Туманимиз ғаллакорлари мустақиллигимизнинг йигирма олти йиллик байрамига муносиб тўёна тайёрладилар. Жами 8320 гектарда ғалла етиштирган деҳқонларимиз давлатга мўл-кўл сара дон топшириб, шартнома режаларини ортиғи билан уддаладилар.

Бугун Ўзбекистон  аҳолисини ўз дони, ўз беминнат нони билан тўла таъминлабгина қолмасдан, балки четга ғалла экспорт қиладиган мамлакатга айланди.

Мамлакатимиз Президентининг «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорида белгиланганидек, қўлга киритган барча ютуқларимизнинг асосий омили ва мезони сифатида биринчи навбатда халқимизнинг фидокорона меҳнати мужассамдир.

Ҳа, олам аҳлининг тўқлиги ҳам, хурсандчилиги ҳам аввало ерга уруғ сочиб, бебаҳо ноз-неъмат етиштирадиган фидойи инсонларнинг меҳнатидандир. Одатда туманимиз ғаллакор деҳқонлари ўрим-йиғим мавсуми давомида юзага келиши мумкин бўлган тиғизликларнинг олдини олиш мақсадида далаларга эртаги ва ўртаги ғалла навларини жойлаштиришади. «Чиллаки» навли ғалла парвариш қилинган далаларга комбайнлар биринчи бўлиб киритилган бўлса, кейин «Бобур», «Таня», «Краснодар» каби навларга навбат келади.

Об-ҳаводаги ўзгаришлар сабаб бу йил барча навлар деярли тенг шароитда ўримга келди. Шу боис ҳам ўрим-йиғимни тартибли, жадаллик билан олиб боришга тўғри келди. Албатта, бунда туманимиз ҳокими бевосита раҳбарлиги ва ташаббуси билан келтирилган 11 та Claas-Dominator русумдаги замонавий ўрим комбайнлари жуда-жуда қўл келди.

Илк ўримдаёқ ҳосилдорлик анчайин юқорилиги аён бўлди. Албатта, деҳқонларимиз астойдил қилинган меҳнатлари самарасини кўриб, қувонишди. Шу кунгача 240 тадан ортиқ фермер хўжалиги белгиланган шартнома режаларини ортиғи билан бажаришди, қолганларида эса ўрим-йиғим қизғин давом этмоқда. Ҳосилнинг мўл-кўл бўлиши фермерларимизнинг давлат олдида юзлари ёруғ бўлиши билан бирга ўз ишчиларига буғдой тар-қатиш имкониятига эга бўлишяпти. Режани бажарган ҳар бир фермернинг ўз ихтиёрида ўртача 4 гектардан майдонда ғалла қолмоқда.

Аввалги йилларга нисбатан гектарлар ҳосилдорлиги анча-йин ошганлиги қувонарлидир. Жумладан, «Шижоати жаннат» фермер хўжалигида ҳар гектар ердан 80 центнердан сара дон ўриб-йиғиб олинган бўлса, «Бургут», «Қора тоғ оқ олтини» фермер хўжалигида ҳосилдорлик 75 центнерданни ташкил этди.

«Насиба Дилшода», «Косонсой роҳи сафед», «Муродхон Косоний» каби фермер хўжаликлари 60 центнерлик маррадан ўзишди.

Ўрим-йиғимни уюшқоқлик билан ташкил этишда тузилган 22 та отряднинг ҳиссаси салмоқли бўлди. Котибжон Нурматов, Исоқжон Комилов, Неъматжон Юлдашев, Илҳом Сафаев, Муроджон Сирочев, Рустам Шарипов кабилар етакчилигидаги отрядлар 900-1000 тоннадан ошириб, дон йиғиштириб олишди.

Айни пайтда сомондан тозаланган далалар пешма-пеш шудгорланиб, такрорий экинлар экилмоқда. Олди фермерларнинг далаларида эса такрорий экинлар бўй кўрсата бошлади.

Ер деҳқонни боқади, деҳқон эса элни боқади, деб бежиз айтмаган халқимиз. Эл ризқ - рўзини яратишда фидойилик кўрсатган азиз ғаллакорларимизга ҳалол меҳнатингиз роҳатини кўринг, доимо нондек азиз бўлинг, дея тилак билдирамиз.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.