Туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий

ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар

бўйича ўринбосари Алишер Шералиев билан мулоқот

- 2023 йил - Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили, дея эълон қилинганлиги ёш  авлоднинг пухта билим эгаллашига  мамлакатимизда нақадар устувор вазифа сифатида қаралаётганидан дарак беради.Туманимизда сўнгги йилларда таълим тизимида амалга оширилган ишлар ҳақида нималар дея оласиз? 

- Бугунги кунда туманда 58 та таълим муассасалари мавжуд ва  улардан 53 таси умумтаълим мактаблари, 2 таси давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар, яна 2 таси махсус ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ҳисобланади. Шунингдек, ҳудудимизда битта ихтисослаштирилган мактаб ва битта "Баркамол авлод" болалар мактаби мавжуд. Таълим-тарбия муассасаларини замонга мос равишда таъмирлаш ва уларни керакли жиҳозлар билан таъминлаш талаблар даржасида бажарилмоқда. Айни пайтда барча мактабларга оптик толали интернет тармоқлари тортилган. Қурилиш-таъмирлаш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Мисол учун, Инвестиция дастури доирасида 2022 йилда жами 5 млрд. 427 млн. сўмлик 3 та объект фойдаланишга топширилди. Аҳоли ва давлат шериклиги асосида 33-мактабга янги ўқув биносини қуриш ва жиҳозлаш учун маҳаллий бюджетдан Қарийб 2 млрд. сўм маблағ ажратилди. "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурларига асосан 49-мактабнинг 315 ўринли ўқув биноси мукаммал таъмирланди ва бунинг учун 1,811 млрд. сўм маблағ харажат қилинди.

- Устозлар давлат томонидан билдирилаётган эътибор ва ғамўрликка муносиб фаолият кўрсатиш ҳаракатида бўлаётгандирлар?

- Албатта, барча мактабларда ўқитувчиларнинг малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Педагог кадрларнинг махсус халқаро ва миллий сертификатларга эга бўлишларини таъминлаш масаласига аҳамият кучайтирилмоқда.

Жумладан, вилоят ҳокимининг бевосита ташаббуси билан 9 ҳамда 17- мактабларда  аутсорсинг асосида ташкил этилган инглиз тили курсларида таҳсил олаётган 60 нафардан зиёд ўқувчиларни ўқув курси якунига кўра камида 5,5 даражадаги IELTS (ёки унга тенглаштирилган) сертификатга эга бўлишлари кутилмоқда.

Мактабларда 2 минг 274 та тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган ва уларнинг бир қисми фан тўгараклари бўлса, яна бир қисми Президентимиз томонидан олға сурилган "5 муҳим ташаббус" доирасида жорий қилинган тўгараклар саналади.

- Билишимизча, туманимиз мактаблари Миллий рейтингда кейинги даврда юқори натижаларга эришмоқда, тўғрими?

- Тўғри. Ўқувчиларнинг ижодий салоҳиятини юксалтириш, уларнинг фан олимпиадалари, спорт мусобақаларида юқори натижадорлигини таъминлаш борасидаги ишлар ўз самарасини кўрсатиб, Миллий рейтинг кўрсаткичларида туманимиз ўрни тобора юксалиб бормоқда. Масалан, 2021 йил якуни бўйича 2022 йил учун Миллий рейтинг натижаларида республикада 42-ўрин эгалланди, ваҳоланки,  2020 йилда 165-ўринда эдик. Вилоят рейтингида эса 1-ўринга чиқилди.

- Боланинг мактабда фанларни қай тарзда ўзлаштириши кўп  жиҳатдан боғчада юрган даврига боғлиқ, дейишади. Республика миқёсида мактабгача таълим тизимига эътибор кучайган бир пайтда туманимизда бу борада қандай ўзгаришлар юз бермоқда?

- Ҳозирги кунда мактабгача ёшдаги (3-7 ёшли) болалар сони туманимиз бўйича 18 минг 418 нафарни ташкил этади.  Айни шу ёшдаги болаларнинг 75,5 фоизи 40 та давлат мактабгача таълим ташкилотларига, 145 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига ҳамда 4 та давлат-хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган. Йилларга қиёсланадиган бўлса, мазкур кўрсаткич тобора ортиб бораётганини кўриш мумкин. Масалан, 2017 йилда болалар қамрови 25 фоиздан сал юқорироқ бўлган эди,  2022 йилга келиб 76 фоизга етди.

Асосийси, мактабгача таълим ташкилоти болаларни шунчаки кундуз куни ушлаб турадиган муассаса эмас, балки уларга таълим берадиган ташкилот сифатида фаолият кўрсатмоқда. Бу жараёнда ходимлар малакасини оширишга алоҳида урғу бериляпти. Ўқув машғулотлари замонавий ахборот-коммуникация қурилмалари ёрдамида, ранг-баранг кўргазмалардан унумли фойдаланилган ҳолда ўтказиляпти.

Шунингдек, тизимда "Йил тарбиячиси", "Энг яхши услубчи-тарбиячи", "Менинг бахтли болалигим", "Спорт - саломатлик гарови", "Болалик - олтин давр", "Менинг бахтли оилам", "Тиббиёт ойлиги", "Соғлом овқатлантириш ойлиги" сингари тадбирлар изчиллиги таъминланяпти.

Яна бир эътиборли томони, ўтган йилдан бошлаб Косонсой  педагогика коллежида "Жаҳон банки" ва Мактабгача таълим вазирлиги ҳамкорлигида вилоятимизда ягона бўлган "Илк ривожланиш маркази" ташкил этилди.  Марказга 400 нафар имконияти чекланган оилалар фарзандлари ҳамда алоҳида таълимга эҳтиёжи мавжуд бўлган болалар қамраб олинди.

