Мамлакатимиз Президентининг 2017 йил 3 май куни республикамизнинг бир қатор ҳудудлари, шу жумладан, туманимизда "Косонсой-фарм" эркин иқтисодий зонаси ташкил этиш ҳақидаги фармони эълон қилинган эди.

Ўтган даврда "Косонсой-фарм" ЭИЗ дирекцияси давлат унитар корхонаси ташкил этилиб, вилоят ва туман ҳокимининг қарорига асосан қурилиш ва плантация учун 103,9 га ер майдони ажратилди.

Турли дори-дармон, тиббий воситалар ишлаб чиқариш, доривор ўсимликлар етиштириш, ва ишлаб чиқариш, дорини қадоқлаш корхоналари барпо этиш бўйича танловда 10 та энг яхши лойиҳа танлаб олинди. Ушбу лойиҳаларнинг йиллик қуввати 209 млн. дона/184 млрд. сўм, умумий қиймати 13250 минг АҚШ долларини ташкил этади. Лойиҳаларни амалга оширишга тадбиркорларнинг ўз маблағи, банк кредитлари ва хорижий инвестицияларни жалб этиш кўзда тутилган 2018-2020 йилларда фойдаланишга топшириладиган корхоналарда қарийб 500 кишини иш билан таъминлаш имконияти вужудга келади.

Жорий йилнинг охиригача 3 та лойиҳани ишга тушириш белгиланган. Ана шунда 12 млрд.сўмлик маблағ ўзлаштирилиб, 5 млрд.сўмлик тиббиёт восита ва дори-дармонлар ишлаб чиқарилади, 50 киши муқим иш жойига эга бўлади.

Келгуси йили 6 та, 2020 йилда яна битта лойиҳа ишга туширилади.

Айни пайтда "Спринг фармацевтик" МЧЖ, "Жўрабек ота" х.к., "Фирдавсбек фарм" МЧЖ, "Саломатлик диёр келажак сари" МЧЖ, "Ахсикент соф саноат" МЧЖ томонидан қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, таблетка, ампула ва капсула шаклидаги тайёр дори воситалари ишлаб чиқариш бўйича "Саломатлик диёр келажак сари" МЧЖ лойиҳасини келгуси йилнинг иккинчи чорагида фойдаланишга топшириш режалаштирилган бўлиб, қурилиш ишлари бир маромда давом эттирилмоқда. Сурма дори воситалари, таблеткалар ишлаб чиқариш ва  доривор гиёҳларни қадоқлашга ихтисослашадиган "Жўрабек ота" хусусий корхонасини белгиланган муддатда фойдаланишга топшириш учун зарур чоралар кўрилмоқда.

"Спринг фармацевтик" МЧЖ тақдим этган лойиҳанинг умумий қиймати 1,500 минг АҚШ долларини ташкил этиб, қисман хорижий инвестицияни жалб этиш кўзда тутилган. Тайёр дори воситаларини ишлаб чиқаришга ихтисослашадиган МЧЖ корхонасини бунёд этиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Корхонага зарур асбоб - ускуналар ҳам келтирилмоқда. Электр, табиий газ ва сув таъминоти бўйича режадаги ишлар поёнига етай деб қолди.

Корхона жорий йилнинг сўнгги чорагида маҳсулот ишлаб чиқаришни бошлайди.

Фармонда эркин иқтисодий зоналар иштирокчилари учун қулай шароитлар яратиш мақсадида эркин иқтисодий зоналар ҳудудлари, шунингдек уларнинг иштирокчиларининг ишлаб чиқариш майдонлари тегишли ташқи муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмаси билан кафолатли таъминлаш белгиланган.

"Косонсой-фарм" ЭИЗга коммуникация тармоқларини тортиш бўйича режали иш олиб борилмоқда. 2,9 км масофага табиий газ тармоғи тортилиб, синов ҳам муваффақиятли ўтди. Электр, сув, канализация ва алоқа тармоқлари тортиш бўйича ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2,7 км электр тармоғи тортилди. Трансформатор ўрнатилди. Ер ости суви учун қудуқ қазиш ишлари жадал тус олмоқда. Оқава сув тармоғининг лойиҳа-сметаси тайёрланиб, синовдан ўтказилди.

"Косонсой-фарм" ЭИЗда лойиҳалар тўлиқ амалга ошса, ички бозорни кенг турдаги сифатли дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари билан тўлиқ тўлдириш, туман саноат салоҳиятини янада юксалтиришга замин яратилади.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.