Ўзбекистонлик иқтисодчи, ҳамшаҳримиз   Рауфхон Салахўжаев  дунёнинг 100 та энг кучли ёш иқтисодчилари рейтингидан жой олди.

Рўйхатни кўздан кечирамиз. Биринчи элликталикда Осиёдан уч вакил: Япония, Ўзбекистон ва Ҳиндистон. МДҲ давлатларидан эса ягона номзод Ўзбекистондан! Дунёнинг 100 энг кучли ёш иқтисодчилари орасида Англия банки, Гарвард, Стэнфорд университетлари, Париж Иқтисод мактаби номзодларини ортда қолдириб, Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети иқтисод фани ўқитувчиси Рауфхон Салахўжаев 32-ўринни банд этди.

Салахўжаев Рауфхон Фарҳодхонович 1987 йил 19 июнда Косонсой шаҳрида туғилган.

Ўз касбида ҳалол меҳнат қилган Рауфхоннинг бобоси, марҳум Маматхон ота Салахўжаев ва бувиси, устоз-мураббий Раисахон опа  Тўрақулова набираларини ўқимишли, эл-юртга наф келтирадиган инсонлар бўлиб вояга етишишини орзу қилишган. Набиралари Рауфхоннинг бу ютуғидан уларнинг руҳлари шод бўлганлиги аниқ. Ота-онаси - доришунос Фарҳодхон ака, мусиқа ўқитувчиси Расимахон опа Салахўжаевлар фарзандларининг ўқиши, илм чўққиларини эгаллаши учун барча шароитларни яратиб беришди. Натижада Рауфхон 2002-2003 йилда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети қошидаги академик лицейда ўқиш шарафига муяссар бўлди.

2003 йилда Future Leaders Exchange (FLEX) program дастуридан муваффақиятли ўтиб, икки йил давомида Техас (АҚШ) штати, Остин шаҳридаги Anderson High School мактабида таҳсил олди.

2005 йилда Наманган шаҳридаги «Дўстлик» академик лицейини тамомлаб,Тошкент Молия институтига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди.

2010 йилда Edmund Muskie стипендиялар дастури соҳибига айланиб, Нью-Йорк Давлат университетига ўқишга қабул қилинади. 2012 йилда Корнель университетининг (АҚШ) Меҳнат муносабатлари факультетида малака оширди.

Замондошимиз Хоразмий ёққан оловни қайта алангалатди. Ҳали ўттиз ёшни қаршиламаган қаҳрамонимиз макроиқтисоддаги янги йўналиш «Иқтисодий ўсишнинг чуқур омиллари» бўйича тадқиқот олиб бораётган кам сонли олимлардан. Илмий иши давлатларнинг иқтисодий ривожланишида интеллектуал капитал ва бозор институтларининг ролини тадқиқ этишга бағишланган. Рауфхоннинг 20 га яқин илмий мақоласи «Intelligence», «Kyklos», «Environmental Research» каби дунёнинг етакчи илмий журналларида чоп этилган, «Forbes» агентлиги, «National Policy» институти томонидан юқори баҳоланган.

-Бу мен учун кутилмаган ва ёқимли ҳодиса бўлди. Бу рейтинг айни дамда сайёрамизда самаралироқ меҳнат қилаётган олим иқтисодчилар ким эканини билиб олишга ёрдам беради. Мазкур рўйхатдан жой олишим — бу фақат шахсий ғалабам эмас, балки мен туғилиб ўсган жаннатмакон Косонсойнинг, қолаверса, юртимизнинг ҳам ғалабасидир. Ўзбекистоннинг катта қисмини ёшлар ташкил этишини ҳисобга олган ҳолда бизда мислсиз илмий салоҳият бор, деб ҳисоблайман ва яқин 20 йил ичида мамлакатимиз Корея ва бошқа давлатлар йўлини босиб ўтиши мумкин. Мен учун бу янгидан-янги ғалабалар учун катта масъулият юклайди, илм билан шуғулланишга рағбат беради,- дейди Рауфхон Салахўжаев.

Research Papers in Economics ташкилоти томонидан тузилган дунёнинг 100 та энг кучли ёш иқтисодчилар рейтингидан жой олганлар  рўйхати билан танишамиз. Аксарияти эволюцион биология ва психология соҳасидаги социолог политологлардир, улар ўз тадқиқотларини Ҳарвард университети, Лондон иқтисодиёт мактаби ва бошқа нуфузли муассасаларда олиб боришаркан. Бу рўйхатга киритилган инсонларнинг барчаси ўз йўналиши бўйича тадқиқотлар қилиб келаётган довруғи баланд олимлар.

Рауфхон Салахўжаевнинг соҳаси — халқаро макроиқтисодий жараёнларни эволюцион биология ва психология нуқтаи назаридан тушунтириш. «Мазкур йўналиш иқтисодиётда янги ва урфга кирган саналади, - дейди у. - Жумладан, менинг ишларим мамлакатлар орасида бозор институти сифати ва даромадлар тенгсизлиги даражасидаги фарқлар 50 ёки 100 йил аввал эмас, балки ундан-да аввалроқ, халқ ва давлатларнинг маданий бойликлари шаклланаётган вақтда пайдо бўлганини тушунтиради. Мазкур йўналишда бор-йўғи бир неча олим иқтисодчи иш олиб боради, яқин 5-10 йил ичида иқтисодий ўсишнинг чуқур омилларини ўрганиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ўз мевасини беради».

