Наманган вилояти аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш йилдан йилга яхшиланиб бормоқда. 2022 йилнинг 1 январь ҳолатига вилоят аҳолисининг 63 фоизи тоза ичимлик суви билан таъминланган. Ҳар йили ичимлик суви оғир ҳудудлари ўрганилиб, босқичма-босқич янги тармоқлар тортилиб,  қудуқлар кавланмоқда. 

Косонсой тумани тоза ичимлик суви билан таъминланиш даражасига кўра вилоятнинг оғир ҳудудларидан бири ҳисобланади. Жорий йил бошидаги таҳлилларга кўра туманнинг 48 фоиз аҳолиси тоза сувдан фойланиш имкони яратилган. Албатта, ичимлик суви тармоқларини тортиш ва улардан фойдалинишда нафақат давлат ташкилотларига, шу билан бирга, хусусий секторга суяниб ишлаш, уларни ҳам тизимга жалб этиш яхши натижа бериши жаҳон мамлакатлари тажрибасида синовдан ўтган.

2021 йилда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларни қўллаб қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган танловда Наманган вилояти "Ижтимоий ҳимоя" жамияти ўзининг "Барчамиз инсон кадри ва ижтимоий турмуш тарзи учун масьулдирмиз!" номли лойиҳаси билан иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритиб, 70 млн. сўм маблаққа эга бўлган. Лойиҳанинг асосий мақсади Косонсой туманининг "Истиқолол" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашдан иборат.

Ҳозирги кунда маҳаллада 750 та хонадонлар мавжуд бўлиб, уларда 4200 нафардан ортиқ фуқаролар истиқомат қилади. Маҳалла қўшни Қирғизистон Республикаси билан чегарадош. Аҳоли ўз эҳтиёжлари учун зарур бўлган тоза ичимлик сувини 2-3 км. узоқликдан ташиб келади. Қиш ва баҳор фаслларидаги ёғингарчилик муаммони янада чуқурлаштириб юборади.

Ҳозирги кунда лойиҳани амалга ошириш ишларига жадал киришилган. Ичимлик суви тармоғини тортиш бўйича лойиҳа тайёрланган. "Истиқлол" маҳалла раиси, маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси "Ижтимоий ҳимоя" жамиятига мақсадни амалга ошириш учун ташкилий ишларга кўмак кўрсатишмоқда.  Айрим ишларни маҳалла аҳолиси ҳашар йўли билан амалга оширишни режалаштирмоқдалар. Муҳими, тоза ичимлик суви келса, бу ерда истиқомат қилаётган аҳолининг узоғи яқин, оғири енгил бўлади.

"Ижтимоий ҳимоя" жамияти эса ана шундай муаммоларни ҳал қилишда ва ногиронлиги бўлган фуқаролар ва қарияларни, кам таъминланган оилаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва уларнинг турмуш тарзига кўмаклашишни ўз олдига вазифа қилиб қўйган.

Моҳира МЎМИНОВА, лойиҳа раҳбари.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.