Савол: Янги «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунга кўра Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги кодексига бир қатор қўшимча ва ўзгартишлар киритилди. Шулар ҳақида маълумот берсангиз.

А. САТТОРОВ, М. Аъзам маҳалласи.

Саволга вилоят ҳарбий прокурорининг катта ёрдамчиси И. МаматҚулов жавоб беради:

-Жорий йилнинг 11 августдаги Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-389-сонли янги Қонунига асосан Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 25 сентябрда қабул қилинган 2015-XII-сонли Қонуни билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги кодексига бир қатор қўшимча ва ўзгартишлар киритилди ва янги моддалар билан тўлдирилди. Жумладан,   128 - модда янги таҳрирда баён этилиб, унда: «Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 40 километрдан ортиқ катталикда ошириб юбориши,- энг кам иш ҳақининг етти баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши» белгиланди.

Шу модданинг тўртинчи қисми: «Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 20 километрдан ортиқ, лекин 40 километрдан кўп бўлмаган катталикда худди шундай ҳуқуқбузарлик жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор ошириб юбориши ёхуд транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 20 километрдан кўп бўлмаган катталикда худди шундай ҳуқуқбузарлик учун икки марта маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор ошириб юбориши,-энг кам иш ҳақининг ўн баравари миқдорида жарима солишга ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йил муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади», деган мазмунда баён этилган.

***

Савол: Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали аниқланган йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун қандай чора кўрилади?

Саволга туман прокуратураси терговчиси Б. Алиев жавоб беради.

-Жорий йилнинг 11 август куни кучга кирган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунга асосан «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги Кодексга ўзгартиш киритилди. Кодекс «Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун шахсларнинг маъмурий жавобгарлиги» мазмундаги 171-модда билан тўлдирилди.

Унда: «Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника восталари орқали йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги қайд этилган тақдирда, маъмурий жавобгарликка транспорт воситасининг мулкдори тортилади" деб белгиланди.

«Юридик шахсга тегишли транспорт воситасидан фойдаланиб, содир этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган тақдирда, маъмурий жавобгарликка юридик шахснинг транспорт воситасидан фойдаланиш учун масъул бўлган шахси тортилади».

Шунингдек, Кодекс «Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги қайд этилган ҳолларда жарима солиш тўғрисидаги қарор» мазмундаги 309 -модда билан тўлдирилди.

Ушбу моддада: "Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги бўйича жарима солиш тўғрисидаги қарор маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахснинг иштирокисиз чиқарилади.

Жарима солиш тўғрисидаги қарор махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари қўлланилган ҳолда олинган материаллар илова қилиниб, юридик кучга эга бўлган электрон ҳужжат шаклида расмийлаштирилади ҳамда ушбу ҳужжатни тузган ваколатли шахснинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.

Жарима солиш тўғрисидаги қарорнинг кўчирма нусхаси махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари қўлланилган ҳолда олинган материаллар илова қилиниб, электрон ҳужжатни қоғоздаги ҳужжатга айлантириш йўли билан тайёрланади ҳамда мазкур қарор чиқарилган кундан эътиборан уч кун ичида буюртма почта жўнатмаси тарзида ҳуқуқбузарга юборилади", кабилар белгилаб қўйилган.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.