Уни деярли ҳар куни кўраман, кузатаман,  суҳбатлашаман. Тез-тез у ёки бу масала юзасидан мулоқот қиламиз, баъзан баҳслашиб  туришимизни ҳам яширишга ҳожат йўқ. Қисқаси, у ҳақда етарлича маълумотга эгаман. Шу ўринда ўз-ўзидан кичикроқ ҳажмдаги лавҳада қаҳрамонга хос барча жиҳатларни акс эттира оламанми, деган савол туғилади. Ушбу саволга жавоб топиш мақсадида, буёғини энди сиз азиз газетхонлар ҳукмингизга ҳавола этаман.

... Мустақиллик байрами арфасида, 30 августда марказий матбуотда  Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма етти йиллиги муносабати билан давлат хизматчилари ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги Фармони эълон қилинди.  Мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий қудратини юксалтириш ва ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш борасидаги катта хизматлари, сўнгги йилларда юртимизда барча соҳаларда қўлга киритилаётган улкан ютуқларга қўшган муносиб ҳиссаси, Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлаш, ишлаб чиқариш соҳа ва тармоқларини замон талаблари асосида

такомиллаштириш, илғор инновацион технологияларни жорий этиш борасидаги кўп йиллик самарали ва фидокорона меҳнати, жамиятимизда миллатлараро дўстлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашдаги фаол иштироки учун "Шуҳрат" медали билан мукофотланганлар орасида Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси Наманган вилояти Кенгаши раиси Исроилжон Икромович Жўраев ҳам бор эди. Бу  ҳақдаги хабар ижтимоий тармоқларда  кенг тарқалди.

Уларда мукофот соҳибининг қатор ижобий фазилатлари тилга олинган. Биз ҳам шу ҳақда фикр юритмоқчимиз.

Аввало, шуни айтиш керакки, Исроилжоннинг таржимаи ҳоли бошқа минглаб тенгдошлариники каби жуда оддий.  Наманган шаҳридан чиқиб, тоғлар ён бағридаги сўлим Косонсой томон йўлга чиққанингизда катта йўлнинг икки ёнида ястанган Қўқимбой қишлоғига дуч келасиз. Исроилжон бундан қирқ беш йил олдин шу ерда дунёга келган. У Икромжон ака ва Салтанат опа оиласидаги бешинчи фарзанд эди. Қишлоқдаги 32-мактабда таълим олди.1991 йилда ҳозирги Наманган муҳандислик-иқтисодиёт институтига ўқишга кирди. Механика факультетида саноат машиналари ва аппаратлари муҳандиси мутахассислигига эга бўлди. Сўнгра 1996 йилда "Косонсой пахта толаси" ҳиссадорлик жамиятида меҳнат фаолиятини бошлади. Дастлаб иссиқлик техникаси муҳандиси бўлиб ишлади. Кейин марказий техник лабораторияни бош-қарди. Институтда ўқиб юрган кезларидаёқ у жамоатчилик фаолияти билан яқиндан шуғуллана бошлаган эди. Ёшлар ва касаба уюшмаси ташкилотларида масъулиятли вазифаларни бажариб, бирмунча тажриба орттирганлиги қўл келди. Тез орада корхонада ҳам кўпчиликка танилди. Шунинг учун уни вақти келиб, "Адолат" социал-демократик партияси вилоят Кенгашига ишга таклиф этишганида кўпчилик ажаблангани йўқ. Бу ерда ҳам энг қуйи бўғиндан иш бошлаб, бугунги кунда "адолат"чиларнинг етакчисига айланди. Унинг фаолияти ҳақида қуйидаги сафдошларининг фикрларини келтириш ўринлидир.

Ўзбекистон "Адолат" СДП вилоят Кенгаши раисининг ўринбосари вазифасини бажарувчи Дилшод Болтабоев:

 - Кенгашга ишга келишимдан олдин сиёсий партиялар фаолияти ҳақида анча-мунча тасаввурга эга эдим. Бироқ унинг барча қирраларини чуқур эгаллаш осон эмас экан. Шунинг учун ҳар бир билмаган нарсамни Исроилжон акадан сўраб ўргандим. У ҳеч қачон бошқалардан ўз ёрдамини аямайди. Ҳар бир масалани атрофлича тушунтириб қўяди, муаммони ечиш йўлини кўрсатади. Шунинг учун биз ёшлар ундан миннатдормиз.

"Адолат" СДП фахрийси, Наманган муҳандислик-технология институти профессори  Ҳамид Аҳмадхўжаев:

 - Мен Исроилжонни  талабалик йилларидан бери биламан. Ўшанда ҳам ўзининг тиришқоқлиги, билимга интилувчанлиги, меҳнатсеварлиги билан ажралиб турарди. Вақт ўтган сари бу фазилатлари янада камол топганлигидан бениҳоя мамнунмиз. Партия вилоят Кенгашининг фаолияти такомиллашиб бораётгани унинг раҳбарлик ва ташкилотчилик қобилияти юзага чиқаётганлигидан далолатдир.

Чиндан ҳам бугунги кунда И.Жўраев партиянинг дастурий ғоялари ва вазифаларини  аҳоли орасида тарғиб қилиш, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини халққа етказишда фаол иштирок этиб келмоқда.Жорий йилнинг ўзида  маҳаллалар, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарор, фармонларини, "Ҳар бир оила - тадбиркор", "Yoshlar - kelajagimiz" Давлат дастурларига бағишланган   50 дан ортиқ давра суҳбатлари, учрашув ва мулоқотлар ўтказди.

Вилоят Кенгаши раҳбарлигида партия фаоллари 2018 йилнинг ўтган даврида  245 та маҳалладаги 4400 дан ортиқ хонадонларга ташриф буюриб, фуқаролар билан юзма-юз мулоқот ўтказишди.  Мазкур учрашувларда аҳоли томонидан коммунал ва маиший  хизмат, таълим, соғлиқни сақлаш  соҳалари бўйича 630 дан ортиқ мурожаат келиб тушди. Улар юзасидан тегишли ташкилот раҳбарларига 148 та депутатлик сўрови юборилиб, муаммоларнинг 100 дан ортиғи қонун доирасида ижобий ҳал этилишига эришилди.

Вилаят Кенгашининг ташаббуси билан партия лойиҳалари доирасида мамлакатимизда кейинги пайтда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини кенг миқёсда тушунтириш ва аҳолининг сиёсий саводхонлигини ошириб боришга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2018 йилнинг ўтган даврида партия фаоллари томонидан 507 маротаба сиёсий ўқув машғулотлари ташкил этилиб, уларда 6393 киши иштирок этди. Уларда  2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бў-йича Ҳаракатлар стратегиясини кенг тарғиб қилиб, уларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини оширишга ўз ҳиссасини қўшмоқда.

- Ҳар бир инсон ўз иш жойида ҳеч қачон қандайдир мукофот учун меҳнат қилмайди, - дейди Исроилжон Жўраев биз билан суҳбатда. -  Аксинча, ўзининг эзгу ишларини Ватан ва жамият тараққиётига бағишлайди. "Шуҳрат" медали билан тақдирланишим кутилмаган воқеа бўлди. Камтарона меҳнатимга юксак баҳо берилганидан хурсандман, албатта. У мени бундан кейин янада самарали ва фидокорлик кўрсатиб ишлашга рағбатлантиради.

Биз ҳам кўп сонли партиядошлар номидан Исроилжон Жўраевни юксак мукофот билан яна бир бор қутлаймиз.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.