Прeзидeнтимизнинг 2018 йил 23 октябрдаги "Элeктр энeргeтикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарорига асосан, республикамиздаги истeъмолчи-ларнинг барчаси элeктр энeргияси истeъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига уланади. 2021 йил якунигача бу тизим қамровини абонeнтлар умумий сонининг 100 фоизигача eтказиш бeлгиланган. Туман электр таъминоти корхонаси  бошлиғи А. ХУДОЙБЕРДИЕВ билан мулоқотимиз мана шу янгилик билан боғлиқ савол-жавоблар асосида ўтди.

- Автоматлаштирилган тизимнинг мазмун-моҳияти нимадан иборат?

- Бунда энг аввало, истеъмолчилар янги ҳисоблагичлар билан таъминланадилар ва истeъмолчи билан электр энергияси таъминотчиси ўртасида аниқ ҳисоб-китоб йўлга қўйилади. Истeъмолчи ўзининг ҳисоби (баланси) ҳолати бўйича доимий хабардор этиб борилади. Мабодо қарздорлик юзага келса, у тизимдан ўз-ўзидан ўчирилади.

- Бу худди уяли алоқа учун олдиндан тўлов қилишдек гап экан-да?

- Тўғри. Истеъмолчи фойдаланадиган электр ҳақи учун олдиндан тўлов қилиши ва ҳеч қачон қарздор бўлмаслиги керак. Тўловни вақтида амалга оширадиганларга эса узлуксиз сифатли элeктр энeргияси eтказиб бeрилади.

- Сир эмас, орамизда ўзбилармонлар йўқ эмас ва улар яна ўша - ўзлари билганларича, ноқонуний йўл билан электр токидан ўғринча фойдаланишга уринишлари мумкин...

- Бундай ҳолатда ўрнатилган автомат ҳисоблагич ўз-ўзидан ўчади ва операторга хабар юборади. Мисол учун, "пломбаланган"  ҳисоблагични очишга уринсангиз бас, компьютер марказидаги сигнал ишга тушиб, қайси ҳудуд, қайси хонадонда бу воқеа бўлаётгани тўғрисида хабар беради. Бу эса янги тизимда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш бутунлай барҳам топади, деганидир.

- Эшитишимизча, электрон ҳисоблаш тизими ҳар куни эрталаб истеъмолчи қанча электр энергия ишлатгани ҳақида маълумот берар экан, шу ростми?

- Ҳа, рост. Агар истеъмолчи ҳисобварағида маблағ кам қолган бўлса, "sms" хабарнома юборади. Ҳисоб-китоб вақтида қилинмаса,  токдан узиш ҳақида автмоматик равишда топшириқ берилади. Қарздорлик бартараф этилиши билан эса тизимни ёқиш ҳақида хабар юборилади.

- Демак, "Бу Фалончининг хонадони, қарзи миллиондан ошган бўлса ҳам тармоқдан узмай турайлик", қабилидаги гапларга ўрин қолмас экан-да?

- Ҳа, муҳим жиҳат ҳам шунда: янги тизим инсон омилисиз тўлалигича автоматлаштирилган тарзда ишлайди. Унга таниш-билиш тарзидаги аралашишнинг имкони йўқ.

- Қиш даврида кўпчилик уйларни иситиш учун электр жиҳозларидан фойдаланиши аниқ. Шундай пайтларда ҳисоблагич зўриққанидан ишдан чиқиши ҳолатлари ҳам учрайди...

- Хонадонда электр ускуналари кўтара олмайдиган даражада катта миқдорда электр энергиясидан фойдаланилса "ақлли" ҳисоблагич бир  неча дақиқага ўчиб қолади ва истеъмолчини огоҳлантиради. Демак, маҳалладагилар янгича тизимга ўтилганидан кейин кимнингдир ортиқча ток ишлатгани оқибатида "подстанциянинг куйиб кетиши"дан азият чекмайди.

Энг муҳим жиҳатлардан яна бири, автоматлаштирилган тизим ишга тушиши натижасида соҳадаги электр энергиясининг технологик йўқотилиши анча камаяди. Ҳозир бу кўрсаткич жойларда умумий истеъмолнинг 15 фоизидан 25 фоизигача ташкил этади. Янги ҳисоблагичларда бу ўртача 4 фоиз экани айтилмоқда. Рекорд даражадаги шундай паст йўқотишга эришилса, юртимизда камида яна бир вилоятга етарли электр энергияси тежаб қолинади, демакдир.

- Туманимизда қачондан бошлаб автоматлаштирилган тизимга ўтилади ва қанча аҳоли янги ҳисоблагичлар билан таъминланади?

- Туманимиз бўйича аҳоли истеъмолчилар сони - 38 минг 900 дан ортиқ. Автоматлаштирилган тизимга ўтиш бошлангач, уларнинг барчасига янги ҳисоблагичлар ўрнатиб берилади. Бу жараёнга туманимизда режа асосида келгуси йилдан бошлаб киришилади. Аммо Наманган шаҳрида ва бир неча туманларда янги тизимга ўтиш бошланган. Демак, ҳадемай бизнинг туманда ҳам автоматлаштирилган ҳисоблагичларни ўрнатиш бошланади.

- Бу бепул бажариладими?

- Ҳа, электр ҳисоблагичлар ҳудудий электр таъминотчи корхоналар маблағи ҳисобидан бепул ўрнатиб берилади. Бирор сўм ҳам пул тўланмайди.

Суҳбатдош Анорбой ОЛИМОВ.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.