Геморрагик иситма касаллиги тиб илмининг султони Ибн Сино яшаган даврларда ҳам маълум бўлиб, у халқ тилида «қора ҳалак», «қон кетиш», деб аталган.

Касаллик иситма ва геморрагик белгилар билан, яъни баданга тошма тошиши, қонталашлар кузатилиши ва органлардан қон кетиши билан кечганлиги сабабли «геморрагик иситма» деб номланган.

Табиатда вирус каналардан ҳайвонларга, ҳайвонлардан каналарга ўтиб, вирус айланиб юриш кузатилади.

Қрим-конго геморрагик иситмаси касаллигига қарши чора-тадбирлар нафақат табиий ўчоқли ҳудудларда, балки республика миқёсида амалга оширилишини тақозо этади. Геморрагик иситма касаллиги вируси республикамиз ҳудудига четдан, табиий ўчоқларга эга бўлган давлатлардан кириб келиши хавфи ҳам мавжуд.

 Касаллик вируси билан зарарланган иксод каналарининг чақиши оқибатида одамга юқади. Кана қони жароҳатланган тери ва шиллиқ қаватларга текканида, шунингдек канани қўл билан эзиб  ўлдирганда одамга юқиши мумкин.

Касалликнинг яширин даври 2-6 кун давом этади. Айрим ҳолатларда бу давр қисқариши ёки чўзилиши мумкин.

Иситма, баданларда тошма тошиши, милк, бурун, ошқозон-ичаклардан қон кетиши касалликнинг асосий аломатлари ҳисобланади.

Кана чақишининг олдини олиш учун қуйидагилар тавсия этилади.

-чўл ҳудудларидан, бозорлардан майда ва йирик шохли молларни канага ишлов бермасдан уйга олиб келмаслик;

-молларда кана  аниқланса, дарҳол ветеринария ходимларига мурожаат қилиб, уларнинг тавсияси асосида каналарга қарши ишлов бериш;

-каналарни қўл билан эзиб ва қайчи билан кесиб ўлдирмаслик;

-қирқим мавсумига ёш болалар ва ўсмирларни жалб этмаслик;

-қирқим вақтида фақат махсус кийим (қўлқоп, енг ва почалари мустаҳкам беркиладиган шим, камзул, резина этик) лардан фойдаланиш;

-қирқим пайтида шахсий гигиена қоидаларига пухта амал қилиш зарур.

Агар Сизни кана чақса ёки қўлларингиз кана қони билан ифлосланса, зудлик билан яқин жойлашган даволаш-профиликтика муассасаларига мурожаат этинг.

А. Тожибоев, туман ветеринария бўлими бошлиғи ўринбосари,

А. Эргашев, эпизоотолог,

Н. Бобоев, туман ДСЭНМ эпидемиологи.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.