Мамлакатимиз Президентининг "Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими самарадорлигини ошириш ва пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтиришга оид қўшимча чора- тадбирлар тўғрисида"ги Фармонига асосан 2019 йилнинг 1 январидан эътиборан пенсия ёшида меҳнат қилаётган барча фуқароларга ойлик маоши билан бирга, пенсия ҳам тўлиқ тўланадиган бўлди.

Анваржон ДАДАЖОНОВ,

бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси туман бўлими бошлиғи ўринбосари:

-Юртимизда инсон шаъни, қадр-қиммати улуғ, айниқса, узоқ йиллар ҳалол меҳнат қилиб, эл-юрт равнақига ҳисса қўшганларга эътибор ва ғамхўрлик кучайтирилмоқда.

Президентимизнинг "Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими самарадорлигини ошириш ва пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони пенсионерларнинг моддий манфаатдорлигини янада оширишга замин яратди.

Фармон билан пенсионерлар икки томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Жумладан, 2019 йилнинг 1 январидан эътиборан ишловчи пенсионерларнинг барчаси ҳам ойлик, ҳам пенсиясини тўлиқ оладиган бўлди. Яна бир янгилик, пенсияни ҳисоб-китоб қилишда, иш ҳақининг максимал миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 8 баробаридан 10 баробаригача оширилмоқда. Бу дегани, энди пенсионерлар қўшимча равишда, ўртача 65 мингдан 250 минг сўмгача бўлган миқдорда пенсия пули олади.

Туманимизда 1432 нафар пенсионер бу имкониятдан баҳраманд бўлса, 365 нафар ишловчи пенсионерга ойлик маоши билан бирга, пенсияси ҳам тўлиқ тўланади.

Яна шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, Президентимиз раҳнамолигида юртимизда пенсия таъминотидаги ислоҳотлар халқаро меҳнат бозоридаги талабларга тўла мос келмоқда.

Пенсия таъминотидаги янги тартиб ёшга доир пенсия тўловида фуқаро йўқотадиган даромадининг камида қирқ фоизини қоплаш имконини беради.

Муҳаммадамин Азизов, пенсионер:

-Бир соҳада 35-40 йил ишлаган киши бой ҳаётий тажрибага эга бўлади, ўз соҳасининг ҳақиқий билимдонига айланади. Мазкур фармон ана шундай тажрибали, етук мутахассисларни ўз касбига қайтишига имконият яратмоқда. Шубҳасиз, уларнинг бой тажрибаси, касбга бўлган кўникмаси соҳасининг ривожига асқотади. Қолаверса, пенсионерларнинг ёшларга тўғри йўл кўрсатиб, ўз ортидан эргаштириши етук кадрларнинг етишиб чиқишига замин яратади.

Раҳимжон Абдуллаев, шифокор:

-Юртимизда замонавий, малакали кадрларни тайёрлашга эътибор кучайтирилмоқда. Биргина тиббиёт соҳасини олсак, билимдон, ғайратли, янгиликка интилувчан ёшлар сафимизга қўшилмоқда. Шу билан бирга кўп йиллик тажриба ва малакага эга шифокорларнинг борлиги, улар ҳамон сафдалиги соҳа ривожига хизмат қилмоқда, десак янглишмаймиз. Улар ўзларининг бой тажрибаларини ёшларга ўргатиб, устоз деган шарафли номни оқлаб келишмоқда.

Президент фармони билан энди ишлаётган пенсионерлар ҳам ойликни, ҳам пенсияни тўлиқ оладиган бўлишди. Бу катта рағбат. Фармон инсон манфаатига эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир намунасидир.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.