Электрон ҳукуматни ривожлантириш доирасида шахсни тасдиқлашнинг қўшимча шакллари татбиқ этилади.

Вазирлар Маҳкамасининг “Электрон ҳукуматни ривожлантириш доирасида шахсни тасдиқлашнинг қўшимча шаклларини татбиқ этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг электрон ҳукумат доирасида тақдим этилаётган хизматларга шахсни тасдиқлашнинг қўшимча шакл ва усулларини яратиш имконини жорий этиш мақсадида “Электрон ҳукумат фойдаланувчиларини мобил телефон рақами бўйича идентификация қилиш” идоралараро ахборот тизимини яратиш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.

Белгиланишича, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги “Мобил идентификация” ахборот тизимининг шакллантириш ва ривожлантиришга масъул орган ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги:

2020 йил 1 июнга қадар “Мобил идентификация” ахборот тизимини яратиш бўйича техник ҳужжатларни тасдиқлайди;

2020 йил 1 июлга қадар “Мобил идентификация” ахборот тизимини техник ишлаши ва ривожланишига масъул бўлган операторни белгилаш бўйича идоравий қарорни қабул қилади;

2020 йил 1 сентябрга қадар “Мобил идентификация” ахборот тизимини ишлаб чиқилишини ҳамда электрон ҳукумат ҳамда мобил алоқа операторларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминлайди.

Белгиланишича:

“Мобил идентификация” ахборот тизимини яратиш ва кейинчалик техник қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ харажатлар электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга ажратиладиган маблағлар доирасида Ахборот-коммуникация технологияларни ривожлантириш Жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади;

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг “Мобил идентификация” ахборот тизими орқали шахсни идентификация қилиш хизматларини тақдим этиш бўйича вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан ўртасидаги муносабати ўрнатилган тартибда шартнома асосида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги мобил алоқа операторлари билан биргаликда:

а) 2020 йил 1 июлдан ўзларининг ахборот тизимларида мажбурий тартибда янги ва амалдаги жисмоний шахслар – абонентлар учун жисмоний шахсларнинг шахсий идентификация рақамини (ЖШШИР) жорий этилиши ва юритилишини таъминлайдилар;

б) 2020 йил 1 сентябрдан:

мобил алоқа операторларининг ахборот тизимлари ва “Мобил идентификация” ахборот тизими ўртасида реал вақт режимида жисмоний шахслар тўғрисидаги қуйидаги маълумотларни тақдим этиш бўйича электрон ҳамкорликни йўлга қўядилар:

абонентнинг ЖШШИР бўйича – абонентнинг телефон рақами;

абонентнинг телефон рақами бўйича – абонентнинг ЖШШИР.

Мобил телефон рақамлари идентификациядан ўтган жисмоний шахслар-абонентлар тўғрисидаги маълумотларни “Мобил идентификация” ахборот тизимига реал вақт режимда тақдим этиб борилишини таъминлайдилар.

Шундай тартиб белгиланадики, унга мувофиқ 2021 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикасида идентификация ID-карталарини беришда, жисмоний шахсларга электрон ҳукумат тизимлари ва электрон давлат хизматларидан фойдаланишлари учун уларнинг шахсларини электрон тасдиқлаш имкониятини берувчи электрон рақамли имзо калитлари ҳамда сертификатлари автоматик равишда шакллантирилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда:

а) 2020 йил 1 июндан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Қонуни талабларига мувофиқ мобил алоқа операторларига реал вақт режимида жисмоний шахсларнинг абонентларнинг паспорт маълумотлари асосида ЖШШИР тақдим этиш бўйича электрон сервисни ишга туширади ҳамда узлуксиз ишлаши таъминлайди;

б) 2020 йил 1 июлга қадар Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда шахсларга электрон ҳукумат тизимлари ва электрон давлат хизматларидан фойдаланишлари учун уларнинг шахсларини тасдиқлаш имкониятини берувчи электрон рақамли имзо калитлари ҳамда сертификатлари автоматик равишда шакллантиришга қаратилган зарур ташкилий-техник чоралар амалга оширилиши назарда тутган “Йўл харитаси” тасдиқланишини таъминлайдилар.

Манба: kun.uz

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.