Маълумки, туманимиздаги "Тергачи" мавзесида 2020 йилда  "Кушон" кичик саноат зонаси ташкил этилган. Вилоят Кичик саноат зоналарини бошқариш бўйича ягона дирекциясининг мазкур ҳудудга масъул этиб тайинланган  вакиллари - Акмалжон БАЁЗОВ ҳамда Жамшидбек ПЎЛАТОВ билан "Кушон" КСЗда амалга оширилган ишлар ва 2024 йилга мўлжалланган режалар хусусида суҳбатлашдик.

- Кичик саноат зонаси қанча ер майдонига эга ва унда қанақанги лойиҳалар жойлаштирилган?

Акмалжон БАЁЗОВ: - Қиймати 1028 млрд. сўмлик, жами 137 та лойиҳа ўрин олиши кўзда тутилган "Кушон"нинг умумий ер майдони 110 гектардан иборат. КСЗ тўла қуват билан ишлай бошласа, 13 мингдан зиёд иш ўрни яратилади.

Ҳозиргача 45 та лойиҳаларнинг маълум қисми ишга тушди. 50 та лойиҳалардаги бино ва иншоотларнинг қурилиш ишлари ниҳоясига етказилмоқда, яъни уларнинг том қисми ёпил-япти. 40 дан ортиғида эса деворлар тикланяпти.      

"Кушон"даги лойиҳалар йўналишлари турлича. Масалан, лойиҳа қиймати 13.0 млрд. сўмлик "Гидро хайтинг" МЧЖда кичик сув иситиш қозонлари ишлаб чиқариш кўзда тутилган, лойиҳа қиймати 7.0 млрд. сўмдан иборат  "Гармент инвест текс" МЧЖда маҳсулотларни қадоқлашда фойдаланиладиган қутилар тайёрлаш режалаштирилган. Шунингдек, "Текстил товел"да сочиқ, "Она юрт султони"да иссиқликни сақлаб қолувчи термопанеллар, "Асиан метал"да сим маҳсулотлари, "Абу текс"да трикотаж маҳсулотлари, "Нам соф фарм"да тиббиётда ишлатиладиган пахта, бинт ҳамда марли ишлаб чиқариш лойиҳалаштирилган.

- Ўтган даврда фойдаланишга топширилган лойиҳалар ҳақида маълумот берсангиз.

Жамшидбек ПЎЛАТОВ: - 2023 йилда бир қатор лойиҳалар фаолиятини бошлади. Мустақиллик байрамимиз арафасида кичик саноат зонасидаги "Исохон Исломжон 070" МЧЖнинг 6 млрд. сўмлик, темирни қайта ишлаш лойиҳаси ишга тушди ва  бу билан 50 киши фойдали юмуш билан таъминланиши учун имконият яратилди. Қиймати 4 млрд. сўм бўлган "Кушон бетон трейд" МЧЖ лойиҳаси  орқали бетон панел маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши натижасида эса 40 киши юмушли бўлди.

Аҳамиятлиси, лойиҳаларни танлашда бозор талабларидан келиб чиққан ҳолда иш олиб борилмоқда. Мисол учун, бугунги кунда маҳсулотларни қадоқлашга талаб ортганлиги назарда тутилиб, айни шу йўналишга ихтисослашган меҳнат жамоаси учун КСЗдан ер ажратилди. Шундай қилиб, ўтган йилда "Гармент инвест текс" МЧЖ томонидан умумий қиймати 7 млрд. сўм бўлган қоғоз қути маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасининг биринчи босқичи йўлга қўйилди. Қолаверса, қиймати 7 млрд. сўмга яқин "Дилмурод текстил" лойиҳаси фойдаланишга топширилиб, 50 нафарга яқин аҳоли бандлиги таъминланди.

- Хабаримиз бор, шу йилнинг ўтган ойида "Кушон" КСЗда яна бир қувончли воқеа юз берди. Яъни "Namangan Golden Tea Paking Faktori" корхонасига хитойлик тадбиркорлар ташриф буюришди. Шу ҳақда батафсилроқ тўхталсангиз.

