Яқин пайтларгача кўчмас мулк олди-сотдиси нафақат харидор, балки сотувчи томон учун ҳам меҳнатталаб жараён бўлиб ҳисобланар эди. Шу сабабли Жаҳон Банки «Бизнес Юритиш 2015» рейтингида мулкни рўйхатдан ўтказиш таснифи бўйича Ўзбекистонга 189 ўриндан 143-ўринни берди, деб ёзилади БМТ Тараққиёт дастури расмий сайтида. Бу каби паст рейтинг икки юридик шахслар ўртасида Нотурар жой кўчмас мулкни сотишга доир битимни амалга ошириш учун талаб этиладиган муддатнинг узоқлиги (55 кун) ва кўп сонли тартиботларнинг (13 қадам) мавжудлиги билан изоҳланади.

Бироқ, Ўзбекистондаги идоралараро ахборот ҳамкорлиги тизимининг ривожланиши билан вазият сезиларли даражада ўзгарди, натижада аризачилар зарур бўлган хизматларнинг бир қисмини йиғишдаги ўз вақтлари ва сарф-харажатларини тежаш имконига эга бўлди.

Шу ўринда 2015 йилнинг 1 январидан бошлаб давлат органлари ва ташкилотлар ўртасида давлат хизматлари кўрсатилишида идоралараро ахборот ҳамкорлиги тизими ташкил этилганлигини эслатиб ўтиш лозим бўлади. Эндиликда, қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат органлари ходимлари давлат хизматлари бўйича мурожаат қилган фуқаролар ва тадбиркорлардан бошқа идоралардан алоқа воситалари орқали мустақил равишда олишлари мумкин бўлган ҳужжатлар ва маълумотномаларни талаб қилишга ҳақли эмаслар.Нотурар жой кўчмас мулклари билан боғлиқ бўлган нотариал ҳаракатлар амалга оширилганда тадбиркорлардан бошқа давлат органлари ва идораларида мавжуд бўлган ҳужжатлар талб қилинмайди. Киритилган ўзгартиришларга мувофиқ нотариусга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиш чиқариб ташланди:

- уй-жой мулкдорлари ширкатига мажбурий бадаллар, коммунал хизматларга тўловлар, телефон алоқа хизматига тўловлар бўйича қарздорлик йўқлиги тўғрисидаги маълумотнома;

- кўчмас мулкни ўзгартириш, қайта қуриш ёки бузишга рухсат бериш тўғриисдаги туман (шаҳар) ҳокимининг қарори;

- Ергеодезкадастр давлат қўмитасининг маълумотномаси;

- солиқ органининг маълумотномаси;

- фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш органи ёки уй-жой мулкдорлари ширкатининг маълумотномаси.

Бунинг натижасида Жаҳон Банки «Бизнес юритиш 2015» услубиятига мувофиқ белгиланган 13 қадам ўрнига тадбиркорлар Нотурар жой кўчмас мулкининг олди-сотдисида бор йўғи уч қадамдан ўтишлари лозим бўлади:

  • Дастлаб, сотувчи кадастр хизматининг ҳудудий корхонасидан белгиланган шаклдаги маълумотномани (кўчмас мулкнинг тегишлилиги ва тавсифлари тўғрисидаги) олади.
  • Кейинчалик, сотувчи харидор билан биргаликда нотариус қабулига ёзиладилар ва битимни рўйхатдан ўтказиш учун белгиланган вақтда етиб келадилар. Бунда, нотариус зарур бўлган маълумотларни бошқа ташкилотлардан бир сутка мобайнида олиши лозимлиги белгиланган.
  • Ва ниҳоят, харидор сотиб олинган кўчмас мулкка бўлган эгалик ҳуқуқини кадастр хизматининг ҳудудий корхонасида рўйхатдан ўтказади.

Шу тарзда нотариуслар нотариал хизматлр кўрсатиш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва маълумотларни тегишли давлат органлари ва корхоналари билан идоралараро ахборот ҳамкорлиги тизими орқали (шу жумладан, электрон кўринишда) тўғридан-тўғри оладилар. Бу каби бевосита ахборот алмашинуви тадбиркорлар томонидан мол-мулк олди-сотди битимининг амалга оширилишини нафақат соддалаштириб қолмасдан, балки уни тезлаштиради ҳам. Тартиботлар сонининг қисқариши натижасида кейинги «Бизнес юритиш 2016» ҳалқаро рейтингда «Мол-мулкни рўйхатдан ўтказиш» индикаторидаги Ўзбекистоннинг ҳолати яхшиланишини кутиш мумкин. Мол-мулкка бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказиш учун зарур бўлган қадамлар қисқаришидан ташқари, Жаҳон Банки рейтингининг услубиятига мувофиқ (тижорат омборхонаси мисолида) сотиш муддаталари 55 кундан 17 кунгача, услубиятда назарда тутилган ва аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромаддан 50 маротаба ортиқ деб белгиланган сарф-харажатлар эса мол-мулк қийматига нисбатан 1,3 фоиздан 0,5 фоизгача қисқаради.

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.