Тинчлик ва хотиржамлик ҳукм сураётган юртимизнинг ҳар бир гўшасида, шу жумладан, туманимизда ҳам Янги йил байрами тантаналари кўтаринки руҳда ўтди.

Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фаоли Мансуржон Холдоров ўзи сайланган “8-Абдуламин Дадахонов” сайлов округи ҳудудида жойлашган 30-мактабгача таълим муассасасига келиб, болажонлар кўнглига шоду-хуррамлик улашди. Кичкинтойлар орзиқиб кутадиган янги йил тадбирида депутат Мансуржон Холдоров кўзларида қувонч порлаб турган боғча тарбияланувчиларига байрам совғаларини топширди.

ЎзМТДП вилоят ва туман кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган “Хуш келдинг, Янги йил” номли байрам тадбирида партиянинг вилоят кенгаши девони раҳбари /айратжон Тўйчибоев, “Миллий тикланиш” газетасининг вилоятдаги мухбири Оқилхон Дадабоев сўзга чиқиб, мамлакатимизда ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол бўлиб ўсиб-улғайиши, замонавий таълим-тарбия олиши учун барча шароитлар яратилаётганини таъкидладилар.

Қорбобо ва қорқиз, турли эртак қаҳрамонлари иштирокидаги ажойиб томошалар кичкинтойларга чексиз қувонч ва завқ бағишлади. Жажжи болажонлар айтган шеър ва қўшиқлардан ота-оналарнинг юзида илиқ табассум югурди.

Партия фаоллари байрам тадбири асносида миллий ўйинчоқлардан унумли фойдаланиш, уларга болажонлар қалбида меҳр уйғотиш, энг аввало, кичкинтойларда аҳиллик, ҳамжиҳатлик, меҳнатсеварлик, ҳалоллик, ҳурмат, ақл, одоб каби инсонга зийнат бағишловчи фазилатларни шаклланишида муҳим аҳамият касб этиши хусусида фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Шунингдек, депутат Мансуржон Холдоров Чўнгбоши маҳалласининг бир гуруҳ фуқаролари билан очиқ мулоқотда бўлди. Сайловчилар яқинда фойдаланишга топширилган дорихона аҳолининг узоғини яқин қилганидан мамнунликларини айтиб, эзгу иш ташаббускори бўлган депутатга миннатдорчилик изҳор қилдилар.

Очиқ мулоқотда Тоҳиржон Мамашаев, Дилором Мамадалиева, Нозима Исмоилова, Маҳмуда Раҳимова каби сайловчилар томонидан бир қатор таклиф ва масалалар билдирилди. Депутат бу мурожаатлар келгусида ижобий ҳал этилишини таъкидлаб ўтди.

Абдусаттор ҚАҲҲОРОВ,

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Косонсой тумани кенгаши раиси.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.