Нуроний кексаларимизга ҳурмат-эҳтиром, меҳр – оқибат кўрсатиш маънавий ҳаётимиз ва қадриятларимизнинг ажралмас қисми, уларга кўрсатилаётган алоҳида эътибор, юксак маънавият белгисидир. Зеро, мамлакатимизда кексалик ва у билан боғлиқ ижтимоий жараёнларга жамият ривожланишининг муҳим ижтимоий масаласи сифатида қараб келинмоқда.

Президентимизнинг «Ўзбе-кистон Фахрийларни ижтимоий қўллаб - қувватлаш «Нуроний» жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора - тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳам ана шу мақсадларни ўзида мужассам этган.

Фармоннинг 4-бандида туман ва шаҳарларда «Нуронийлар маскани» комплексларини яратиш ва уларда ўқув заллари, хордиқ хоналари, даволаш физкультураси, овқатланиш хоналари ва тиббий кабинетларни ташкиллаштириш белгилангани ҳам нуронийларимизга бўлган ғамхўрликни янада кучайтиришга бўлган эътиборнинг намунасидир.

Туманимизда ана шу муҳим ҳужжатда белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш  борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Туман марказидаги Махдуми Аъзам номли маданият ва истироҳат боғи ҳудудида «Нуронийлар маскани» мажмуаси қурилиб, фойдаланишга топширилгани бунинг ёрқин далилидир.

Олийҳиммат тадбиркорларимиз, хусусан, «Осмон сайёраси», «Боғишамол лимонлари»  фермер хўжаликлари ҳомийлигида барпо этилган мужмуада бой китоб фондига эга бўлган китобхонлар зали, кекса отахон ва онахонларимизнинг соғлиқларини тиклашлари учун «Нуронийлар соғломлаштириш маркази» ва унда шахмат, шашка ўйнаш, дам олиш учун хоналар, кексалар учун махсус тренажёрлар билан жиҳозланган даволаш, жисмоний тарбия зали, шунингдек, «Нуронийлар ошхонаси» ва тиббий хона ташкил этилиб, зарур мебель ва жиҳозлар билан таъминланди.

Кеча ана шу масканнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда кекса фахрийларимиз, «Нуроний» жамғармаси фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар. Маросимни туман ҳокими в.б. Ж. Юлдашев очди. Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлими раиси И. Нажмиддинов юртимизда кекса ёшдаги фуқароларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими самарадорлиги янада ошиб бораётгани, ўз навбатида катта авлоднинг жамият, оилалар ва маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, ёшлар таълим-тарбиясида фаоллик кўрсатаётганини эътироф этди ва нуронийларимизни янги маскан билан самимий қутлади.

Тадбирда «Нуронийлар маскани» қурилишида жонбозлик кўрсатган олийҳиммат тадбиркор М. Нажмиддинов, қурувчилар сардорлар О. Умаров, А. Болтибоев кабиларга оқсоқоллари номидан самимий миннатдорчилик билдирилиб, уларга эсдалик совғалар топширилди.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.