Мустақиллик йиллари юртимизда оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, оилаларда соғлом муҳитни қарор топтиришга эътибор кучайтирилмоқда. Хусусан, болаларни юқумли касалликлардан ҳимоя қилишда эмлашнинг аҳамияти катта ва бу йўналишда кенг кўламли  тадбирлар амалга ошириляпти.

Республикамизда 16 ёшгача бўлган болалар миллий эмлаш тақвими асосида 12 турдаги бошқарилувчи юқумли касалликларга  қарши бепул эмлаб келинмоқда.

Миллий тақвимга кўра, ўз вақтида эмланган болалар, албатта, юқумли касалликлар билан оғримайди.

Ҳозирда миллий эмлаш тақвимига киритилмаган, бироқ эпидемиологик кўрсатмага кўра, жойларда ота-оналар маблағи ҳисобига вирусли гепатит «А» касаллигига қарши эмлаш ишлари олиб борилмоқда.

Эмлаш ишлари шаҳар, туманлардаги поликлиника ва қишлоқ врачлик пунктларида ўтказилади. Эмлаш воситалари, вакциналар вилоят ДСЭНМ томонидан «совуқлик занжири» қоидаларига амал қилинган ҳолда шаҳар ва туманларга етказилмоқда.

Туманимизда иммунопрофилактика тадбирларини соҳа етакчилари томонидан самарали олиб борилиши ҳамда эмлаш қамровининг юқорилиги натижасида кўпгина касалликлар: дифтерия, шол, кўкйўтал, қоқшол, вирусли гепатит В, қизамиқ касалликлари бир неча йилдан буён қайд этилмади.

Юқумли касалликларга қарши курашда эришилган салмоқли ютуқлар айнан эмлаш билан боғлиқдир. Баъзи бир юқумли касалликларни тугатиш истиқболлари ҳам эмлашга асосланади.

Туманда олиб борилаётган иммунопрофилактика тадбирлари самарасини биргина эпидпаротит (тепки) касаллигини йилма-йил камайиш ҳолати билан изоҳлаш мумкин. Яъни  2013 йилда 19 нафар , 2014 йилда 6 нафар касалланиш рўйхатга олинган,бўлса, 2015 йилда эса ушбу касаллик қайд қилинмади. Бу ҳам вақтида эмлаш самарасидир.

Ҳурматли ота-оналар, агар фарзандингизни соғлом, юртига муносиб ўғлон бўлиб камол топишини хоҳласангиз миллий эмлаш тақвими асосида уларни ўз вақтида юқумли касалликларга қарши эмлатиб боришни унутманг.

Н. Бобоев, туман ДСЭНМ эпидемиолог врачи.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.