Акмалжон БАЁЗОВ: - "Namangan Golden Tea Paking Faktori" корхонаси чой қадоқлаш ва сотиш лойиҳасига 20 млрд. сўм инвестиция киритилган. 12 йилдан буён фаолият кўрсатаётган мазкур меҳнат жамоаси учун КСЗда 2 гектарга яқин ер майдони ажратилгач, унинг имкониятлари кўлами кенгайди. Айни пайтда 50 дан ортиқ киши фойдали меҳнат билан банд бўлган корхонада 50 граммдан тортиб 5 килограммгача бўлган, 100 турдан ортиқ қадоқлардаги хуштаъм чойлар харидорларга тақдим этилмоқда. Эътиборлиси, "Namangan Golden Tea Paking Faktori" там-ғаси туширилган чойлар республикамизнинг барча вилоятларига етказилади. 

Биламизки, Хитой дунё мамлакатлари орасида чой етиштириш ва уни экспорт қилиш бўйича етакчи давлатлар қаторида туради. Хитойдан чой импорт қилиш бўйи-ча Ўзбекистон ҳам бу давлат билан азалдан мустаҳкам алоқаларни боғлаган.

Хитойлик тадбиркорлар мазкур корхонада бўлиб, ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан танишдилар. Уларга меҳнат жамоасида амалга оширилаётган ишлар ниҳоятда маъқул келди. Чой қадоқлаш салмоғини ошириш ҳамда янги иш ўринларини яратиш учун хитойлик ҳамкорлар лойиҳага инвестиция киритиш ниятини билдирдилар. Натижада  ўзаро ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Ҳамкорлик кучайтирилса, "Namangan Golden Tea Paking Faktori" маҳсулотларининг нафақат сифати ортади, балки унинг экспорт имконияти кенгаяди.  

 - Биламизки, янги ташкилланаётган ҳудудлар учун йўлларни асфальтлашдан тортиб корхоналарни электр, газ ва сув билан таъминлашгача зарур бўлади. Бу борада қандай тадбирлар амалга оширил-япти?

Жамшидбек ПЎЛАТОВ: - Ҳозиргача ишга туширилган лойиҳаларда электр, табиий газ ёки сув таъминоти борасида муаммо бўлганича йўқ. Босқичма-босқич бошқа лойиҳаларда ҳам бундай масалаларни ўз ўрнида ҳал этиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилган. Масалан, янги ҳудудларда автомобиль йўллари учун 14,3 километр йўлларни текислаш ишлари якунланиб, ариқларга лотоклар ётқизилмоқда. Асосий кўчани асфальтлаш амалга оширилмоқда. Бундай юмушларнинг 29930.9 млрд. сўмлик маблағи ҳам ҳал этилган.

10 километр масофага электр тармоқлари тортиш мақсадида темир устунлар ўрнатиш ҳам ниҳоясига етди. 2 та кўчада симлар тортиш юмушлари сўнгги босқичга кирган. Биринчи ва иккинчи марказий кўчаларга 2.2 километр узунликдаги асосий сув қувурлари ётқизилган. Барча ло-йиҳаларни сув билан таъминлаш якунланди. Табиий газ борасида ҳам ишлар талаблар даражасида кетмоқда. Яъни 2.7 км масофага қувурлар тортиб бўлинди.

Акмалжон БАЁЗОВ: - Шуни мамнуният билан айтиш жоиз, кичик саноат зоналари Косонсойнинг "ўсиш нуқтаси", яъни ўзига хос драйверига айланди. Чунки бир неча гектардаги бўш жойларда чинакам корхоналар  фаолияти йўлга қўйилмоқда, маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, туманнинг саноат салоҳияти юксалмоқда. Қолаверса, ҳудуд ободлашиб, унинг кўркига кўрк қўшилмоқда. Энг муҳим жиҳатлардан бири, айни пайтгача юзлаб ишга эҳтиёжмандлар фойдали юмуш билан банд қилинди ва улар сони келгусида янада ортади.

Анорбой ОЛИМОВ суҳбатлашди.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.