Туманимизда кичик саноат зоналарини ташкил этиш орқали корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватини кучайтириш, янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳозиргача бир неча ана шундай ҳудудлар жорий қилинди. Янги йилда яна бир - "Намуна" кичик саноат зонаси (КСЗ)ни барпо қилишга киришилди.

Ер майдони 26,2 гектардан иборат бўлган КСЗда умумий қиймати 206 млрд. 700 млн. сўмликдан иборат 28 та лойиҳани рўёбга чиқариш кўзда тутилган. Шунингдек, лойиҳаларда режалаштирилган ишларни амалга ошириш учун 2 млн. 500 минг АҚШ доллари қийматидаги хорижий инвестиция киритилади. Энг асосийси, барча тизим тўла қувват билан ишга тушса, 1 минг 790 та иш ўринлари яратилади.

Мазкур ҳудудда автомобиль ва чарм саноати йўналишларида биттадан, қурилиш ва озиқ-овқат йўналишларида 5 тадан лойиҳани йўлга қўйиш режалаштирилган. Шунингдек, текстил ва трикотаж ишлаб чиқариш, ёғоч маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда маиший маҳсулотлар тайёрлашни йўлга қўйиш ҳам ўрин олган.

Айни пайтда "Намуна"да дастлабки ишларга киришилди. Яъни ерларни тайёрлаш ва сув чиқариш учун қудуқлар қазилмоқда. "Водий индустрия қурилиш сервис" МЧЖ томонидан 716 метрли 114 ммли газ қувурлари тортилди. Туман электр тармоқлари корхонаси томонидан эса 7,0 км узунликда ҳаво электр тармоқлари ҳам тортилди.

Ҳозирги кунда "Баркас текс" МЧЖ томонидан пахтани қайта ишлаб, калава ип ва момиқ сочиқ ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси бўйича ер ишлари ҳамда бетон қуйиш ишлари амалга оширилмоқда. "Чиндовул қурилиш инфо" МЧЖ учун ажратилган ҳудудда эса қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида айни шундай юмушлар якунланиб, девор қад ростламоқда. Қолаверса, "Орзу товел текс" МЧЖ, "Фирдавс озод диёри" МЧЖ ҳудуларида ҳам бунёдкорлик ишлари қизғин паллага кирмоқда.

Одилжон Абдухалилов, Саъдулла Абдуллаев,

вилоят кичик саноат зоналарини бошқариш бўйича

ягона дирекцияси масъул ходимлари.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.