Қуён гўшти энг фойдали маҳсулотлардан бири ҳисобланади.

У қўй, сигир гўштига қараганда организмда яхши ҳазм бўлади. Бундан ташқари, термик ишлов жараёнида ҳам ушбу гўштнинг таркиби ҳамда сифати ўзгармайди.

Унинг таркибида тўлақонли оқсил, ёғ, витамин ва минерал моддалар  бор. Тўрт-беш ойлик қуёнларнинг гўшти энг фойдали ҳисобланади. Халқ табобатида унинг ёғи ҳам кўпгина касалликларни даволашда, косметалогияда гўзаллик воситаларнинг гипоаллергик асосини яратишда, шунингдек, фармацевтика саноатида ҳам ишлатилади.

Минерал моддаларни сақлаши жиҳатидан бошқа барча гўшт маҳсулотларидан устун туради ва  1-1,5 фоизни ташкил қилади.

Шунингдек минерал-маъданлар – темир, фосфор, кобальт, фтор, калий, марганец, фтор, руҳ ва бошқа моддалар мавжуд.

Таркибида витамин РР, С, В6, В12  кўплиги ҳисобига қуён гўшти муҳим, алмаштириб бўлмайдиган бебаҳо парҳез маҳсулот ҳисобланади. Бундан ташқари, қуён ёғи тўйинмаган кислоталарга бой.

Қуён ёғи бронх йўллари шамоллаганда буюрилади. Қаттиқ йўталда кўкракка суртилади. Қаттиқлашган қўл териси юмшатилади.

Қуён гўшти юрак-қон томир тизимига ижобий таъсир этиб,  гипертония, атеросклероз ва бош-қа касалликларнинг ривожланишининг олдини олади.

Шифокорлар ошқозон-ичак яра касаллиги, ичак хасталикларида, ошқозон ости бези, жигар, буйрак ва ўт ишлаб чиқарувчи йўллар касалликларида қуён гўштини овқат рациони таркибига киритишни тавсия этадилар.

Айниқса, аллерген моддаларнинг камлиги туфайли аллергияга мойил инсонларга жуда фойдалидир.

Мутахассислар қуён гўштини  болалар, ўсмирлар, ҳомиладор ва эмизикли аёллар, кекса ҳамда оғир хасталикни бошидан кечирганларга,  юқори жисмоний юклама билан ишловчилар, космонавт ва спортчиларнинг  овқат рационига   киритиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайдилар.

 М. Собиржонова,

Ҳ. Жабборова, туман «Саломатлик» маркази ҳамширалари.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.