Яқинда қувончли хабарни эшитдик. Тумандошимиз, Андижон давлат тиббиёт институти клиникасининг кўзга кўринган етакчи мутахассиси Альфия Шамсиддинова "Ўткир коронар синдромли беморларда катехоламинлар метаболизми бузилиши ва бирламчи медиаторлар яллиғланишининг ўзаро боғлиқлиги" мавзусидаги диссертацияни муваффақиятли ёқлаб, тиббиёт фанлари бўйича фалсафа доктори илмий унвонига сазовор бўлди. Юрак хасталиклари билан касалланганлар сони тобора ортиб, бундай касалликларни даволаш ва уларнинг олдини олиш жаҳон миқёсида долзарб аҳамият касб этаётган бир пайтда ҳамюртимиз эришган муваффақият тиббиёт фанига ўзига хос ҳисса сифатида қўшилиши табиий. Қувонарлиси, ўз иқтидори ва интилиши туфайли зафар қучган фахрли тумандошларимиз сафи яна бир нафарга ортди.

Инсон умр кечирар экан, олдида турли йўллар пайдо бўлади ва унда ана шулардан бирини танлаш зарурати туғилади. Кимдир бу борада осон йўлни танласа, яна биров оғир, бироқ шарафли йўлдан боришни афзал кўради. Андижон тиббиёт институтида ўқишни муваффақиятли якунлаб, қўлига дипломни олган Альфия айни шундай қарорни қабул қилди. Яъни тиббиётда фаолият кўрсатиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатга эга бўлган мутахассис тенгдошлари қаторида бирор шифохонага бориб хотиржам ишлаш ўрнига, мураккаб иш - илм билан шуғулланишни танлади. Ахир бежизга илм эгаллашни игна билан қудуқ кавлашга қиёслашмайди. Мақоламиз қаҳрамони худди шундай мураккаб йўлдан борар экан, устозлари ўгитига таянди. Зеро, интилувчан,  изланувчан талабадаги иқтидорни кўрган ва унга аспирантурада ўқишни таклиф этган ўқитувчиларининг ҳар бир сўзлари қийин пайтларда Альфияга куч-қувват берди. Қолаверса, падари бузрукворининг инсон ҳаётда ўз мақсадига эришиши учун кўпгина қийинчиликларга дош бериши зарурлиги, чўққига машаққатлар оша чиқилиши ҳақидаги панд-насиҳатлари доимо қулоғи остида жаранглаб  турди. Онаси Дамира опадан ўтган тиришқоқлик, ҳар бир ишни пухта уддалашга интилиш эса саъй-ҳаракатлари натижадорлигини таъминлади.

Дарвоқе, А. Шамсиддинова улғайган хонадон ҳақида қисқача тўхталсак. Альфия зиёлилар оиласида катта бўлди. Хонадон соҳиби Сайфиддин ака юқори малакали, бой тажрибага эга рус тили ўқитувчиси, онаси Дамира опа эса узоқ йиллар туман марказий шифохонасида ҳамшира, бош ҳамшира сифатида эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор қозонди. Ҳозирда эса нафақа ёшида. Альфиянинг синглиси Альбина ҳам соҳа бобида тиббиётни танлаган. Яъни у АДТИда таҳсил олиб, олий малакали ҳамшира мутахассислигига эга бўлди. 20 йилдирки, Альбина  ҳам  беморлар дардига даво беришда сидқидилдан фаолият кўрсатмоқда.

Альфияни Андижон тиббиёт институти талабалари чуқур билимга эга, талабчан ва меҳрибон устоз сифатида ҳурмат қиладилар. У ёшларга пухта сабоқ берар экан, соҳада рўй бераётган ўзгаришлардан ўғил-қизларни доимо хабардор этиб боришни ҳам унутмайди. Айниқса, кейинги йилларда республикамиз тиббиётида амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган мақсад, уларнинг туб мазмун-моҳиятини ёшлар онгига етказишга астойдил ҳаракат қилади.

- Бугун олий ўқув юртида билим олаётган талаба эртага дипломга эга бўлиб, мутахассисга айланади. Демак, бемор билан юзма-юз келадиган шифокор касалликни аниқлаш ва бехато ташхис қўйишдан тортиб, уни замонавий услублар асосида самарали даволашгача уддалаши керак. Шунинг учун бўлажак шифокорларга ҳар томонлама чуқур билим беришга ҳаракат қиляпмиз, - дейди А. Шамсиддинова биз билан суҳбатда.

Буюк бобокалонимиз Ибн Сино бошлаб берган ишни давом эттираётган бугунги авлоддан улкан натижалар кутилмоқда. Демоқчимизки, тиббиётда чуқур таҳлилий-илмий ишлар олиб бориб, касалликларни бартараф этишда мисли кўрилмаган ютуқларга эришиш ва ўзбекнинг номини янада улуғлаш соҳа етакчилари  олдига энг асосий вазифалардан бири сифатида қўйилган. Умид қиламизки, бундай шарафли ва масъулиятли вазифани рўёбга чиқаришда ҳамюртимиз Альфия Шамсиддинованинг изланишлари ҳам муҳим аҳамият касб этажак. Илмий унвон муборак бўлсин, Альфияхон, изланишлардан ҳеч қачон чарчаманг!

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.