Ирода деган фазилатда ҳикмат кўп экан. Уни ўзига ошно этганлар ҳаётда олдиларига қўйган мақсадларига етаётганларига гувоҳ бўлаяпмиз. Якка-ю ягона ўғил Азизбекнинг туманимизнинг Наврўз маҳалласида истиқомат қилаётган ота-онаси қатъиятига қойил қолдик. Узоқ йиллар қурувчилик касбида ҳалол меҳнат қилиб, эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган Мансурхон ака ва унинг умр йўлдоши Марҳабохон ая фарзандларининг келажаги учун ҳеч нарсани аяшмади. Улар ҳеч хавотирланмасдан фарзандлари ўн икки ёшга тўлгандаёқ унинг бир ўзини Наманган шаҳридаги қариндошлариникида яшаб, ўқишига рухсат бердилар. Ҳали ўсмир ёшига ҳам етмаган болакай ўша пайтдаги 58-мактаб-гимназияга қабул қилинди.

Азизбек ўсмирлик даврида иккита мактабнинг таълимини олди, бири - умумтаълим мактаби бўлса, иккинчиси - мустақил ҳаёт мактаби эди.

-Қийинчиликлардан қўрқиб, уйдагиларни соғиниб, Косонсойга қайтиш истаги ҳам туғилгандир? - сўрадим ундан.

-Бўлган, - дейди Азизбек. - Баъзида катталардан кўполликни, тенгқурларимдан менсимасликни кўрганимда ҳамма нарсадан воз кечиб, уйимизга жўнаворгим ҳам келарди. Аммо келгусида билимдон ва яхши инсон бўлиш аҳди орқамга қайтарарди, - дейди у.

Азизбек Ҳошимов мактаб - гимназияни тугатгандан кейин тест синовларини муваффақиятли топшириб, НамДУ қошидаги 1-академик лицейга ўқишга қабул қилинди. Бу - ёш йигитчанинг билимлар оламига иккинчи қадами бўлди.

Бугун академик лицей ўқитувчиларининг айтишларича, Азизбек ҳар жиҳатдан тенгдошларидан бир қадам олдинда юрар экан. Таҳсил давридаёқ у Интернет тармоғи орқали олий ўқув юртлари ҳақида маълумотларни танлар, қайси касб йўналиши бўйича қаерда ўқиш афзаллигини қидирарди. Отасига эргашиб шу мақсадда ёзги таътилда Москвага боради. Бир кунни танлаб, у ердаги нуфузли университет ва институтлар билан танишади. Айрим олим ва тадқиқотчилар ҳузурида бўлади. Шундай учрашувлардан бирида халқаро иқтисодиёт ва ҳуқуқ институти проректори косонсойлик ўсмир йигит билан суҳбатлашар экан, ҳали лицей ўқувчиси бўлатуриб, келажаги учун жиддий бош қотираётган Азизбекни шу институтга кириш тестларини топширишга таклиф этади. Имтиҳонга розилик берган лицей ўқувчисига уч соатдан сўнг  жавоб чиқади - у институтга қабул      қилинган эди.

Азизбек лицейни аъло баҳоларга битириб, Москва Давлат бошқарув институтининг бухгалтерия ҳисоботи ва аудит факультетига ўқишга киради. Талабалик даврида, айниқса, информатика фани унинг қалбидан қаттиқроқ жой олганини сезади ва биринчи курсни якунлаш арафасида Бауман номли Москва Давлат техника университетига суҳбатга боради.

Университетда Россия Фанлар академияси академиги, техника фанлари доктори Анатолий Александров ва иккита ҳамкасб олимлар саволлар билан, дўстона муҳитда ундан имтиҳон олгандай бўлишади. Нафақат информатика фани бўйича, балки косонсойлик йигитнинг дунёқараши, билим доираси ҳам улар назаридан четда қолмайди. Тиниб-тинчимас, интилувчан Азизбек охири ниятига етди- у жаҳонда етакчи ўринда турадиган университетнинг информатика тизимлари ва технологиялари факультетининг 2-курсига қабул қилинди.

Азизбек Ҳошимов гуруҳдаги россиялик, Миср, Жазоир, ҳамдўстлик мамлакатлари вакиллари билан аҳил, бир-бирларига мададкор бўлиб ўқиди. Иқтидорли талаба 3-курсдаёқ ўзи ишлаб чиққан илк компьютер дастурини Германиянинг «Леп групп дойче логистик» компаниясининг Россиядаги шохобчаси харид қилади. Дастур бугунги навигация тизими учун зарур қўшимча эди. Навигаторлар автомобиль ҳайдовчисига ер юзининг қаерида бўлмасин, осмондаги сунъий йўлдош орқали ҳар бир аҳоли пунктини, бориш йўлларини кўрсатиб беради. Азизбекнинг дастури эса ҳайдовчига у бораётган йўлдаги энг яқин ёнилғи қўйиш шохобчаси, ундаги газ, дизель, бензин ёнилғиси мавжудлигини, қанча миқдорда борлиги ҳақидаги маълумотни кўрсатади.

180 варақдан иборат дастурни қабул қилатуриб, компания вице-президенти Перес Ауф келгусида ҳам буюртма беришини билдирди. Шу билан бирга бу йигитнинг Ўзбекистондан эканлигини билиб ҳайратланди. Иккинчи дастурини у Буюк Британиянинг Россиядаги «Клеарсофт» корхонасига тайёрлаб берди.

Азизбек 2015 йилда университетни муваффақиятли якунлади ва жаҳон компьютерчиларига маълум бўлган Россиядаги «Лаборатория Касперского» акциядорлик жамиятига шартнома асосида ишга қабул қилинди.

Азизбекни дастурчи - муҳандис бўлиши негизларидан бири-метематика фанини чуқур билишидир. Бинобарин, бу фанни мустақил ўрганиш болалар учун ниҳоятда қийин. Эшитганларимдан, гаплашганларимдан бир  хулосага келганманки, математик бўлиш учун оилада бирор киши шу фан ўқитувчиси ёки билимдони бўлиши шарт.

Яқинда ҳамюртимиз Азизбек Ҳошимов фаолиятида яна бир янгилик рўй берди. У Канаданинг Торонто шаҳридаги «Океан робот-техникиндастри» компаниясининг ва Европа Иттифоқи (Швейцария)нинг «Эрасмусмундус» Жамғармаси грантларини ютиб олди. Бу дегани икки грантдан Азизбек бирини танлаб олиш имконига эга. - Устозларим Отамирза Тошбоев, Муроджон Эргашев, Рустамжон Каримов ва Абдураззоқ домламнинг тинимсиз меҳнатларини бир умр унутмайман,                 - дейди Азизбек суҳбат чоғида.

Танлашга мажбур бўлиб қолганининг сабаби ҳам хайрли. Қаҳрамонимиз яқинда оилали бўлди, турмуш ўртоғи Маҳлиёхон Тошкентдан келин бўлиб тушган. У Тошкент темир йўллар институтининг иқтисодиёт факультетини тугатган. Оилали бўлгандан кейин Азизбек компания ва жамғарма мутасаддиларига шарт қўйди: қайси томон бу ёш оила учун уй-жой таъминотининг уддасидан чиқса - у ўша компания-да ишлайди. Косонсойлик оддий йигит ўз билими ва тафаккури боис дунёга чиқмоқда. Умид қиламизки, ўнлаб, юзлаб ўзбекистонлик азизбеклар ҳам унинг ортидан эргашиб, мамлакатимиз довруғини, иқтидору салоҳиятини жаҳонга танитадилар.

Ойбек ОртиҚов,

журналист.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.