Бутун юртимизда бўлгани каби туманимизда ҳам Янги йил байрами кўтаринкилик билан қарши олинди.

Аммо болажонлар учун байрам давом этмоқда. Қишги таътил бунга имконият бермоқда. Шу кунларда туман ҳокими, ёшлар масалалари бўйича идоралараро Кенгаш раиси Ж. Юлдашев тасдиқлаган тадбирлар режаси асосида «Ёшлар келажак бунёдкори» шиори остида Ёшлар Янги йил карнавали» лойиҳалари давом этмоқда.

 Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман кенгаши ташаббуси билан маҳаллалардаги кам таъминланган оила фарзандари ҳамда жисмоний имконияти чекланган болалардан 30 нафарига Қорбобонинг Янги йил байрами совғаси тарқатилди.

Боғишамол маҳалласида якка ёлғиз яшовчи Н. Абдуназарованинг ёшлар вакилларини ташрифидан қалби қувончга тўлди. Онахоннинг байрам дастурхонини тўкин-сочин бўлишида Ёшлар ташкилотининг ҳиссаси катта бўлди.

Гулбоғ маҳалласида яшовчи, иккинчи гуруҳ ногирони Л. Тошпўлатованинг хонадонига Қорбобо, Қорқиз ва эртак қаҳрамонларининг ташрифи бутун маҳаллада овоза бўлди. Айниқса, «Соҳибкор» маҳалласида яшовчи М. Ҳусенованинг жажжи фарзандлари шеър ва қўшиқлар айтиб, Қорбобонинг совғаларига сазовор бўлишди.

 Янги йил байрам лойиҳалари туман марказидаги М. Аъзам номли маданият ва истироҳат боғига ўрнатилган катта арча атрофида ҳам ўтказилмоқда. Байрам кунларида бу ерга келган болалар Қорбобонинг қўлидан совға олиш имкониятига эга бўлишяпти.

Шунингдек, ўқув муассасаларида «Биз биргамиз», «Янги йил муборак!», «Ёшлар табриги», «Кўчма арча» каби лойиҳалар ўтказилди.

 Туманимиздаги 37 – мактабда ўтказилган маънавий – маърифий тадбир ҳам эсда қоларли воқеаларга бой бўлди. Айниқса, 3-синф раҳбари Т. Қурбонова ташкилотчилигида ўтган байрам тадбири, унда акс топган Янги йил эртаги болаларни «сеҳрлаб» қўйди. Аммо улар шунчаки томошабин бўлиб қолмай, эртак қаҳрамонларига айланишди.

Ўқувчилар ижросидаги куй ва қўшиқлар, рақслар барчага кўтаринки кайфият улашди.

М. Қосимова, «Камалак» болалар ташкилоти раиси.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.