Инсоният яратилибдики, ўз саломатлиги ҳақида қайғуриб келган. Унинг бирор ери оғриса ёки жароҳатланса шифо истаб табиат неъматларига мурожаат қилган: табиий гиёҳлар илдизларидан, меваларидан, баргларидан, гулларидан, пўстлоқларидан  қайнатмалар, дамламалар, малҳамлар ва бошқалар тайёрлаб, уларни истеъмол қилиб шифо топган.

Бир неча минг йиллар давомида одамлар тажрибада  синалган табобат сирларини авлоддан авлодга ўтказиб келган. Минг йиллар давомида синалган табиат неъматларидан тайёрланадиган даволаш усулларини йиғиб тажрибадан қайта-қайта ўтказиб, одамларга тавсия қилувчи машҳур табиблар, тарих зарварақларида номлари абадул-абад муҳр-ланиб қолган Луқмони Ҳаким, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний номларини фахр билан тилга оламиз.

 

Афсуски, собиқ шўролар даврида халқ табобатига нисбатан камситиб ёндошилди. Натижада табиблар тазйиққа учраб, уларни тажрибалари секин-аста йўқола борди.

Жонажон ватанимиз Ўзбекистонни мустақилликка эришгани туфайли ҳамма соҳалар қатори тиббиёт ҳам тез ривожланмоқда. Ватанимизни ўзида турли-туман дори-дармонлар ишлаб чиқарилмоқда. Тиббиёт муассасалари энг замонавий илғор технологиялар билан таъминланмоқда. Шифокорлар жаҳондаги энг илғор даволаш тажрибаларини ўрганиб, амалиётда қўлламоқдалар. Шу билан бирга халқ табобатига кенг йўл очилмоқда.

Халқ табобати тажрибаларини тўплаб махсус газета-журналларда кенг оммага тавсия қилинмоқда. Ана шу мақсадда машҳур мутафаккир олим, табиб Абу Али Ибн Синонинг китобларини қайта нашр этилиши, замонамиз табиблари Шукур Иргашев, Ҳожи Менгназар Рустам ўғли ва бошқа жуда кўп табиблар китобларидан халқ фойдаланаётгани халқ табобатига кенг йўл очилганидан далолат беради. Табобатга қизиқишим сабаб юртимиз, дунё халқлари табобатидан бохабар бўлишга ҳаракат қиляпман. Қу-йида ўрганган тажрибаларимдан фақат бир шингилини сизларга ҳавола қиламан.

***

ОРТИҚЧА ВАЗНДАН ҚУТУЛМОҚЧИМИСИЗ?

Ҳозирги вақтда семиз кишиларда жуда кўп касалликлар мавжуд бўлиб, уларни бартараф қилишнинг ягона чораси кишиларни оғир юкдан холос қилиш, деб ҳисоблайман.

Агар сиз меъёрдан ортиқ семириб кетишдан азият чекаётган бўлсангиз, қуйидаги халқ табобати тажрибаларидан фойдаланинг.

- Чойга сутни аралаштириб ичинг, фақат унга шакар ўрнига пичоқ учида озгина туз ва бир чой қошиқдан камроқ оддий буғдой уни қўшинг.

- Қайнатилган доғ сув тайёрлаб, ҳар сафар овқатланишдан олдин 2-3 пиёла ичиб олинг.

- Оддий кепакка қайноқ сув қўшиб 30 дақиқа ўраб қўйинг. Истеъмол қилаётган таомингизга 7 кунгача бир чой қошиқдан, 10 кунгача 2 чой қошиқдан 10 кундан кейин 1- 2 ош қошиқдан аралаштириб истеъмол қилинг.

-Уч тўрт кун тузсиз овқатланинг. Бу пайтда бир кунда 15 дақиқа душ қабул қилинг. 15 дақиқа давомида 15 сония совуқ сув, 15 сония иссиқ сув, яна 15 сония совуқ сув, 15 сония иссиқ сув ва ҳоказолар ишлатинг.

-Ётишдан 2-3 соат олдин кечки овқат ўрнига олма, сабзи, помидор ва бошқа мева ва сабзавотлар истеъмол қилинг.

-Нонушта ва кечки овқатдан олдин бир пиёла сувга бир ош қошиқ олма уксуси қўшиб ичинг.

 И. КАРИМОВ,

меҳнат фахрийси.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.