"Халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади". Президентимизнинг ушбу даъвати мамлакатимизни янада ривожлантириш бўйича истиқболи вазифалар белгилаб берилган Ҳаракатлар стратегиясида кўзланган мақсадлар билан ҳамоҳанг бўлиб унда инсон ва унинг манфаатлари барча нарсадан устун, деган тамойил мужассамдир.

Бугун одамларимизнинг кўнг-лига қулоқ тутиб, уларнинг дарду ташвишлари, муаммоларини ечимини топиш муҳим вазифаларимизга айланди.

Барча, жумладан, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда кузатилган камчиликларни қонунчилигимиз ва унинг ижро механизмидаги бўшлиқларни аниқлаб, уларнинг ечимини топиш давлатимиз раҳбарининг ҳамиша эътиборида бўлмоқда. Президентимизнинг "Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонининг қабул қилинишида ҳам ана шу мақсадлар мужассамдир. Мазкур ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агент-лиги, унинг негизида туманларда Давлат хизматлари марказлари ташкил этилди.

Бугунги кунда туман Давлат хизматлари маркази томонидан кўплаб, жумладан, дори воситалари чакана савдоси билан шуғулланиш учун рухсатнома олиш, ер участкасига бўлган ҳуқуқни ва ипотека тўғрисидаги шартномаларни рўйхатдан ўтказиш, тиббий фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини лицензиялаш, электрон рақамли имзо калитларини рўйхатга олиш, қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун рухсат бериш каби кўплаб Давлат хизматлари кўрсатилмоқда. Жорий йилнинг 1 апрелидан улар сони янада ортиб, давлат химзматлари наинки юридик, балки жисмоний шахсларга ҳам кўрсатилиши режалаштирилган. Бу эса биздан юридик шахслар билан бир қаторда жисмоний шахслар ўртасида тарғибот ва ташвиқот ишларини янада кучайтиришни тақозо этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ходимлари билан ҳамкорликда шу кунгача "Деҳқон бозори" МЧЖ, Жар, Саъдий Шерозий, Озод, Ўрта кўча, Чуст кўча маҳаллалари, педагогика, тиббиёт коллежларида аҳоли, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган ёшлар билан мулоқотлар ўтказилиб, уларда марказ фаолияти, Давлат хизматлари турлари ҳақида кенг кўламли тушунтириш ишлари олиб борилди ва бу иш тизимли равишда давом эттириляпти.

Барча маҳалла фуқаролар йиғинларида, бозорлар, савдо мажмуалари каби аҳоли гавжум жойларга "Адлия бурчаги", Давлат хизматлари маркази орқали кўрсатиладиган хизматлар ҳақида маълумот берувчи кўргазмали тарғибот материаллари, баннерлар жойлаштирилди.

Шуниси эътиборлики, вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан марказимизга "Дамас" русумли автомобил ва замонавий ноутбук берилди. Бу эса чекка ҳудудларда яшовчи аҳоли ўртасида тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориш, сайёр қабуллар ўтказишда жуда қўл келмоқда.

Шунингдек, туман ҳокимининг қарорига асосан давлат хизматлари маркази маъмурий биноси учун ер майдони ажратилди.

Давлат хизматлари марказларининг ташкил   этилиши билан аҳолига беқиёс қулайлик яратилди. Бу хизматнинг роли ҳамда вазифаси ва аҳамиятини фуқароларга етказиш бугунги кундаги долзарб вазифамиздир.

Ў. Муйдинова,

туман Давлат хизматлари маркази директори

вазифасини бажарувчи,

А. Ҳасанов,

марказ бош мутахассиси, туман Кенгаши депутати.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.