Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил 2-3 май кунлари Наманган вилоятига ташрифи чоғидаги фаоллар билан учрашувда Наманган вилоятида йирик ишлаб чиқариш саноати йўқлигини таассуф билан эътироф этиб, вилоятда йирик автомобиль заводи қуриш лойиҳаси амалга оширилиши ҳақидаги эзгу мақсад билан наманганликларни хушнуд этган эди.

Бу вилоят аҳлига қувонч ва ғурур бағишлаган бўлса-да,ушбу лойиҳага шу қадар тезкорлик билан киришилишини кўпчилик тасаввур қилмаган эди.

Бироқ ўша тарихий ташрифдан роппа-роса йигирма кун ўтиб мамлакатимиз автомобилсозлик саноатининг йирик лойиҳаларидан бирини амалга ошириш йўлидаги дастлабки қадамлардан бири сифатида Жанубий Корея-нинг "Evergreen Motors Group" компанияси президенти Ким Чанг Кён вилоятга ташриф буюрди.

Давлатимиз раҳбарининг ўтган йили ноябрь ойида Жанубий Кореяга ташрифи эса икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик алоқалари истиқболини янги босқичга кўтариб, бошқа кўплаб лойиҳалар орасида "Hyundai" автозаводи қурилиши билан боғлиқ лойиҳанинг рўёби янада тезлашиб кетди. Бугун эса бу борадаги ишлар қоғоздан бевосита амалиётга кўчди.

Дастлаб вилоят ҳокимлигида "Hyundai" тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бўйича инвестицион шартномани имзолаш маросими бўлиб ўтди. Шартномани Ўзбекистон Республикаси томонидан Наманган вилояти ҳокими Х. Бозоров, Корея Республикаси томонидан "Hyundai Motor" компаниясининг юк машиналари бўйича президенти Ли Ин Чэол, "Posco-Daewoo corporation" компанияси Автоматив бўлими президенти ўринбосари Ли Санг Хун ва "Evergreen Motors" компанияси Президенти Ким Чанг Кён имзоладилар.

Шартномаларни имзолаш маросимида шунингдек Жанубий Корея Республикасининг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси элчиси Квон Ён У, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича Давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Л. Қудратов, Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирининг ўринбосари С. Саифназаров, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими Б. Юсупов ва бошқа расмий идора вакиллари, халқаро ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари журналистлари иштирок этди.  Куннинг иккинчи ярмида Тўрақўрғон туманида "Hyundai" тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш янги заводининг тамал тошини қўйиш маросими бўлиб ўтди. Маросимда Корея делегацияси билан биргаликда Малайзия, Индонезия, Хитой Халқ Республикаси ва Таиланд каби ҳамкор давлатларидан ишбилармонлар вакиллари ҳам таклиф этилди.

Вилоят, шаҳар ва барча туманлар давлат бошқаруви идоралари, иқтисодиёт тармоқлари, жамоат ташкилотлари мутасаддилари, аҳоли, фахрийлар ва ёшлар вакиллари иштирок этган тантанали маросимда Ўзбекистон ва Жанубий Корея давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари тобора мустаҳкамланиб бораётгани таъкидланди. 

- Бугунги кунда вилоятимизнинг ўзидагина Жанубий Корея инвестицияси иштирокидаги 17 та қўшма ва хорижий корхона фаолият кўрсатаётгани фикримизнинг далилидир, - деди вилоят ҳокими Х.Бозоров. -Ушбу "Hyundai-Namangan KD" янги завод қурилиши ҳам мамлакатимиз автомобилсозлиги тарихидаги муҳим қадамлардан бири бўлиши билан биргаликда вилоятимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида катта аҳамиятга молик лойиҳалардан бири сифатида халқимиз фаровонлиги, юртимиз равнақига хизмат қилади.

Ўзбекистон Жанубий Корея билан иқтисодий, ижтимоий ва маданий алоқалар борасидаги ҳамкорлик алоқалари йил сайин кенгайиб бораётган энг ишончли ҳамкор давлатлардан биридир, - дейди "Hyundai Motor" компаниясининг юк машиналари бўйича президенти Ли Ин Чеол. - Биз бугун қўйилган тамал тошининг самарасини янги йилнинг худди шу кунларида кўришга ишонамиз.

Корея Республикасининг "Hyundai Motor", "Evergreen Motors" ва "Posco-Daewoo corporation" компаниялари ҳам-корлигида қурилиши режалаштирилган бу завод,2019 йилнинг сентябрида илк маҳсулотларини чиқаришни бошлайди. Дастлаб йилига 400 та кичик юк машиналари, микроавтобуслар ҳамда автобуслар ишлаб чиқарилади. Босқичма-босқич бу кўрсаткич 3000 тага етказилади. Маҳаллийлаштириш дастури асосида 50 фоиз эҳтиёт қисмларни шу ернинг ўзида ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Дастлабки босқичда 1000 та, завод тўла ишга туширилгач 6 мингдан зиёд иш ўрни яратилади.

Корея делегацияси ва республика вазирликлари ҳамда вилоят раҳбарияти томонидан рамзий лента қирқилиб, "Hyundai-Namangan KD" янги завод пойдеворига белкуракларда қум ташлаб, ўзига хос тамал тоши қў-йилди.

Мазкур тарихий воқеа муносабати билан меҳмонлар шарафига Наманган шаҳридаги "Диёр" тантаналар мажмуасида бир пиёла чой устида ташкил этилган маросимга вилоят санъаткорлари, ёш истеъдодлар ижросидаги ўзбек ва корейс миллий куй-қўшиқлари, жаҳон мусиқа санъатининг ноёб дурдоналари янада файз бағишлади.

