Туман ҳокими, фуқаро муҳофазаси бошлиғи Ж. Юлдашевнинг "Туман ҳудудида 2018-2019 йилларнинг куз-қиш мавсумида аҳоли пунктларини, ижтимоий-иқтисодий объектларни электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ ҳамда кўмир ёқилғиси билан узлуксиз таъминлаш тизимини ташкил этиш бўйича ўтказилган кўргазмални махсус-тактик ўқув машқларини ўтказиш тўғрисида"ги буйруғига асосан туманда махсус - тактик ўқув машқлари ўтказилди.

"Куз-қиш мавсумида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш" ойлиги доирасида уюштирилган ушбу тадбирда фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш идоралари, "Тумангаз", туман электр тармоқлари корхоналари, Наманган телеком туман филиали, туман тиббиёт бирлашмаси, уй-жой, коммунал хўжалиги, фавқулодда вазиятлар, туман ички ишлар бўлими, ёнғин хавфсизлиги бўлинмаси, туман ДСЭНМ каби хизмат кўрсатувчи ташкилотлар, уларнинг куч ва воситалари жалб қилинди.

Куз-қиш мавсумида барча аҳоли пунктларига, айниқса, марказлардан олисда жойлашган аҳоли пунктларига электр энергияси табиий ва суюлтирилган газ ҳамда кўмир ёқилғисини узлуксиз етказиб бериш тизимини шакллантириш ҳамда бу ишларни мавсум давомида барқарорлигини таъминлаш долзарб вазифалардандир. Шунингдек, коммунал соҳада юзага келиши мумкин бўлган аварияларни тезкорлик билан бартараф этишга қаратилган куч ва воситалар шайлиги ҳамда моддий-техник ресурслар захирасини яратиш ҳам муҳимдир. Ўқув машқни ўтказишдан кўзланган мақсадлар ҳам ана шундан иборат бўлди.

22-мактабнинг спорт майдонида ташкил этилган тадбирнинг дастлабки босқичида ўқув машқларига сафарбар этилган хизматлар ва ташкилотларнинг доимий тайёргарликдаги тузилмаларининг куч-воситаларининг саф кўриги бўлиб ўтди. Унда куч-воситаларнинг асбоб-анжомлари, эҳтиёт қисмлари ва ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари билан таъминланганлиги ва белгиланган вазифаларни бажаришга тайёргарлиги назоратдан ўтказилди.

Саф кўригига бағишланган тадбирни туман ҳокимининг ўринбосари М.Исомиддинов очди ва олиб борди.

Вилоят фақулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ғ. Умирбеков сўз олиб, махсус - тактик ўқув машқларининг  мақсади ва вазифалари ҳамда аҳамияти ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.

Шундан сўнг, туман ЁХБ бошлиғи А. Эргашев, Ёнғинга қарши кураш кўнгилли жамияти туман бўлими раиси Б. Нуриддинов, туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи, туман Кенгаши депутати О. Қосимов, мутахассис - шифокор Б. Сотиволдиев, туман ДСЭНМ бош врачи Б. Раҳимбоев, "Тумангаз" корхонаси бош муҳандиси, туман Кенгаши депутати Н. Орипов, туман электр таъминоти корхонаси бошлиғи А. Худойбердиев ва бошқалар қиш мавсумида ёнғин хавф-сизлигини таъминлаш, ис газидан эҳтиёт бўлиш чоралари, ботулизм ва бошқа хавфли касалликларнинг келиб чиқиши хавфини бартараф этиш, табиий, суюлтирилган газ ва кўмир ёқилғисидан хавфсиз фойдаланиш, электр таъминоти барқарорлиги, ундан оқилона фойдаланиш каби масалаларда батафсил тушунчалар беришди.

Тадбирда тузилмаларнинг "йиғин" сигнали бўйича белгиланган муддатларда тегишли жойларга етиб келиши, содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш, қутқарув ва бош-қа кечиктириб бўлмайдиган ишларни бажариш, жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, эвакуация қилиш ва даволаш муассасаларига жўнатиш каби тезкор ўқув - машқлар ўтказилди.

Кўргазмали махсус-тактик ўқув машқлар йиғинида туман ҳокими, фуқаро муҳофазаси бошлиғи Ж. Юлдашев қатнашди.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.