- Туманимиз аҳолисининг қарийб 50 фоиздан юқорисини ёшлар ташкил этади. Маҳаллаларда ёшлар етакчиси лавозими фаолияти йўлга қўйилгач, унинг самараси сезил-яптими?

- Хабарингиз бор, Ўзбекистонда ёшлар бўйича маҳаллагача тушадиган вертикал яхлит тизим яратилди. Бу эса ўғил-қизлар билан ишлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, МФЙлардаги ёшлар етакчиларининг уйма-уй юриб, ҳудуддаги муаммоларни аниқлаш ва уларни ўз вақтида бартараф этилишидаги фаол иштироклари қувонарли бўлмоқда. Бу алоҳида эътиборга эҳтиёжманд йигит-қизларни "Ёшлар дафтари"га киритиш, улар бандлигини таъминлашда ниҳоятда қўл келмоқда. Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 2022  йил давомида махсус дафтарга киритилганларнинг 1 минг 810 нафарига амалий кўмак кўрсатилди. Биргина мисол, ёшларнинг тадбиркорлик фаолияти учун 7 млрд. 404 млн. сўм миқдорида кредит ажратилди. 2 минг 104 нафар ишсиз ёшларга 230.5 гектар ер майдонлари ажратилди, 59 нафар ёшларга 145.7 млн. сўм миқдорида субсидия берилди. Қолаверса, қизиқиш ва имкониятларидан келиб чиқиб, 563 нафар ёшлар касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилди.

- "Беш муҳим ташаббус" доирасида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида ташкил этилган тадбир ва лойиҳалар ҳақида гапириб берсангиз.

- "Беш ташаббус" олимпиадаси иккинчи мавсуми вилоят босқичида 3 та биринчи ўрин, 10 та иккинчи ўрин, 8 та учинчи ўрин эгалланди. Республика босқичида эса вакилларимиз битта биринчи, иккита иккинчи ва битта учинчи ўриндан жой олдилар. Муҳими, 14 та танлов ва мусобақаларнинг маҳалла, сектор ҳамда туман босқичлари юқори савида ўтказилди, уларга 45 минг нафарга яқин ёшлар қамраб олинди. Аҳамиятлиси, Боғкўча маҳалласи ёшлари спортнинг стол тенниси бўйича "Б" лигасида фахрли биринчи ўринни эгаллашди. Чорбоғ ҳамда "Ўзбекистон" маҳалласи вакиллари эришган ютуқлар натижасида  маҳаллалар учун воркаут майдончалари қуриб берилди.

- Жорий йилда амалга ошириладиган ишлар кўлами ҳам кенг бўлса керак?

- Албатта. 2023 йилда Ёшлар бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга ўқитиш ва тадбиркорликка жалб қилиш бўйича режа ишлаб чиқилган. Ишсиз ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб қилиш ва деҳқончлик қилишлари учун  ер майдонлари ажратиш кўзда тутилган. Шунингдек, вилоят ва республика миқёсидаги турли танлов ва мусобақаларга вакилларимизни тайёрлаш ҳамда улар муваффақиятини таъминлаш чораларини кўришга киришганмиз.

- Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамиша энг долзарб вазифалардан бири бўлиб келган. Бугунги кунда туманимиз соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ишлар хусусида ўртоқлашсангиз.

- Туманимиз тиббиёт ходимлари касб бурчларини бажариш, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш йўлида сидқидилдан фаолият олиб бормоқдалар. Бугунги кунда касалликларни барвақт аниқлаш ва уларга даво топишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, аҳолининг турли ёш қатламлари ўратсида тиббий кўриклар ташкил этиляпти. Скрининг текширув натижаларига кўра, касаллик хавфи бор, деб топилганлар "Д" назоратига олиниб, соғломлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ибратли тадбирлар амалга оширилмоқда. 0-18 ёшгача бўлганларни педиатр, стоматолог, эндокринолог, ортопед каби энг зарур мутахассислар томонидан манзилли кўрикдан ўтказилиши йўлга қўйил-ган. Касаллик аниқлангач, зудлик билан режа асосида соғломлаштириш чоралари кўрилиб борилмоқда. Шунингдек, "маҳаллабай", "хонадонбай" тизими асосида бошқарма ва вилоят муассасалари мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳлар ҳафтанинг ҳар шанба куни аҳолининг соғлиқни сақлаш тизими бўйича муаммоларини тизимли ўрганяпти, аниқланган муаммолар жойида бартараф этиляпти.

- Соҳада моддий-техник базани ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида нималар дея оласиз?

- Инвестиция дастури доирасида 28,1 млрд. сўмлик лойиҳани ҳаётга татбиқ этишга киришилган. Яъни кўп тармоқли марказий поликлиникада қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда, 130 ўринли туғруқ мажмуаси қурилиши давом этказилмоқда.

 "Обод қишлоқ ва "Обод маҳалла" дастури доирасида Истиқлол ОШПда 1,170 млрд. сўмлик таъмирлаш ишлари якунига етказилди, муассаса керакли тиббий жиҳозлар билан таъминланди.

Ахборот-коммуникация тобора ривожланиб бораётган айни пайтда тиббиёт муассасаларини замон талабларига мос ҳолатга келтиришга аҳамият бериляпти. Ҳозирги кунда тумандаги 16 та муассасалардан 15 тасида "Электрон поликлиника" хизмати фаолияти йўлга қўйилган. Шунингдек,  туман тиббиёт бирлашмасида "Электрон ҳужжат алмашиш" (ЭДО)  тизими жорий қилинмоқда.

Анорбой ОЛИМОВ суҳбатлашди.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.