Ҳаммамиз яхши тушунамиз, агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи - маънавиятдир. Биз янги Ўзбекистонни барпо этишда ана шу иккита мустаҳкам устунга, яъни, бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиётга ҳамда аждодларимизнинг бой мероси, миллий ва умуминсоний ғояларни мужассам этадиган кучли маънавиятга таянамиз.    Шавкат Мирзиёев.

Бугунги кунда Ўзбекистон энг гўзал ва бетакрор юрт сифатида барчамиз учун азиз она Ватанимиздир. Ўзбекистондаги амалий ва жадал ислоҳотлар дунё ҳамжамиятининг эътирофига сазовор бўлмоқда. Эзгу янгиланишлар мамлакати бўлган Ўзбекис-тон барча ёшлар учун фахр ва ифтихор туйғусини уйғотади.

Ҳозирда ватанимиз узра ўзгаришлар шабадаси кезмоқда. Бу эртанги куннинг завқ-шавқи билан, ғайрат ва шижоат кўрсатиб меҳнат қилишга ундайди.

Янги Тараққиёт стратегияси асосида амалга оширилаётган ўзгаришларни бугун жаҳоннинг таниқли олимлари тан олди, шубҳага тўла қарашлари билан ажралиб турувчи экспертлар ҳам уларни истиқболли, дея баҳолаяпти. Республика раҳбари турли-туман башоратларга қарамай, давлатни янада очиқроқ қилишга интилди ҳамда бунинг натижаси кундалик ҳаётимизда намоён бўлмоқда.

Ҳар бир даврда барча ривожланган давлат ва жамиятлар ўзлари учун муҳим бўлган йўналишларда маълум бир мақсадларга элтувчи стратегияни ишлаб чиқади. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан бошланган демократик ислоҳотлар йўлини янада қатъий давом эттиришга ҳизмат қиладиган, 2022-2026 йилларда амалга оширишга қаратилган, асосий мақсади "Инсон қадри учун" деган устувор тамойилни тўла рўёбга чиқариш бўлган "Ҳаракатлар стратегиясидан - Тараққиёт стратегияси сари" тамойили асосидаги Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси эълон қилинди.

Бугунги даврда Янги Ўзбекистон "Инсон қадри устувор бўлган жамият ва халқпарвар давлат" деган муҳим ғоя негизида барпо этилмоқда. Давлатимиз раҳбари белгилаб берган бу улуғвор мақсад асосида халқимиз янгидан-янги ислоҳотларнинг ҳақиқий муаллифига айланиб бормоқда.

Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси етти йўналишдан иборат этиб белгиланганлиги эътиборга молик. Президентимиз мазкур рақамни бахт-саодат ва омад келтирадиган, эзгу ниятни рўёбга чиқарадиган хосиятли тимсол сифатида баҳолайдилар. Мазкур ҳужжатда "Ҳаракатлар стратегиясидан - Тараққиёт стратегияси сари" деган тамойил асосий ғоя ва бош мезон сифатида белгиланган ҳамда "инсон - жамият - давлат" деган янги тамойил фаолиятининг асоси ҳисобланади. Тараққиёт стратегияси 100 та миллий мақсадларни қамраб олган қуйидаги еттита устувор йўналишдан иборат:

  1. Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш.
  2. Мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш.
  3. Миллий иқтисодиётни ривожлантириш, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида таъминлаш.
  4. Адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш.
  5. Тараққиётни таъминлаш, ушбу соҳани тубдан ислоҳ этиш ва янги босқичга олиб чиқиш.
  6. Умумбашарий муаммоларга миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда ечим топиш.
  7. Мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ ва прагматик, фаол ташқи сиёсат олиб бориш.

 Стратегия  эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, адолат ва қонун устуворлиги - халқчил давлат қуриш, миллий иқтисодиётни, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида ривожлантириш,  адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, сифатли таълим-тарбия, маънавий ва маърифий соҳалардаги ислоҳотлар, Қуролли Кучларимиз қудратини янада ошириш сингари муҳим масалаларни қамраб олган. Аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшлар ва ишсиз фуқароларни давлат ҳисобидан малакали касб-ҳунарга ўқитиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, эҳтиёжманд аҳолини манзилли қўллаб-қувватлаш орқали 2026 йилгача камбағалликни икки баробарга қисқартиришни кўзда тутади.

Хулоса қилиб айтганда, янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси мамлакатимиз ривожининг муҳим фундаментал асосларини ўзида қамраб олган бўлиб, фаолиятимизнинг устувор вазифаларини белгилаб беради. Халқаро ҳамжамиятдаги давлатимиз мавқеи ва обрўсини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Д. ИсаҚов, Республика маънавият ва маърифат маркази

туман бўлинмаси раҳбари.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.