Март ойи азалдан янгиланиш ва ёшариш мавсуми ҳисобланади. Бу ойда табиат ўз қудратини намойиш этади. Қаҳратон қишда уйқуга чўмган дов-дарахтлардан тортиб қурт-қумурсқаларгача уйқуни тарк этиб, ўсиш ва ривожланиш йўлига тушадилар.

Шуниси эътиборга лойиқки, бу йилги март бошқача келди. Булутли ва ёмғирли кечди у. Аммо табиатнинг жонланиши секинлашса-да, жамиятимиз ҳаётида катта ўзгаришлар рўй берди. Бу эса давлатимиз раҳбари олиб бораётган ислоҳотлар туфайлидир.

АЁЛЛАР - ЖАМИЯТДА ЕТАКЧИ КУЧГА айланмоҚда

Мисол учун, ойнинг дастлабки кунларида  Президент Шавкат Мирзиёев раислигида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янги босқичга кўтариш ва аёлларнинг жамиятдаги ўрнини янада юксалтириш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, оилавий зўравонликнинг олдини олиш, Гендер тенгликни қарор топтиришга қаратилган муҳим чора-тадбирлар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

7 мартда Халқаро конгресс марказида ташкил этилган тадбир ҳам кенг жамоатчиликда катта таассурот қолдирди. Тантанада иштирок этган давлатимиз раҳбари аёлларни самимий табриклаб, уларга юксак эҳтиромини билдирди. Бир гуруҳ опа-сингилларимизга фахрий унвон, орден ва медаллар тақдим этилди,  Зулфия номидаги Давлат мукофотига муносиб топилганлар ҳам тақдирландилар.

Ҳамма жойда бўлгани каби туманимизда ҳам  хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш бўйича жуда кўп ишлар амалга оширилмоқда. Бу, халқимизнинг азалий қадриятларига ва анъаналарига тўла мос келади. Қадимдан буюк аждодларимиз -  саркарда ва сиёсатчилар, олиму фузалолар, шоир ва санъаткорлар  ёнида ҳамиша оқила, жасур ва фидойи момоларимиз бўлишган. Уларнинг   юксак ақл-заковати, теран фикр ва мулоҳазалари, Ватан равнақи ҳақида қандай қайғурганликлари тилларда достон бўлган.

Ҳозирги даврда ҳам хотин-қизларимиз мамлакат тараққиёти йўлида, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш мақсадида астойдил меҳнат қилмоқдалар. Улар айниқса, таълим, тиббиёт каби бир қатор соҳаларда етакчи куч ҳисобланади. Шу билан бирга, юқорида тилга олинган видеоселектор йиғилишида ҳозиргача аёллар салмоғи кам жабҳалар борлиги қайд этилди. Ана шулардан бири давлат бош-қаруви тизимидир.  Президентимиз бу ҳақда сўзлаганда, айтган гаплари барчанинг ёдида қолди.

"Аёллар ишлаган ва раҳбарлик қилган жойларда тартиб, адолат, ҳалоллик, маданият юқори бўлиши ҳеч кимга сир эмас, - деди у. - Шу боис, ҳар бир вазирлик, давлат компанияси, банк ва бошқа идоралар бир-икки йил ичида ўз тизимидаги аёлларни раҳбарликка ўқитиб, камида 1 нафар ўринбосарини ҳам аёллардан қўяди".

Шундай экан,  аёллар ҳам кўрсатилаётган ғамхўрликларга амалий жавоб беришлари даркор. Давлат ёки жамоатчилик ишидами, оиладами, фарзанд тарбиясидами, ҳамма соҳада улардан  намунали бўлиш талаб этилади. 

 

САЛОМАТЛИК - ТУМАН БОЙЛИК

Халқимизда ана шундай нақл бор. Бу, бежиз айтилмаган. Унинг нақадар тўғрилигига ҳар бир  киши кўп бор ишонч ҳосил қилган. Юртимизда аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни янада яхшилаш юзасидан кенг кўламли ишлар бошланганига анча бўлди. Соҳани ривожлантиришга қаратилган қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Бироқ бугунги кунда юзага келган ҳолат чуқур таҳлил этилса, ҳали камчилик ва нуқсонлар кўплиги, бу эса аҳолининг ҳақли эътирозларини келтириб чиқараётгани аниқ бўлади.

