Маҳалламизда 1 минг 200 та хонадон бор, уларда 7 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Бугунги кундаги асосий эътиборимиз камбағалликни камайтириш, айниқса, пандемия шароитида маҳалладошларимизнинг ночор аҳволга тушиб қолишларининг олдини олишга қаратилган.

Яқинда  муқаддас айёмларидан бири Қурбон ҳайити муносабати билан маҳалламизда кенг кўламдаги хайр-саховат ишлари амалга оширилди. Қувонарлиси, Президентимиз ташаббус ва тавсиялари билан кам таъминланган, якка-ёлғиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардаги фуқароларга 1 миллион сўмдан хайрия пуллари ҳамда ҳомийларнинг озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Бундай эзгу ишларда Саидхон Ҳомидов, Неъматжон Ғаниев сингари олийҳиммат тадбиркорларнинг иштироки катта бўлганлигини алоҳида эътироф этмоғимиз лозим. Яна бир хурсанд бўладиган тарафи, саховатпешаликдан баҳраманд бўлганлар чин дилдан миннатдорлик изҳор қилдилар. 3 фарзанднинг онаси Фароғат Ҳомидова кўрсатилган эътибор ва ғамхўрлик учун Юртбошимизга раҳматлар айтар экан, дуога қўл очиб, мамлакатимизга тинчлик-осойишталик тилади. Айни шу ҳамюртимиз "Барказтекс" МЧЖга ишга қабул қилинганлигини ҳам мамнуният билан тилга олмоқчимиз. Чунки энди у ҳалол меҳнати орқали рўзғорига барака киритади.

Фуқароларимизни иш билан таъминлаш орқали улар шароитини яхшилашга алоҳида аҳамият бермоқдамиз. 2 сотихдан иссиқхона ва 4 сотихдан томорқа экинлари парваришлаш учун экин майдонлари ажратилиб, ана шу жойда фаол меҳнат қилиш учун шароит яратилди. Натижада Олимжон Мамажонов, Фозилжон Мўминов, Насиба Тўрақулова каби маҳалладошларимиз иссиқхона ҳамда томор-қадан унумли фойдаланиб, ҳам оилалари даромадига даромад киритишяпти, ҳам бозор тўкинчилигини таъминлашга озми-кўпми ҳисса қўшишяпти.

Биламизки, бирор муаммосиз жамият ҳеч қачон бўлмайди ва бўлмаган ҳам. Ҳар қандай даврда ўзига хос камчиликлар учраб туриши табиий. Асосийси, уларга бепарво муносабатда бўлмасдан хатоларни тузатишга, камчиликларни бартараф этишга эътиборни кучайтириш лозим. Республикамизда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари бўйича ўзига хос тизим ташкил этилиб, халқнинг дарду ташвишини чуқурроқ ўрганиш ҳаракатида бўлинмоқда. Бу эса фақат яхшиликка хизмат қилади ва бундай эзгу ишларда иштирокимиз борлигидан хурсандмиз. Зеро, халқни рози қилиш, унинг дуосини олиш нафақат хайрли иш, балки фаровон келажакни таъминлашнинг ўзига хос омилларидан бири ҳисобланади.    

Фарҳод РАСУЛОВ, Обод МФЙ раиси.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.