет маблағларидан самарали фойдаланишни таъминлашга йўналтирилган.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.