Қоратоғ этакларида, Юмалоқшайх МФЙ ҳудудидаги бу жойни маҳаллий аҳоли қадим-қадимдан Лангар ота зиёратгоҳи сифатида муқаддас билади. Бу ерда битта қабр ҳам аҳоли томонидан алоҳида муҳофазага олинган. Маҳаллий аҳоли бу жой Лангар ота деб аталишини таъкидлаб, бу ҳақда ривоят ҳам айтиб беришади.

Мамлакатимиз бўйлаб Лангар номи билан аталадиган жой   кўп. Шаҳрисабз, Яккабоғ, Қамаши, Чироқчи, Сариосиё, Хатирчи, Фарғона, Тўрақўрғон ва Қувадаги шу ном билан аталувчи манзиллар бунга мисол. Дарҳақиқат, бебаҳо қадриятларимиз ва муаззам тарихимиз саҳифаларида Лангар ота номи билан боғлиқ муқаддас маконлар ҳамда ривоятлар бир талай. Исломий маърифат дарғалари - шайхлар ва азиз авлиёлар макон топган бу табаррук манзилларда аждодларимизнинг бугунги кун ёшлари маънавий камолоти учун асқотадиган беназир сабоқларини учратиш мумкин.

Мамлакатимизда тарихий ёдгорликлар, меъморий обидалар, қадамжолар анчагина. Улар ислом динидан аввал, оташпарастлик, буддавийлик ақидалари ҳукм сурган пайтларда ҳам бўлган. Уларнинг қолдиқлари тоғларда кўп учрайди. Ислом дини ёйилгач, масжид ва мадрасалар, улуғ шайхлар дафн этилган жойларга мақбаралар қурилган. Уларни зиёрат қилиш одат тусига кирган. Ана шундайлардан бири шубҳасиз,  туманимизнинг Юмалоқшайх қишлоғида денгиз сатҳидан минг метр баландликдаги Лангар ота қабридир. 

Ривоят қилишларча, бир авлиёнинг қабри айнан шу жойда экан. Бу "Катта Лангар шайхлари" деб ном олган Ишқия тариқати вакилларидан бирларининг қабрлари бўлиши ҳам мумкин.  Тахминлар кўп, лекин аниқ далил,  афсуски, ҳозирча бизда мавжуд эмас.

Нақл  қилишларича, қадимда, ҳатто яқин ўтмишда бу ердан ўтган ҳар бир киши, албатта, бир зум тўхтаб қоларкан. Шу жойга етиб келганда, отлар ҳам юришдан тўхтаркан. Қанча уринишмасин, отлар бир қадам юрмас экан. Отдан тушиб, бу ерни зиёрат қилгандан кейингина йўлни давом эттириш мумкин бўлган  экан. Бу қария-лардан эшитганларимиз.

Хўш, бу каби бир неча табаррук қадамжолар нега Лангар ота номи билан аталади? Турли манбаларда турлича ёзиладиган лангар атамаси кўпроқ мувозанатни сақлаш, ҳаракатни бир маромда тутиб туриш маъносини англатади. Баъзи ривоятларда ислом динида сўфи ва дарвешлар лангар ташлаш орқали жойлашадиган ерларини аниқлашгани, шунингдек, бу атама мўғулча лангўр - қабр,  яъни энг катта авлиёнинг қабри ёки бошқача таърифда мусофирхона, хайр-эҳсон тарқатиладиган жой, азиз-авлиёлар лангар ташлаган макон маъноларини бериши айтилади. Лангар атамаси тўғрисида бошқа фикрлар ҳам мавжуд. Яъни у тарихий шахс эмас, жой номи билан боғлиқ бўлиб, марказ, қалъа, қўрғон, бандаргоҳ сўзларига муқояса қилинади. Айтишларича, илгари бу ҳудуддан оқиб ўтувчи қалмоқ ариқ ниҳоятда серсув бўлган экан.

М. АКРАМОВ, вилоят тарихи ва маданияти

давлат музейи туман филиали мудири.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.