Ёш иқтисодчи олим 2012 йили АҚШнинг «Fulbright» стипендияси ғолиби бўлиб, Нью-Йорк давлат университетида иқтисод магистри илмий даражасини олган. Ҳозир таълим даргоҳида муаллимлик қилиш билан бирга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институтида катта илмий ходим ҳамдир.

Рауфхон Салахўжаевнинг муваффақияти Тошкент Халқаро Вестминстер университети учун Лондон Иқтисод мактаби (Буюк Британия), Англия банки ва Браун университети каби нуфузли илмий марказлар қаторига киришга йўл очди. Ўзбекистоннинг ушбу рейтингдаги иштироки мамлакатимиз нуфузи, илмий салоҳиятига баҳо бериш, унинг келажакдаги иқтисодий ривожига таъсир этиши шубҳасиз.

-Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетида дарс беришни жуда яхши кўраман,- дейди Р. Салахўжаев. - Чунки жамоа нафақат ёш ва салоҳиятли олим иқтисодчилардан, балки катта тажрибага эга мутахассислардан ҳам иборат. Мазкур олийгоҳда ўқитувчилик фаолияти ва илмий тадқиқотларни бир вақтда олиб бориш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Ҳамкасбларимиз томонидан ёзилган илмий мақолаларни муҳокама қилиш учун доимий тарзда илмий семинар ва музокаралар ўтказилади. Университетда иқтидорли талабалар таҳсил олади, улар ёзган диплом ишларининг сифати Ғарб олийгоҳларида ёзиладиган ишлардан сира фарқ қилмайди.

Иқтисодиёт — бу терма соҳа. Иқтисодчилар – бу бухгалтерлар, амалиётчилар, олимлар ва ҳоказо. Кимдир режалаштириш ёки башорат қилиш билан шуғулланади, кимдир асосий илмий иқтисодиёт билан машғул бўлади. Қаҳрамонимиз ушбу касбларнинг барини зарур деб санайди. Агар инсон малакали бўлса, унинг иши қўшимча қиймат яратади. Юртимизга ҳозир айнан шундай зарур билим ва малакага эга бўлган мутахассислар керак.

Бугун жаҳон мамлакатларида «глобал иқтисодий инқироз» деган атама тез-тез қўлланиляпти. Бу нима, унга қарши қандай курашиш керак? Рауфхон Салахўжаев бу борадаги фикрларини қуйидагича баён этди:

-Инқирозга хавф деб эмас, балки имконият сифатида қараш лозим. Айнан инқироз вақтида аҳамиятли янгиликлар ва муваффақиятлар амалга оширилади. Бизнинг мамлакатимиз ривожланаётган мамлакатларда кузатилувчи кўплаб иқтисодий бўронлардан ҳеч қандай йўқотишларсиз ўтди. Масалан, биз 2008 – 2009 йилларда ЯИМ юқори ўсишини сақлаб қолишга муваффақ бўлдик. Инқироз билан курашиш шарт эмас, унинг аломатларини кузатиб ва қатъий равишда иқтисодиётни тўғри йўлга йўналтириш лозим. Ҳозирда табиий ресурсларнинг арзон нархи туфайли кўплаб ривожланаётган мамлакатлар бор эътиборни инсон капитали ва инновацион кичик ҳамда ўрта бизнесни тараққий этишга қаратмоқда. Бу ҳолатни Ўзбекистонда ҳам яққол учратиш мумкин.

Мамлакатимиз иқтисодиёти сайёрамизда жадаллик билан ривожланаётган иқтисодиётлардан биридир. ЯИМнинг 7-9 фоиз оралиғида узоқ йиллар давомида ўсиб келаётгани юртимизнинг ташқи тўнтаришларга чидамли экани ва муҳим ҳимоя захирасига эгалигини кўрсатади. Ўзбекистонда етарлича малакали ишчи кучлар, Осиёда қулай стратегик жойлашув, диверсификацияланган иқтисодиёт ва бой табиий-ресурс манбаи мавжуд. Мен асосий потенциал — бу инсонлар салоҳияти, бозор институтлари ва иқтисодий ривожланишнинг инновацион модели, деб ҳисоблайман.

«2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича ҳаракатлар стратегияси» қабул қилинди. Ёш олимни маскур стратегияда кўпроқ ҳукуматнинг илм ва илмий тадқиқотларга катта эътибор қаратгани қувонтирмоқда. «Ўрта Осиё, жумладан, Ўзбекистон ҳамиша ўз олимлари ва илмий ютуқлари билан шуҳрат қозониб келган. Ушбу стратегиянинг муваффақиятли амалга оширилиши илмнинг ривожланишида янги даврни очиб беради. Биз эса халқаро илмий ҳамжамиятда Ўзбекистон довруғини янада мустаҳкамлаймиз», - дейди у.

Рауфхоннинг ютуғи келгусидаги зафарларига дебоча бўлишига шак-шубҳа йўқ. Зеро, унинг ўзи эътироф этганидек,  «Агарда инсон доимий тарзда ўз-ўзини енгсагина, ғалаба қозонади, деб ҳисоблайман. Инсон доимо ўз олдига янги мақсадлар қўйиши ва энг муҳими, бу мақсадга эришиш чоғида ўзини бўшаштириб юбормаслиги лозим. Менинг мақсадим – 40 ёшга бориб, фикр-мулоҳазаларига дунё илмий ҳамжамияти қулоқ тутувчи жаҳон миқёсидаги олим бўлиш».

Мақолани тайёрлашда интернет хабарларидан ҳам фойдаланилди.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.