Шаҳримизда амалга оширилаётган бунёдкорлик тадбирлари натижаси барча жабҳаларда яққол кўзга ташланади. Жумладан, туман марказида 4,4 километр узунликдаги янги тармоқ тортилиши билан 4200 та хонадонда яшовчи 19,6 мингдан зиёд аҳоли тоза ичимлик сувидан баҳраманд бўла бошлади.

Сир эмас, автомобиль йўлларининг сифатсизлиги кўп йиллардан бери аҳолини қийнаб келаётган жиддий муаммолардан бири эди. Ушбу долзарб масала ҳам "Обод марказ" дастури шарофати билан ўз ечимини топди. 3,4 миллиард сўм маблағ сарфланиб, мукаммал таъмирдан чиқарилган 19 кило-метрга яқин автомобиль йўллари равонлаштирилганидан нафақат ҳайдовчиларнинг, балки туман аҳлининг дили яйради.

Айниқса,  пиёдалар йўлаги ташкил этилиб,  кўча бўйларига тежамкор ёритиш чироқлари ўрнатилганлигини айтмайсизми! Тунлари чароғон, ҳаракатланишга мутлақо хавфсиз бўлган бундай йўллардан юрганларнинг кўнглида бугунги кундан розилик ҳис-туйғулари баралла жўш уради.

Косонсой сойи етти иқлимга маълум ва машҳур.  Ёзнинг ҳароратли кунларида сой танга ором, куч-қувват беради. Унинг соҳили бўйлаб 1,5 километр узунликда барпо этилган яшил хиёбон - велосипед йўлакчаси ўзига хослиги билан манаман деган давлатлардагидан қо-лишмайди. Бундай ижобий ўзгаришларинн санаб адоғи етиш қийин. Масалан, туман марказида Ёшлар хиёбони жорий қилингани ҳам ўзига хос тарихий ишлардан биридир. Аввало, шуни таъкидлаш жоиз, хиёбонга кириш учун такрорланмас усулда ўрнатилган дарвоза ҳар қандай кишининг диққатини ўзига тортади. Ёшлар хиёбонининг умумий кўриниши: яшил йўлаклар, қишин-ёзин кўм-кўк тусда одамларга завқ-шавқ берувчи арчалар, оқшомда порлаб турувчи янгича дизайндаги чироқлар, мусиқали фаввора, маҳобатли "Муродим" мажмуаси дилларни яратади. Бундайин - баркамол авлод тарбияси учун қилинаётган янгиликлар эртага албатта, ўз самарасини беришига шак-шубҳа йўқ.

Бугун Косонсойимиз тамомила янгиланмоқда. Бу бошланиши, холос. Улуғвор ишлар кўлами кундан-кун кенгайиб, нафақат шаҳримиз, балки қишлоқларимиз ҳам обод бўлишига тўла ишонамиз.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.