Президентимизнинг  шу йил 18 мартда шифокорлар билан ўтказган мулоқотида ана шу ҳақда фикр юритилди. Бу тадбир бошидан охиригача фақат юртдошларимиз соғлигини сақлашга қаратилгани эътиборга моликдир.  Менда давлатимиз раҳбарининг қуйидаги сўзлари айниқса, катта таассурот қолдирди: "Биз халқимиз саломатлиги учун ҳар қанча маблағ ва куч-имконият сарфлашга тайёрмиз. Шахсан мен учун халқимиз саломатлиги ҳамма нарсадан устун ва қадрли."

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидай, эл-юртимиз азалдан шифокорларни, инсон саломатлигини асрашдек эзгу ва савобли ишга бутун борлиғини бағишлаган фидойи зотлар, деб билади ва ҳамиша қадрлайди. Чунки одамлар уларга ўзларининг энг бебаҳо бойликларини - ҳаётларини ишониб топширади.

Буюк бобомиз Абу Али ибн Синонинг: "Инсон дардига дармон бўлмоқ - олижанобликнинг энг юксак намунасидир", деган сўзлари ҳам бу фикрни тасдиқлайди. Туб ислоҳотларимизнинг дастлабки кунларидан бошлаб биз халқимиз соғлиғини мустаҳкамлашга энг устувор вазифа, деб қараб келинмоқда.  Бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади, деб ўйлаймиз.

 

ИНВЕСТИЦИЯЛАР - БОШ МАСАЛА

Ойнинг яна бир муҳим воқеаси - биринчи Тошкент халқаро  инвестиция форумидир. Мазкур анжуман 24-26 март кунлари бўлиб ўтди. Дунё ишбилармонлари, сармоядор ва йирик хал-қаро молиявий ташкилотлар раҳбар ҳамда мутасаддиларини жамлаган мазкур тадбирнинг аҳамияти жуда катта бўлди. Унда муҳокама этилган мавзулар долзарблиги билан ажралиб турди.  Шунинг учун имзоланган ҳужжатлар, эришилган келишувлар истиқболли бўлди, деб бемалол айтиш мумкин. 56 мамлакатдан 1,5 мингга яқин йирик инвесторлар ва юқори даражадаги меҳмонлар, халқаро ташкилотлар ҳамда молия институтлари вакиллари қатнашганлиги эса форумнинг салоҳияти қанчалик юқори бўлганлигидан далолат беради.

Анжуман  доирасида давлатимиз раҳбари қатор икки томонлама учрашувлар ўтказди. У Ялпи мажлисда сўзлаган нутқида мамлакатдаги қулай инвестициявий муҳит, тадбиркорлар учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида батафсил сўзлаб берди. Кейинги даврда бу масала бў-йича жуда кўп иш қилинди.  Натижада иқтисодиётимизга жалб этилган йиллик хорижий инвестициялар ҳажми уч ярим баробарга ошиб, охирги 5 йилда уларнинг умумий қиймати 25 миллиард долларни ташкил этди. Бунинг ҳисобига 59 мингта инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши 2,5 миллиондан ортиқ янги иш ўринлари яратилишига муносиб ҳисса қўшди. Шунингдек, тўқимачилик, чарм-пойабзал, фармацевтика, электротехника, кимё ва нефть-кимё, қурилиш материаллари, озиқ-овқат саноати ва бош-қа кўплаб соҳалардаги қайта ишлаш даражасини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга ҳамда экспортимизнинг йиллик ҳажмларини салкам 20 миллиард долларга етказишга эришилди.

Форумда  Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдуразақов бошчилигидаги делегация ҳам иштирок этди. У бир қатор хорижий давлатлар компаниялари вакиллари билан учрашувлар ўтказди. Хусусан, Австрия Республикасининг "АМЕ International" компанияси вакиллари билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Ушбу йирик компания тиббиёт муассасалари ва тиббиётни рақамлаштириш бўйича эксперт компаниялардан бири ҳисобланади. Бундан ташқари, тиббиёт воситалари ишлаб чиқариш, соғлом турмуш тарзини ҳаётга татбиқ этиш бўйича ҳам бой тажрибага эга. Учрашувда кўп томонлама манфаатли келишувлар бўйича музокаралар ўтказилди.

Юқорида биз мамлакатимизда март ойида бўлиб ўтган атиги учта йирик воқеага тўхталдик, холос. Аммо шуларнинг ўзидаёқ қатрада қуёш акс этганидек, юртимизда олиб борилаётган туб ислоҳотлар кўлами ниҳоятда кенглигидан далолат беради. Бу, айни пайтда ватан ва халқ манфаати йўлида самарали бун-ёдкорлик меҳнатига чорлайди.

Анорбой ОЛИМОВ.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.