Анъанага кўра, ҳар йили 27 июнь республикамизда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни сифатида нишонланади. Сўз эркинлиги таъминланаётган, журналист ва блогерлар давлатимиз раҳбари томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётган мамлакатимизда байрамимиз йилдан-йил янада тантанавор тус олмоқда. 2022 йилда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг оммавий ахборот воситалари ходимларига табригида ОАВлар фаолиятига тўсқинликлар демократик ислоҳотларга қарши ҳаракат сифатида баҳоланиши кераклигини таъкидлаганлиги биз, ижодкорларни янада руҳлантирди.

Шунингдек, Юртбошимизнинг "Бир ҳақиқатни ҳеч қачон эсдан чиқармаслигимиз керак: барчамиз демократия деб аталган буюк мактабнинг ўқувчиларимиз. Бу борада ҳали кўп нарсаларни ўрганишимиз зарур. Фарзандларимизни айни шу руҳда тарбиялашда журналистика соҳаси вакиллари, муҳтарам фахрийларимиз ўзларининг бой тажрибаси ва ибратли фазилатлари билан алоҳида намуна кўрсатадилар, деб ишонаман", дея таъкидлаганлиги кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат қўшди.

Дарҳақиқат, Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари сони 2016 йилга нисбатан қарийб 30 фоизга ортиб, 1962 тага етганининг ўзи соҳада кенг қамровли ижобий ўзгаришлар юз бераётганлигини англатади.  Айниқса, хусусий медиа воситалари жамиятда фикрлар хилма-хиллигини таъминлашда, туб ислоҳотларни амалга оширишда, жойларда йўл қўйилаётган камчилик ва муаммоларни дадил кўтариб чиқишда муҳим омил бўлмоқда. Миллий ахборот маконида интернет нашрларининг сони сўнгги 6 йилда салкам икки баробар кўпайиб, 677 тага етгани алоҳида эътиборга молик масала.

Дарвоқе, интернет ва босма нашрлар ҳақидаги  баҳс-мунозараларга қисқача тўхталиб ўтмоқчимиз. Зеро, "Интернет ривожлангач, газеталар йўқ бўлиб кетади, уни  ўқишга эҳтиёж қолмайди", қабилидаги гапларга бефарқ қараб тура олмаймиз. Аввало, бир пайтлар телевидение ихтиро қилинганда, радио йўқ бўлиб кетади, деган гап-сўзлар тарқалганлигини эслайлик. Қани, радио эшитилмай қолдими? Қолаверса, босма нашрни қўлга олиш, қоғозни ҳис қилиб, газета ёки журнал варақлашнинг гашти барибир бошқача ва бу ҳисни туйишдан ҳамма ҳам бутунлай воз кечавермайди, бизнингча.

Тўғри, электрон оммавий ахборот воситалари оммалашгач, дунёда босма нашрлар адади камайяпти, миллион ададда   тар-қалганлари юз мингларга туш-япти. Бундай ҳолат республикамиздаги газета ва журналлар фаолиятида ҳам кузатиляпти. Лекин ўз ўқувчисига эга, муҳими, муассислари томонидан қўллаб-қувватланаётган таҳририятлар журналистлари тараққиётнинг салбий таъсирига қарши туриш учун астойдил ҳаракат қилмоқдалар.

Газета қадри масаласида икки оғиз мулоҳаза: обуна бўлганлиги учун  "Косонсойнома"ни ўқийдиган  ёки бирор тасодиф туфайли уни гоҳи-гоҳида қўлига оладиган айрим юртдошларимизга босма нашрнинг қадри у қадар сезилмас, эҳтимол. Аммо айни шу газетанинг ярим саҳифасича келадиган экстремистик руҳдаги варақа-чақирув ёки даъват учун жиноий жавобгарликка тортилиш мумкинлиги ҳисобга олинса, босма оммавий ахборот воситаси нақадар қудратли кучга эга эканлигини тасаввур қилиш мумкин. Ахир ярим вароқ келадиган бузғунчилик руҳидаги тарғибот учун айбдор Қонун олдида жавоб беради, газета орқали эса муҳим ахборотлар тарқатилади, кези келганда, тарғибот ҳам қилинади.

Фарқли томони, бизда буз-ғунчиликка эмас, яратувчиликка; бир-бирига қарши чиқишга эмас, аҳил-иноқликка; ёмонликка эмас, эзгуликка - хайрли ишларга даъват этилади. Эҳтимол, шунинг учун бўлса керак, газета ҳар доим ҳам эъзозланавермайди. "Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ", деганларидек, давлат сиёсатини одамларга етказиш бурчи бўлганлиги учун газетада мақола эълон қилиш мақсадида таҳририятимизга маълумот кўтариб келадиганларга "Обуна бўлинглар", десангиз, гапимиз ёқавермайди. Турли баҳоналарни важ қилиб кўрсатишади.

Хуллас, бугун интернет нашр-ларига нисбатан олганда, босма нашрлар фаолияти ҳавас қиларли даражада, деб бўлмайди, лекин аянчли ҳам эмас. Юқорида таъкидлаганимиздек, бизни қўллаб-қувватловчилар, доимий обуначиларимиз бор экан, таҳририят ижодкорлари ҳеч қачон тушкунликка тушмайдилар ва аҳолини зарур ахборотлар билан таъминлашда, уларни эзгуликка даъват этишда фаоллик кўрсатаверадилар. Муҳими, юртимизда сўз эркинлигини таъминлаш, журналистлар ҳуқуқ ва эркинликларини қонунан мустаҳкамлаш учун давлатимиз томонидан дадил ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Байрамимиз, байрамингиз муборак бўлсин, бизни ўқийдиган ва бизни қадрлайдиган азиз муштарийлар!

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.