Кейинги йилларда маҳаллалар инфратузилмасини такомиллаштириш, аҳоли учун қулай шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, махсус дастурлар асосида йўлларни асфальтлаштириш, шағаллаштириш, ичимлик сув тармоқлари тортишга эътибор мисли кўрилмаган даражада кучайтириляпти. Жорий йилдан бошлаб бизнинг ҳудудда ҳам ана шундай хайрли ишлар рўёбга чиқарилиши ҳаммамизни қувонтирди. Яъни вилоятимизнинг бешта туманидаги, жумладан, бизнинг маҳаллада  "Обод хонадон - обод кўча - обод маҳалла" мезонлари бўйича иш ташкил этиладиган бўлди.

Ҳозиргача 12 та кўчада хатлов ишлари олиб борилмоқда. Бунда қайси ички йўлни асфальтлаштириш керак, ижтимоий соҳа муассасаларидан қай бирида таъмирлашни амалга ошириш зарур, деган саволларга жавоб топилмоқда.

3-сектор таркибидаги маҳалламизда Ўзбекистон Республикаси Президентининг тумандаги Халқ қабулхонаси, туман ҳокимлиги вакиллари, сектор раҳбарининг доимий иштирокидаги махсус штаб ташкил этилган. Кунлик ишлар доимий назоратга олинган. Ҳатто вилоятимиз ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов  бошчилигидаги ишчи гуруҳ ҳудудимизга келиб, дастур доирасида бажариладиган тадбирларни таҳлил қилди. Масъул ташкилотлар ва ҳудуд фаоллари олдидаги вазифалар белгилаб берилди. Режалаштирилган лойиҳаларни тез ва сифатли якунлаш учун ҳамжиҳатлик ҳамда  ташаббускорлик муҳимлиги, бунда эса МФЙ фаоллари, айниқса, нуронийлар бош-қош бўлиши кераклиги таъкидланди.

Айни пайтда "хонадонбай" ўрганиш давом этмоқда. Бу жараёнда аҳолини қийнаб келаётган муаммолар билан бир қаторда, оила даромадини ошириш, томорқа маданиятини юксалтириш ва шундай юмушлар натижасида бандликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратиляпти. Айниқса, ёшларни фойдали меҳнат билан таъминлаш, улар вақтини беҳуда ўтказмаслик чоралари кўрилмоқда. Маҳалла "еттилиги" ва фаолларимиз томонидан ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликларнинг олдини олишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

Куни кеча 1,5 км дан зиёд тупроқли ички йўл шағаллаштирилди, 42  та янги қўшимча темир-бетон устунлар ўрнатилди. Шунингдек,  1,1 км масофага электр СИП кабеллари тортилди, 1 км ариқлар тозаланди ҳамда хонадонларда ободонлаштириш ишлари олиб борилди.

Маҳалламизда 2 минг 500 дан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Қувонарлиси, ҳаммамиз ўзаро аҳил-иноқликда яшаб келмоқдамиз. 7 йилдан бери раис лавозимида фаолият кўрсатаётган бўлсам, ортиқча муаммога дуч келмадик. Ҳар қандай ишни баҳамжиҳатликда адо этамиз. Шунинг учунми, унча-мунча юмушларни ҳашар йўли билан уддалаймиз. Ҳозиргача ҳам шағаллаштириш, кўчатлар экиш, дарахтларни оқлаш сингари юмушларни ҳашар йўли билан бажардик. Энди эса махсус Дас-тур доирасида рўёбга чиқариладиган кенг кўламли тадбирлар натижасида ҳудудимиз янада обод бўлишига шак-шубҳа йўқ. Бундай эътибор учун, албатта, муносиб жавоб беришга, юртимиз тараққиёти учун ҳалол ва фаол меҳнатимиз орқали ҳисса қўшишга  ҳаракат қилаверамиз.

Фарҳоджон МАМАЖОНОВ, Ёшлик МФЙ раиси.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.