Кўпчиликнинг хабари бор, яқинда "Маҳалла тизими ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ юртдошларимизни мукофотлаш тўғрисида"ги Президент Фармони қабул қилинди. Қувонарлиси, мукофотланганлар орасида туманимиздаги "Инсон" ижтимоий хизматлар марказининг ижтимоий хизматларни ташкиллаштириш бўйича мутахассиси, Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Жавлонбек Абдуллаев ҳам бор. Яъни тумандошимиз Президентимиз томонидан "Жасорат" медали билан тақдирланди.

Байрам шарафига вилоят мусиқали драма театрида ўтказилган  тадбирда Ж. Абдуллаевга вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов томонидан медаль топширилди ва ҳамма бу қувончли воқеани олқишлади.

Нафақат туманимизда, балки мамлакатимизда ҳам Жавлонбекни  ҳақиқатан чинакам жасорат эгаси эканлигини жуда яхши биладилар. Бу ҳақда газетамиз саҳифасида ҳам батафсил ёритганмиз. Тақдир синовига дош бериб, бир оёғидан айрилганига қарамай, тушкунликка асло тушмаган, ўқиб-изланиб, ҳатто олий таълим муассасасида пухта таҳсил олган, спортнинг сузиш тури билан шуғулланиб, паралимпия чемпионлигига эришган Жавлонбекдан кўп нарсани ўрганса арзийди.

У ҳамиша фаол инсон. Турли тадбирларда иштирок этиш, жамиятда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга нисбатан ўзининг ўринли фикр-мулоҳазаларини билдириш қаҳрамонимизга хос хислатлардан бири.

Бугун "Инсон" ижтимоий хизматлар марказида фаолият кўрсатар экан, бу борада ҳам у энг намунали ходимлардан бири эканлигига шак-шубҳа йўқ. Зеро доимий фаоллик, масъулиятни юрак-юракдан ҳис этиш унинг қон-қонига сингиб кетган.

Мукофот муборак бўлсин, Жавлонбек! Олға интилишдан асло чарчаманг. Қалбингизни юксак орзу-истаклар ҳеч қачон тарк этмасин!

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.