Туманимизнинг  хушманзара гўшасида вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармасининг бевосита бош-қошлигида нуронийларимиз учун «Қадрлаш» дам олиш маскани фойдаланишга топширилди.

Истиқлол йилларида мамлакатимизда кексалик ва у билан боғлиқ ижтимоий жараёнларга жамият ривожланишининг муҳим ижтимоий масаласи сифатида алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Кексаларга ҳурмат-эҳтиром, меҳр-оқибат кўрсатиш, маънавий ҳаётимиз ва қадриятларимизнинг ажралмас қисми сифатида янада камол топмоқда. Президентимиз айтганларидек «Ота-боболаримизга ҳар томонлама ҳурмат, эъзоз ва эҳтиром кўрсатиш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир».

Косонсойнинг сўлим, баҳаво жойидаги нуронийларнинг дам олиш маскани собиқ ёзги оромгоҳ негизида қад ростлади. Бу ердаги барча юмушлар ҳомийлик маблағлари ҳисобига амалга оширилди. Қурилиш, реконструкция ишларида «Чортоқ архитектура қурилиш» масъулияти чекланган жамияти қурувчилари алоҳида жонбозлик кўрсатишди.

Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги арафасида «Қадрлаш» дам олиш масканининг ишга туширилиши нуронийларимизга байрам туҳфаси бўлди.

-Масканда кексаларимизни кўнгилли ҳордиқ олишлари учун барча шароитлар яратилган,-дейди «Нуроний» жамғармаси туман бўлими раиси Ё. Эшматов.- Бежирим ва шинам хоналар икки ва бир кишига мўлжалланган бўлиб, бир вақтнинг ўзида ўттиз кишига хизмат кўрсатиш имконияти мавжуд. Мустақил юртимизда кексаларимизнинг ҳурматини жойига қўйиш, сермазмун ҳаёти ва бой тажрибасини кенг тарғиб этиш, уларга зарур шарт-шароитлар яратишга эътибор кучайтирилмоқда. Нуронийлар дам олиш масканининг фойдаланишга топширилиши фикримиз далилидир.

«Қадрлаш» дам олиш масканининг очилиш маросими катта тантанага айланди. Унда «Нуроний» жамғармаси Марказий кенгаши раҳбарияти, вилоят давлат ва жамоат ташкилотлари масъул ходимлари, мамлакатимиз вилоятларидан фахрийлар вакиллари ҳозир бўлишди.

Маросимда вилоят ҳокими, Олий Мажлиси Сенати аъзоси Х.Бозаров,  Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси Марказий кенгаши раиси Ш.Усмонов ва бошқалар сўзга чиқиб, юртимизда фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган амалий ишлар, уларга кўрсатилаётган ғамхўрликлар ҳақида гапириб, нуронийларимизни байрам сов-ғаси сифатида тақдим этилган янги маскан билан самимий муборакбод этишди.

-Муҳтарам Юртбошимиз раҳнамолигида мустақилликнинг дастлабки йилларидан эътиборан мамлакатимизда кексаларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришга катта эътибор бериляпти,-дейди меҳнат фахрийси А. Болтихўжаев.- Истиқлол йилларида кексаларимизни оғирини енгил, умрини узоқ қилиш йўлида амалга оширилаётган ишларнинг сон-саноғи йўқ.

Кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлардан чексиз миннатдормиз.

Яхши ният, эртанги кунга умид билан яшаш нуронийларимизга хос фазилат. Уларнинг дуолари ҳар қандай бало-қазолардан асрайди. Тарихан қисқа давр мобайнида юртимизда оламшумул ютуқлар қўлга киритилди. Буларнинг барчаси мустақиллик шарофатидан. Истиқлолимиз адабий бўлсин, юртимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолигига кўз тегмасин.

Тадбирда фахрийлар тўкин дастурхон атрофида мароқли суҳбат қурдилар. Вилоят санъаткорлари уларга атаб концерт  дастури намойиш  этишди.

Дам олиш масканини барпо этишда жонбозлик кўрсатган қурувчиларга вилоят ҳокимлиги, «Нуроний» жамғармасининг эсдалик совғалари топширилди.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.