Тамал тошини қўйиш маросимида вилоят ҳокими Х.Бозоров сўзга чиқди.

 

Акрамжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев

(сурат), ЎзА.

 

ЭЗГУ МАҚСАДЛАР РЎЁБИДАН бошимиз кўкка етди

Юртбошимизнинг элу юртимиз манфаатини ўйлаб, узоқни кўзлаб айтган эзгу мақсадларини жуда қисқа вақтда амалга ошаётганлиги туманимиз аҳлини ҳам қувончига-қувонч қўшди. Ким билан суҳбатлашмайлик, ушбу йирик лойиҳани бошланганлигини ўзгача фахр-ифтихор билан тўлқинланиб эътироф этмоқда. Қуйида турли соҳа вакиллари ўз қалб сўзларини изҳор этадилар.

Муҳаммадали АЗИЗОВ, меҳнат фахрийси:

-Яқиндагина, яъни, шу йил 2-3 май кунлари муҳтарам Президентимиз вилоятимизга ташрифлари чоғида Наманганда HYUNDAI автомобилларини иш-лаб чиқарадиган завод қурилиши ҳақидаги хушхабарни айтиб, барчамизни беҳад қувонтирган эдилар. Буни қарангки, орадан беш ой ўтар - ўтмай бу улкан лойиҳанинг тамал тоши қўйилди. Бу билан  вилоятимизда Президентимиз ташаббуси билан яна бир муҳим тармоқ - автомобилсозлик саноатини йўлга қўйишга асос солинди. Бу қувончли хушхабар халқимизни беҳад хушнуд этди. Чунки бундай йирик - йирик лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этилиши халқимиз фаровонлигини янада оширишга, юртимиз равнақига хизмат қилади. Корхонада юк кўтариш сиғими 1 тоннадан 50 тоннагача бўлган юк автомобиллари шаҳар ичида қатновчи, шаҳарлараро ва сайёҳлик русумидаги автобуслар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилар экан. Албатта, бундай транспортлар халқ хўжалиги, аҳолига транспорт хизмати кўрсатишда жуда-жуда асқотади. Энди бундай автомобилларни вилоятимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйилиши барчамизга фахр ва ифтихор туйғуларини бағишлайди.

 

Саломатхон САРКАРОВА, туман тиббиёт бирлашмаси касаба уюшма қўмитаси раиси:

-Энди гўзал Наманганимизда ҳам автомобиллар ишлаб чиқарилади! Бу хушхабар барчамизни бирдек қувонтирди. Муҳтарам Президентимиз қайси вилоят ва туманга ташриф буюрмасин, аввало, иқтисодиётни тараққий эттириш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш, аҳоли даромадларини ошириш бўйича қимматли фикрларни билдириб, истиқболи лойиҳаларни ҳаётга изчиллик билан татбиқ этиш бўйича тегишли кўрсатмалар бериб келмоқдалар.

Давлатимиз раҳбари шу йил май ойи бошларида вилоятимизга ташрифи чоғидаги фаоллар билан учрашувда Наманганда ҳам йирик автомобиль заводи қуриш зарурлигини таъкидлаб ўтган эдилар. Мана, бу эзгу-мақсад йўлида катта ишлар бошлаб юборилганининг гувоҳи бўлиб турибмиз.

Албатта, бундай улкан лойиҳанинг амалга оширилиши хал-қимиз учун катта фойда келтиради. Буни қарангки, дастлаб 1000 та, завод тўла ишга тушгандан кейин 6 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилар экан. Демак шунча одам ишли бўлади, бу эса уларнинг турмуш фаровонлигини янада оширишга олиб ке-лади.

Бундай эътибор ва ғамхўрликдан, давлатимиз раҳбари олиб бораётган ислоҳот ва сиёсатдан беҳад миннатдормиз.

 

Жавлон ЖАЛОЛХОНОВ, туман Кенгаши депутати:

-Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда автомобилсозлик саноатини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Андижондаги Uzbekis-tan GM, Самарқанддаги JV VAN AUTO UZBEKISTAN қўшма корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган замонавий автомобиллар жаҳон бозорларида муносиб ўрин эгаллаётган бўлса, Жиззахда қурилиши давом этаётган ва вилоятимизда куни кеча тамал тоши қўйилган заводлар Ўзбекистоннинг жаҳонда автомобилсозлиги ривожланган мамлакатлар қаторидан мустаҳкам ўрин эгаллашига хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбарининг автомобилсозлик саноатини ривожлантириш юзасидан берган топшириқларидан келиб чиқиб, корхоналарда маҳаллийлаштириш ҳажмини оширишга алоҳида эътибор берилиши диққатга  сазовордир. HYUNDAI - NAMANGAN KD янги заводи маҳаллийлаштириш дастури асосида 50 фоиз эҳтиёт қисмларни шу ернинг ўзида ишлаб чиқаришни йўлга қўйилиши машиналар таннархини пасайтиришга хизмат қилади.

Дарҳақиқат, юртимизда кейинги   йилларда автомобилсозлик соҳасида туб янгиланишлар рўй бермоқда.

Турдош корхоналарни фойдаланишга топширилиши, янги-янги ишлаб чиқаришларни жорий этилиши, бутловчи деталлар ва эҳтиёт қисмларни маҳаллийлаштириш бўйича йирик-йирик инвестициявий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этилиши кўп ўтмай ўз самарасини бериб, иқтисодиётимизни янада ривожланиши ва аҳоли турмуш даражасини оширишга замин яратади.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.