Туман марказидаги Махдуми Аъзам номли маданият ва истироҳат боғида бўш иш ўринлари учун навбатдаги меҳнат ярмаркаси ташкил қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг туманимиздаги Халқ қабулхонаси ташаббуси билан туман ҳокимлиги, прокуратураси, ички ишлар бўлими, бандликка кўмаклашиш маркази ва «Маҳалла» хайрия жамоат фонди билан ҳамкорликда ўтказилган ярмаркада иш билан банд бўлмаган фуқароларнинг ўзларига муносиб иш жойлари топишларига барча имкониятлар яратилди.

Байрамона тус олган тадбирни туман ҳокимининг ўринбосари И. Султонов очиб берди. Халқ қабулхонаси мудири Т. Муйдинова, туман ИИБ бошлиғи ўринбосари М. Турғунов, туман бандликка кўмаклашиш маркази директори в.б. М. Турсунов сўзга чиқиб, туманимизда аҳоли, айниқса, ёшларни иш билан таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани, мазкур тадбир ҳам ана шу мақсадларга хизмат қилишини таъкидлаб ўтдилар.

-Халқ қабулхонасига иш билан таъминлаш масаласида ёрдам сўраб мурожаат қилаётганлар кўпчиликни ташкил этаётганлиги боис ҳам мазкур тадбир ўтказиляпти.

Бугун кўпчилик ёшларимиз ўзларига муносиб иш жойи танлашларига шак-шубҳа йўқ,-дейди Халқ қабулхонаси мудири Т. Муйдинова.

-Ярмаркада фуқароларга наинки туманимиз, балки вилоятдаги корхоналарда мавжуд бўш иш  ўринлари тақдим этилди,-дейди бандликка кўмаклишиш маркази директори в.б. М. Турсунов.- Жумладан, туманимизда фаолият кўрсатаётган 83 дан ортиқ корхона ва ташкилот мавжуд 459 дан зиёд бўш иш ўринлари билан иштирок этишади.

Бундан ташқари, Янгиқўрғон туманидан  70 та корхона 290 та, Тўрақўрғон туманидан 69 та корхона 290та, Тўрақўрғон туманидан 63 та корхона 212 та, Наманган шаҳридан 174 та корхона 1471 та бўш иш ўринлари тақдим этишди.

-Бугун маҳалламиздан 7 киши ишли бўлдик,-дейди мамнун ҳолда Чиндовул МФЙда яшовчи Садоқат Саидаҳмедова.- Иш берувчилар мен билан самимий суҳбатлашиб, тумандаги ичимлик суви таъминоти корхонасига лаборант сифатида ишга қабул қилишди.

Гўрмирон МФЙ фуқаролари Малика  Жумабоева ва Шоира Абдураҳмонова эса «Истиқлол – Кушон текст» МЧЖ билан ишга кириш бўйича шартнома имзолашди.

Меҳнат ярмаркаси натижаси сарҳисоб қилинганда 11 нафар фуқаро ярмарка пайтида ишга жойлаштирилди.  71 нафар фуқарога ишга жойлашиши учун йўлланмалар тақдим этилди. 39 нафар жисмоний ва юридик шахсларга меҳнат қонунчилиги бўйича ҳуқуқий маслаҳат берилди.

М. Акрамов.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.