Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг "Янги Ўзбекистон" газетасида чоп этилган интервьюси муҳим воқеалардан бири бўлди. Уни биз, оммавий ахборот воситаларининг ходимлари ҳам катта қизиқиш билан ўқидик. Мутолаа жараёнида чиқарган дастлабки хулосамизга кўра, давлатимиз раҳбарининг миллий оммавий ахборот воситасига берган мазкур биринчи  интервьюси ўзининг кенг қамровлилиги билан ажралиб турибди.   Сабаби - унда ижтимоий ва иқтисодий ҳаётнинг турли соҳаларида, атрофимизда рўй бераётган  воқеа-ҳодисаларга холис муносабат, ички ва ташқи сиёсатнинг энг муҳим йўналишларига берилган теран баҳолар ўз аксини топган. Шу билан бирга, йўл қўйилган хато ва камчиликлар ҳам рўй-рост тилга олинган, уларни бартараф этиш учун нима иш қилиш кераклиги кўрсатилган.

Газетада босилган жозибали ва долзарб суҳбат билан танишар эканман,  Президентимизнинг бундан уч йилча муқаддам нима учун интервью бермасликларини қандай изоҳлаганликлари ёдга тушади.   "Қачонки ишимизда натижа бўлса, кейин интервью бераман", деган эдилар ўшанда. Чиндан ҳам Шавкат Миромонович мамлакатга раҳбарлик қила бошлаганига яқинда беш йил тўлади. Ўтган даврда эришилган натижаларни таҳлил этиш, ютуқ ва камчиликларни аниқлаш ва уларни изоҳлаш пайти энди келди, дейиш мумкин. Шу жиҳатдан қараганда, интервью айни вақтида чоп этилган.

"Ҳеч шубҳасиз, истиқлол йилларида юртимизда янги давлат ва жамият қуриш йўлида тарихий ишлар амалга оширилди, мард ва олижаноб халқимизнинг букилмас иродаси ва улкан салоҳияти билан катта марралар забт этилди. Тарихан қисқа муддатда мамлакатимиз Конституцияси - Асосий қонунимиз ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. Ватанимиз суверен давлат сифатида жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллади. Ўзбекистонда замонавий давлатчилик асослари яратилиб, конституциявий тузумга асос солинди. Давлат ҳокимиятининг учта мустақил тармоғи - қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятлари қарор топди. Том маънодаги конституциявий давлат барпо этилди.

Ўзбекистон Республикасининг суверенитети ва давлат мустақиллигини, сарҳадларимиз дахлсизлиги, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаёти ҳамда миллий манфаатларимизни ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган Қуролли Кучлар ташкил этилди. Миллий валютамиз - сўм жорий этилди ва олтин-валюта захираларимиз шакллантирилди. Қадимий тарихимиз, бой маданий меросимиз, миллий-диний қадриятларимиз, ўзлигимиз тикланди.

Мана шундай унутилмас тарихий жараёнларда фаол иштирок этиш насиб этганидан бахтиёрман."

Президентимизнинг юқоридаги самимий дил изҳори ўтган даврда амалга оширилган ишларга берилган қисқа ва лўнда таъриф дейиш мумкин. Албатта, босиб ўтилган йўлда ўзига яраша тўсиқлар ва мураккабликлар бўлган. Эски тузумдан воз кечиб, демократик жамият барпо этиш осон кечмади. Бундай вазиятдан чиқиш  учун билим ва тажриба, ирода ва қатъият етишмай қолган ҳоллар ҳам бўлди. Шунда  янги ислоҳотларни амалга ошириш объектив заруратга айланди. Бундан бошқа йўл йўқлиги равшан эди.

Бир неча кун аввал вилоятимизда "Янги Ўзбекистон демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланмоқда" мавзуида илмий-амалий конференция ташкил этилди. Бу тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти  Ш. Мирзиёевнинг "Янги Ўзбекистон" газетасида эълон қилинган  интервьюсига бағишланди.  Иштирокчилар "Янги Ўзбекистон демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланмоқда" интервьюсидан келиб чиқиб вилоятда амалга оширилаётган амалий ишлар натижалари, истиқболда олдинда турган вазифалар бў-йича Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдуразоқовнинг маърузасини тингладилар. Барча жабҳаларда олиб борилаётган амалий ислоҳотларни чуқурлаштириш, кўламини янада кенгайтириш бўйича Президентимиз олдимизга қўйган вазифалар ҳар биримиз учун дастуриламал бўлиши кераклиги алоҳида таъкидланди.

Конференцияда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлиги ҳақида кўп ва хўб фикр юритилди. Айниқса, камбағалликни қисқартиришга қаратилган тадбирлар халқимиз томонидан кенг қўллаб-қувватланаётганлиги қайта-қайта қайд этилди. Қилинган амалий ишлар натижаси ҳақидаги маълумотлар эътиборни тортмай қўймайди.

2020 йилнинг октябрь-декабрь ойларида ўтказилган хатлов натижасида вилоят бўйича 35 минг 275 нафар хотин-қизлар "Аёллар дафтари"га киритилган бўлса, бугунги кунга қадар уларнинг 34 минг 911 нафарига ёки 98,6 фоизига амалий ёрдамлар кўрсатилди.  20 минг 122 нафар ишсиз аёлларнинг бандлиги таъминланди. Уларнинг ҳаммаси  ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар эди. 920 нафар хотин-қизлар томорқадан даромад манбаи сифатида фойдалана бошлади. 5 минг 334 нафар хотин-қизларга уларнинг талаби билан 53,8 млрд. сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилди. 

Шунингдек,  вилоятда 2020 йилда "Темир дафтар"га 34 минг 761 та оила (156 минг 861 нафар оила аъзолари) киритилган эди. Уларни қўллаб-қувватлаш юзасидан кенг кўламли тадбирлар амалга оширилди. Натижада 2021 йил 1 январь ҳолатига 29 минг 711 та оила (134 минг 637 нафар оила аъзолари) рўйхатдан чиқарилди. 

Президентимиз ташаббуси билан юртнинг ободлигини таъминлаш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш юзасидан олиб борилаётган ишлар ҳам эътиборга лойиқ, деб ўйлайман. Конференцияда таъкидланганидек, бу йил вилоятда 22 та қишлоқ ва 4 та маҳалла "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурларига киритилиб, уларнинг бош режалари ишлаб чиқилган. Дастурлар доирасида 2 трлн. 304 млрд. сўмлик ишлар бажарилади.  Мазкур қишлоқ ва маҳаллаларда 17 минг 221 та хонадон мавжуд. Демак,  уларда истиқомат қиладиган 88 минг 136 нафар аҳолининг яшаш шароитлари яхшиланади, маҳалласига, кўчасига ободлик ва тараққиёт кириб боради. Бу эзгу ишларнинг барчаси "маҳаллабай" ишлаш тизимининг натижасидир.

Қисқаси, Президентимизнинг "Янги Ўзбекистон" газетасига берган интервьюсини ҳар биримиз чуқур ва пухта ўрганиб чиқишимиз зарур. Унда келтирилган таҳлиллар, билдирилган йўл-йўриқ ва тавсиялар асосида иш ташкил этсак, маъқул иш бўлади. Тараққиётнинг ҳозирги бос-қичида олдимизга қўйилаётган янги вазифалар масъулияти айнан шуни тақозо этади.

 

Анорбой ОЛИМОВ.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.